ОЧЛ-2018. "Насаф" билан ўйнаш учун Қаршига келаётган “гепардлар” ҳақида нималарни биласиз?

Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг илк турини Эронда “Персеполис”га қарши ўтказган Қаршининг “Насаф” клуби  2-турда ўз майдонида Бирлашган Араб Амирлигининг “Ал Васл” клубини қабул қилади.

Клуб расмий сайти ушбу муҳим ўйин олдидан “Ал Васл” ҳақида бир қатор қизиқарли маълумотларни тақдим этди.

Тўлиқ номи: “Ал Васл” футбол клуби (Дубай шаҳри, Бирлашган Араб Амирлиги)

Ташкил бўлган йили: 1960 йил

Лақаби: “Гепардлар”

Клуб президенти: Мухаммад Ахмад Бин Фахад

Клуб бош мураббийи: Родолфа Аррауабаррена (Аргентина)

Стадиони: Забел стадиум, Дубай (сиғими: 18000)

Эришган ютуқлари: БАА Про лигасининг 7 карра чемпионати, 2 карра БАА кубоги соҳиби, Форс қўлтиғи чемпионлар кубоги соҳиби.

“Ал Васл” клуби БАА Про лигасининг ўтган 2016/17 йиллардаги мавсумида  2-ўринни эгаллаган ва ОЧЛ-2018да иштирок этиши ҳуқуқини қўлга киритган. БАА Про лигаси 1977 йилда ташкил этилган бўлиб, айни пайтда 14 жамоа чемпионлик учун кураш олиб боради.

“Ал Васл” клуби бу йилги ички чемпионатда 16 учрашувдан сўнг 32 очко тўплаб, турнир жадвалининг учинчи поғонасини эгаллаб турибди. Шунингдек рақибимиз Қаршига келиши олдидан БАА кубогининг чорак финалидаги жавоб учрашувини ҳам ўтказди. Урашувда “Ал Наср” билан куч синашиб, кичик 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди (дастлабки учрашув-2:2) ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

“Ал Васл” жамоасини 2011/2012 йиллардаги мавсумда жаҳон футболининг афсонаси бўлмиш Диего Марадано ҳам бошқарган. Айни пайтда эса унинг ҳамюрти Родолфа Аррауабаррена “Ал Васл”га устозлик қилмоқда.

Жамоа таркибида маҳаллий футболчилар билан бирга, тўрт нафар легионер футболчилар ҳам тўп тепишмоқда. Булар бразилиялик ярим ҳимоячилар Фабио Лима, Роналдо Мендес ва ҳужумчи Кайо Канедолардир. Ярим ҳимоячи Энтони Касерес эса Австралиядан.

Эслатиб ўтамиз, “Насаф”- “Ал-Васл” учрашуви 20 февраль, сешанба куни соат 18:00да Қарши шаҳридаги ”Марказий” стадионда бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!