Ашхобод-2017. Курашчиларимиз сермаҳсуллик кўрсатишди

Туркманистон пойтахтида давом этаётган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларининг бешинчи куни Ўзбекистон делегацияси учун ҳар жиҳатдан самарали ва унумли бўлди.

Бунга қадар спортчиларимиз медаллар жамғариш масаласида мезбонлардан сўнг Эрон, Қозоғистон, Хитой, Таиланд, БАА, Ҳиндистон делегацияларини олдинга ўтказиб юбориб умужамоа ҳисобида саккизинчи ўринга жойлашиб олишганди. Бешинчи кунги беллашувларда терма жамоамиз аъзолари 4 та олтин, 7 та кумуш ва 7 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумий 57 та медаль билан кучли учликка кўтарилиб олишди.

Тўртта медалдан учтасини делегациямиз ҳисобига белбоғли курашнинг классик усулида гиламга чиққан полвонларимиз келтирган бўлсалар, яна битта олтин миллий спортимиз -Кураш бўйича беллашувларда қўлга киритилди.

Белбоғли кураш беллашувларида бу сафар полвонлар классик усулда ўз омадларини синаб кўришди. Финал баҳсларига етти нафар ҳамюртимиз етиб келди. Улардан учтаси ҳал қилувчи баҳсда ғалаба қозониб олтин медалларга сазовор бўлди. Тўрттаси эса кумуш медаль билан кифоляланди.

Эътиборлиси, чемпионликни тантана қилган уччала спортчимиз ҳам финалда мезбонлар устидан зафар қучишди. Вазни 70 килограммгача бўлган спортчилар баҳида Хусниддин Рўзиев туркманистонлик Хангелди Аллаковни, - 90 кг. вазн тоифасида Обидали Мавлонов мезбонларнинг яна бир вакили Овазгелди Бердиевни, энг оғир вазндаги полвонимиз Шерзод Раҳимов эса Ахал Балларовни таслим қилиб шоҳсупанинг энг юқорисига кўтарилишди.

Кечадан шунингдек, кураш бўйича беллашувлар ҳам старт олди. Миллий спортимиз бўйича ташкил этилган баҳсларнинг биринчи кунида уч нафар ҳамюртларимиз ўз омадларини синаб кўришди. Рината Илматова (+87 кг.), Раҳима Йўлдошева (-87 кг.) ва Искандар Ҳакимжонов (-60 кг.)лар орасида фақатгина Раҳима Йўлдошева финалга қадар етиб келди. Ҳал қилувчи баҳсда Раҳима туркманистонлик Ширин Кубаевани мағлуб этиб олтин медалга эга чиқди.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, белбоғли курашнинг классик йўналишида тўрт нафар вакилимиз кумуш медалга сазовор бўлди. – 50 кг. вазн тоифасида Шаҳзода Эргашева кеча мусобақадаги учинчи кумуш медалини қўлга киритди. Бунга қадар анъанавий ва белбоғли курашнинг эркин усулларида иккинчи ўринни эгаллаган Шаҳзода бу сафар белбоғли курашнинг классик йўналишида ҳам кумуш медалига лойиқ кўрилди.

-65 кг. вазн тоифасидаги қизимиз Дилафруз Мамажонова Осиё ўйинларида иккитадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритиб улгурди. Кеча Дилафруз финалда мезбон спортчи Гулнар Хайитбаевага имкониятни бой бериб делегациямиз ҳисобига навбатдаги кумуш медалини қўшиб қўйди. Шунингдек, Исломжон Қўлдошев (-100 кг.) ва Элдор Неъматов (-80 кг.)лар кечаги баҳслар якунига кўра шоҳсупага кўтарилиб, кумуш медалини қўлга киритишди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!