Атоқли полвонимиз Олимпиада чемпионини тайёрламоқчи (фото)

17 июль,2017, 21:19 1483

Атоқли полвонимиз Олимпиада чемпионини тайёрламоқчи (фото)

 

Рамзиддин Саидов дзюдо бўйича мамлакатимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилган атоқли полвонларимиздан. У дзюдо бўйича Осиё чемпиони ва Осиё ўйинлари совриндоридир.

Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон терма жамоаси сафида муваффақиятли фаолият олиб борган Рамзиддин Саидов бугунги кунда ҳам мураббий, ҳам ҳакам сифатида ишламоқда. Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штабидан ҳам жой олган.

SPORTS.uz ахборот портали машҳур дзюдочи билан суҳбатлашди.

- Рамзиддин дзюдодан кетганингиз ростми?

- Йўқ. Мен ҳозир татамида курашмаяпман холос. Буни дзюдодан кетиш, деб бўлмайди. Мен ҳакам сифатида ишлаяпман. Ҳозиргача дзюдо бўйича бешта мусобақада ҳакамлик қилдим. Шулардан иккитаси халқаро турнирлар.

- Қийинчилик йўқми?

- Айтарли қийинчилик йўқ. Бироз ҳаяжон бор. Чунки ҳакам хато қилмаслиги керак. Ўзимиз ҳам курашганмиз ва ҳакам хатосининг оқибатларини яхши биламиз. Ҳозирча, ҳамма ишим режа асосида кетяпти.

Ҳакам сифатида ҳам Ўзбекистон байроғини жаҳонга танитиш ниятим бор. Аслида реферилик қилишнинг кураш тушишдан кам жойи йўқ. Унинг ҳам ўзига яраша ҳаяжони ва масъулияти бор.

- Олимпиада медали сизга армон бўлиб қолдими?

- Ҳа, шундай. Саломатлигим панд берган пайтлар бўлди. Ниятимга етолмадим. Тақдир экан.

Лекин ҳозир ёш дзюдочиларни тайёрлаяпман. Мен кўп йиллардан буён дзюдо оламида юрипман. Келажак авлодга ўргатадиганларим кўп. Балки шогирдларим орасидан Олимпиада медалчилари чиқар. Уларнинг ютуғини ўзимникидай қабул қиламан. Айниқса, ўғилларим Азмиддин ва Мустафодан умидим катта.

Мен татамида курашмаётган бўлсам-да, дзюдо бутунлай ташлаб кетолмайман.

- Ҳаётингизда кимлар муҳим роль ўйнаган?

- Аввало ота-онам. Улар биз учун борини берган. Уларнинг дуолари билан бугунги даражага етдик.

Қолаверса, устозларим - Рустам Тўраев, Фарҳод Тўраев, Армен Багдасаров, Андрей Штурбабин, Мансур Жумаев доимо мени қўллаб келишган. Улардан ҳам миннатдорман.

- Бу йилга режалар қандай?

Тошкентда бўладиган Гран-прида ҳакамлик қиламан. Бу мен учун катта синов. Чунки бу илк нуфузли мусобақа бўлади.

Дзюдо қайтишим ҳам мумкин. Бу режада бор. Ўзимга яраша мақсадларим ҳам йўқ эмас. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

- Рамзиддин, ҳакамлик ва мураббийлик ишида омад тилаймиз. Сизни татамига чиқишингизни интизорлик билан кутамиз...

 

 

SPORTS.uz