АПЛ жамоаларидан эрта ҳайдалган 11 мураббий

Уельснинг "Суонси" жамоаси бу мавсум мухлисларини бироз "ранжитиб" қўймоқда. Мавсум энди ярмига келганида "оққушлар" раҳбарияти мавсумдаги иккинчи мураббийга ҳам чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйди. Қизиғи эса жамоага Гвидолиннинг ўрнига таклиф этилган Боб Брэдли ҳам қониқарсиз натижалар сабаб 12 ўйиндан кейиноқ клуб бошқарувидан кетди. Қуйидаги мақоламиз орқали худди ақшлик мураббий сингари жуда тез ишдан олинган АПЛ мураббийлари билан танишишингиз мумкин бўлади.

Терри Коннор("Вулверхэмптон")

АПЛдаги ўйинлари сони: 13(24 апрель 2012 - 30 июнь 2012)

Мик Маккарти "Вулверхэмптон" бошқарувидан олингач, унинг ўрнини Терри Конор эгаллади. Ирландиялик мутахассиснинг ўнг қўли бўлган Конор "бўрилар"ни мавсум якунига қадар бошқаришга рози бўлади. Бироқ англиялик мураббийнинг ишлари Маккартиникиданда ортга кетиб, 13 та ўйиннинг бирортаси "Вулверхэмптон"нинг ғалабаси билан якунланмайди.

Рене Меленстен("Фулхэм")

АПЛдаги ўйинлари сони: 13(1 декабр 2013 йил - 14 февраль 2014 йил)

Алекс Фергюсоннинг ёрдамчиларидан бири бўлган Меленстен бир вақтлар Одил Ахмедовга мураббийлик қилганини кўпчилик эсласа керак. "Анжи"дан сўнг голландиялик мутахассис Лондоннинг "Фулхэм" клубини бошқаради. Мартин Йолнинг ўрнига келган Рене Меленстен жамоаси дастлабки 7 ўйинда ғалаба қозонган бўлсада, жамоанинг кейинги ишлари ортга "кетган" эди.

 

Крис Хатчингс("Бредфорд")

АПЛда ўтказган ўйинлари сони: 12(18 июн 2000 - 6 ноябр 2000)

Хатчингс Пол Жуелльнинг ассистенти эди. Илк мавсум бу икковлон "Бредфорд"ни АПЛда олиб қолишга муваффақ бўлган эди. Кейинги мавсум эса Жуелль жамоани тарк этди ва раҳбарият Хатчингсга ишонч билдирди. Ушбу ишонч қанчалик ўзини оқлаганини Хатчингснинг 12 та ўйиндан сўнг истеъфога чиқарилгани кўрсатиб турибди.

 

Крис Хатчингс("Уиган")

АПЛдаги ўйинлари сони: 12(14 май 2007 - 5 ноябр 2007)

Яна Жуелль - Хатчингс дуети. Фақат бу сафар улар ишлаган жамоа "Бредфорд" эмас, балки "Уиган эди. Пол Жуелл ўз одатига кўра жамоани кучлилар сафида сақлаб қолгач, клубни тарк этади. Унинг ўрнини эгаллаган Крис Хатчингс бошлиқ "Уиган" янги мавсум стартини ажойиб бошлаб, 4 ўйиндан сўнг мусобақа жадвалида 3-ўринда бораётган эди. Лекин жамоа қолган 8 беллашувнинг фақат иккисида ғалаба қозонди ва яна "out".

 

Пауло Ди Канио("Сандерленд")

АПЛдаги ўйинлари сони: 12(31 март 2013 - 22 сентябр 2013)

Ди Канио ҳам дастлабки вазифа - АПЛда қолишни муваффақиятли бажарди. Аммо кейинги мавсум старти "қора мушуклар" учун жуда омадсиз бошланди. Дастлабки 5 учрашувда бир очкони қўлга киритган "Сандерленд" базасидан мураббий ва футболчилар ўртасидаги совуқ муносабатлар ҳақидаги хабарларни вазиятни янада чигаллаштирган эди. Оқибатда клуб раҳбарияти Ди Каниони истеъфога чиқаришдан ўзга чора топа билмади.

 

Ян Доуи("Чарльтон Атлетик")

АПЛдаги ўйинлари сони: 12(30 май 2006 - 13 ноябр 2006)

"Кристал Пелас"ни ташлаб "Чарльтон"га келган Доуи учун янги мавсум жуда муваффақиятсиз бошланди. Таркибида Жимми Флойд Хасселбайнк бўлган "Чарльтон" 12 учрашувнинг иккисидагина 3 очко олишга эришади ва қарабсизки, Доуи ҳам "out".

 

Семми Ли("Болтон")

АПЛдаги ўйинлари сони: 11(30 апрел 2007 - 17 октябр 2007)

"Кичик Сем" лақабига эга бўлган ушбу мутахассис "катта Сем", яъни Сем Эллардайснинг ўрнига келган эди. Ли бошқарувидаги "Болтон" 2007/08 йилги мавсумни омадсиз бошлаб, дастлабки 11 та ўйинда фақат бир бор ғалаба қозонади ва "кичик Сем" истеъфога чиқарилади. Унинг ўрнини эгаллаган Гарри Мегсон бир амаллаб клубни элитада қолдиришга эришади.

 

Жак Сантини("Тоттенхэм" )

АПЛдаги ўйинлари сони: 11(18 июнь 2004 - 5 ноябр 2004)

2002 йилнинг Франциянинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилган Сантини 2004 йил "Тоттенхэм"ни қабул қилиб олади. Бироқ у "шпорлар" бошқарувида узоқ қолмайди. Франциялик мутахассис "Тоттенхэм"дан кетган маҳал, жамоа АПЛда энг кам гол ўтказганлар қаторида турганини таъкидлаш жоиз.

 

Боб Брэдли("Суонси" )

АПЛдаги ўйинлари сони: 11(3 октябр 2016 - 27 декабр 2016)

АҚШлик мураббий қўл остида "Суонси" томошабоп ўйин намойиш этиб келмоқда эди. Айниқса жамоа "Кристал Пелас" устидан қозонилган иродали ғалаба кўпчилик мухлисларнинг ёдидан бутун умрга кўтарилмаса керак. Бироқ мухлисларнинг талаблари билан америкалик клуб раҳбарлари ўз ҳамюртини ишдан олишга мажбур бўлди.

Лес Рид("Чарлтон Атлетик")

АПЛдаги ўйинлари сони: 7(14 ноябр 2006 - 24 декабр 2006)

Юқорида ёзганимиз -Доуининг ёрдамчиси бўлган Рид унинг ўрнини эгаллайди. Унинг мустақил ишлаш кўникмасига эга эмаслиги сабабли жамоа Лига кубогида 4-дивизионда тўп сурувчи "Уикомб"дан енгилган бўлса, рождествога икки кун қолганида "Мидлсбро"дан мағлуб бўлади. Ушбу натижалардан тоқати-тоқ бўлган клуб раҳбарияти Лес Ридни ишдан олади.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!