“Арсенал” футболчилари автобусдан тўғри тушишни ҳам эплолмади(фото ва шарҳ)

4 август,2017, 00:17 917

“Арсенал” футболчилари автобусдан тўғри тушишни ҳам эплолмади(фото ва шарҳ)

Россия Премьер-Лигаси тартиб-интизом қўмитаси Туланинг “Арсенал” жамоасини стадионга етиб келгач, автобусдан тушиш жараёнида қўйган қоидабузарлиги учун жаримага тортди.

Бундай хабар рус ОАВда 26 июль куни пайдо бўлди.

“Футболчилар стадионга келгач, фақатгина автобуснинг олдинги эшигидан тушишлари лозим. Тулаликлар эса дуч келган эшикдан тушиб кетишди. Биз шунинг учун “Арсенал”ни 10 минг рубл миқдоридаги жаримага тортдик”, – деб айтиб ўтди тартиб-интизом қўмитаси раиси Артур Григорянц.

Регламентда нима ёзилган?

Турнир регламентида ҳақиқатдан ҳам шундай банд мавжуд. Унга кўра, футболчилар стадионга етиб келгач, автобуснинг олдинги эшигидан 3-5 секунд вақт оралиғида тушишлари лозим.

Футболчи ва мутахассисларнинг бунга муносабати

“Менга регламентнинг ушбу банди халигача тушунарсиз бўлиб келмоқда. Кўпчилик билмайди, автобусда 20-30 та футболчи ва 10 нафар клуб персоналлари келишади.  Шунча одамнинг бир эшикдан тушиши ноқулайлик туғдиради. Бундай амалиёт Конфедерациялар Кубогида ҳам, ЕЧЛда ҳам, қолаверса ЕЛда ҳам қўлланилмайди”.

Владимир Габулов(“Арсенал” клуби дарвозабони)

 


“Нега регламентни тузувчилар жамоалар билан маслаҳатлашишмайди. Биринчидан, ҳар бир инсон ўйинга турлича тайёрланади. Иккинчидан, 30 та одам регламентда келтирилган тарзда автобусдан тушадиган бўлишса, бир қанча вақтни зое ўтказишади. Бу эса машғулотлар учун кетадиган вақтнинг камайишига олиб келади. Бундай қоида бизга нимага керак?

Жамоа қандай хохласа, шундай чиқади. Тасвирга тушириш керак экан, камералар сонини ва мухбирлар сонини оширишсин. Бунақанги қоида ЕЧЛда ҳам йўқ-ку ахир”.

 

Дмитрий Балашов(“Арсенал” клуби бош директори)

Эндиликда, тулаликлар регламентни ўзгартиришни сўраб, РФПЛга мурожаат этишди. Бироқ тартиб-интизом қўмитаси “Арсенал”ни ушбу банд бўйича яна бир бор жаримага тортди. Бу сафар “Футболcилар автобуснинг олди эшигидан тушмаганлиги сабаб сифатида кўрсатилган”. Бунинг “натижаси” ўлароқ жамоа яна 20 минг рубл миқдорида жаримага тортилди.

РФПЛга юборилган мурожаатга эса хамон жавоб қайтарилганича йўқ.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади