ОЧЛ. “Насаф” БАА клубларига қарши қандай ўйнаган?

“Насаф” бу йилги ОЧЛ мусобақасида тўртинчи бор иштирок этмоқда. Ўзингизга маълум “аждарлар”, бунгача 2012, 2015 ва 2016 йиллар ҳам Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида кураш олиб борган. 

Клубимиз бу йил ҳам қитъамизнинг нуфузли мусобақасида иштирок этмоқда.

 

“Насаф” 20 феврал куни ОЧЛ-2018 2-тур доирасида БААнинг “Ал Васл” жамоаси билан баҳс юритади.

 

Хўш? “Насаф” бунгача Бирлашган Араб Амирлиги клублари билан қандай ўйнаган? Афсуски, амирликлар клублари билан бунгача бўлиб ўтган баҳсларда, “Насаф” ғалаба қозона олмаган. Тарихга бир назар солиб, БАА клублари билан бўлиб ўтган баҳсларни ёдга оламиз.

 

 

 

2012 йил

 

Жамоамиз шу йили “А” гуруҳида БААнинг “Ал-Жазира”, Қатарнинг “Ар Райян” ва Эроннинг “Истиқлол” жамоалари билан кураш олиб борган.

 

Шу йили 1-тур учрашувини БААнинг “Ал-Жазира” жамоаси билан ўтказди. Ёдингизда бўлса, учрашув 6 март кунига белгиланган эди. Аммо Қаршида кучли қор ёққани туфайли, ўйин бир кун кейин, яъни 7 март куни ўтказилган. Ушбу учрашувда биринчи бўлиб “аждарлар” ҳисобда олдинга ўтиб олган эди. 2-дақиқада Фозил Мусаев тезкор гол муаллифи бўлган. Жамоамизнинг кетма-кет ҳужумлари орқали 18-дақиқада рақиб ўйинчиси Роби ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйган. Бу ҳисобдан руҳланган жамоамиз ҳужум қилишда давом этган, аммо ҳимоядаги сусткашлик натижасида биринчи бўлимда рақиб ўйинчиси Абдуллоҳ гол киритишга муваффақ бўлган. Иккинчи бўлимда эса меҳмонлар яна дарвозамизга учта гол уришиб, 2:4 ҳисобида ғалаба қозонишади. 

ОЧЛ-2012. “А” гуруҳи, 1-тур

“Насаф” – “Ал-Жазира” (БАА)  2:4 (2:1) 

07.03.2012. “Марказий” стадион 

Ҳакам: Чой Маунг Йонг (Ж.Корея)

Голлар: Ф.Мусаев (2), Роби (18 авт) – Абдуллоҳ (39), Муса (68), Баре (75), Оливейра (88) 

“Ал-Жазира” билан жавоб учрашуви 1 май куни Абу Дабида бўлиб ўтган. Унда ҳам рақибимиз ғалаба қозонган. Учрашувда 4:1 ҳисоби қайд этилган. Дарвозамизга биринчи голни 6-дақиқада Баре киритади. Энг эсда қоларли воқеа, дарвозамизга биринчи бўлимнинг ўзида икки марта пенальти белгиланганлиги бўлган. Бу пенальтиларни Оливера голга айлантирган ва яна битта голга муаллифлик қилган. Ҳужумчимиз Илҳом Шомуродов 69-дақиқада учрашувдаги битта голимизга муаллифлик қилади. 

ОЧЛ-2012. “А” гуруҳи, 5-тур 

“Ал-Жазира” (БАА) – “Насаф” 4:1 (3:0) 

01.05.2012. Абу Даби ш., “Мухаммад Бин Заид Стадиум” 

Ҳакам: Питер Грин (Австралия) 

Голлар: Баре (6), Оливера (14 пен., 33, 42 пен.) – И.Шомуродов (69) 

2012 йилги ОЧЛ гуруҳ босқичида жамоамиз 4-ўрин билан кифояланган.

2015 йил 

ОЧЛ-2015да “Насаф” “D” гуруҳида баҳс олиб борган. Жамоамизга гуруҳ босқичида Саудия Арабистонининг “Ал Аҳли”, БААнинг “Ал-Аҳли” ва Эроннинг “Тракторсози” жамоалари рақиблик қилган. 

Бу сафар жамоамизга БААнинг Дубай шаҳридан “Ал-Аҳли” жамоаси рақиб бўлган. Жамоамиз бу рақиб билан гуруҳ босқичининг 3 ва 4-турларида туқнаш келади. 

Дастлабки ўзаро учрашув  2012 йил 18 мартда Дубай шаҳридаги “Ал Рашид” стадионида бўлиб ўтади. Ушбу учрашувда дарвозалар даҳлсизлиги сақланиб қолган, яъни голсиз дуранг қайд этилган. 

ОЧЛ-2015. “D” гуруҳи, 3-тур 

“Ал Ахли” (БАА) – “Насаф” 0:0 

18.03.2015. Дубай ш., “Ал Рашид” стадиони 

Ҳакам: Муҳаннад Қосим Ироқ 

Аммо “Насаф” 7 апрел куни ўз майдонида ўтказган жавоб учрашувида рақибига кичик 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйган. Аммо жамоамиз шу йили БАА клубига қарши муносиб ўйин кўрсатганига гувоҳ бўламиз. 

ОЧЛ-2015. “D” гуруҳи. 4-тур 

“Насаф” – “Ал Аҳли” (БАА) 0:1 (0:0) 

07.04.2015. “Марказий” стадион 

Ҳакам:  Ким Жон Хьёк (Ж.Корея) 

Гол: Рибейро (81). 

2015 йилги ОЧЛ гуруҳ босқичида “Насаф” 3-ўринни эгаллаган.

2016 йил 

2016 йилги Осиё чемпионлар лигасида жамоамиз яна “D” гуруҳида баҳс юритади. Гуруҳда Қатарнинг “Ал Жаиш”, БААнинг “Ал Аин” ва Саудия Арабистонининг “Ал Аҳли” жамоалари бизга рақиблик қилган. 

Шу йили “Насаф” БААнинг энг кучли клуби “Ал Аин” билан туқнаш келади. Мазкур жамоалар ўртасида гуруҳнинг 5-тур учрашуви 2016 йил 19 апрел куни Қаршида бўлиб ўтади. Унда 1:1 ҳисоби қайд этилган. Учрашувдаги жамоамизнинг ягона голини 1-дақиқада Мақсуд Каримов киритган. 32-дақиқада эса Асприлло жавоб қайтарган эди.

ОЧЛ-2016. “D” гуруҳ, 5-тур

“Насаф” – “Ал Аин” (БАА) 1:1

19.04.2016. “Марказий” стадион

Ҳакам: Ким Дон Жин (Ж.Корея)

Голлар: М.Каримов (1) – Асприлло (32)

ОЧЛ-2016 гуруҳ босқичининг 6-турида “Насаф” Дубай шаҳрида “Ал Аин” меҳмони бўлади. Учрашув 3 май куни бўлиб ўтган. Афсуски бу учраувда “Насаф” 2:0 ҳисобида мағлуб бўлади. Учрашувдаги голларга Асприлло ва Ахмадлар муаллиф бўлишган.

ОЧЛ-2016. “D” гуруҳи

“Ал Айн” (БАА) – “Насаф” 2:0 (1:0)

03.05.2016. Ал-Айн ш., “Хазза Бин Заид” стадиони

Ҳакам: Минору Тойо (Япония)

Голлар: Асприлло (39), Ахмад (90)

2016 йилги гуруҳ босқичида жамоамиз 4-ўринни эгаллаган.

Умид қиламизки, “Насаф” бу сафар “қора анъанаси”га барҳам беради ва бўлажак учрашувда ғалаба қозонади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!