БОКС: БУНАҚА НАТИЖА ҲАЛИ БЎЛМАГАН

  • 7 сентябрь, 2017, 11:03
  • 0
  • Бокс

Германиянинг Гамбург шаҳрида ўтказилган спорт мавсумининг энг нуфузли мусобақаси – бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари битта олтин, учта кумуш ва иккита бронза медални  қўлга киритди.

Аслида бу жаҳон чемпионати боксчиларимиз зиммасига ўтган йили Риодаги Олимпия ўйинлари ва бу йил Тошкентдаги Осиё чемпионатида қўлга киритилган тарихғий натижалар тасодиф эмаслигини исботлаш вазифасини юклаган эди. Чунки кейинги пайтда ўзбек бокс мактабти тарбияланувчилари қайд этаётган натижалар ҳаммани лол қолдираётгани бор гап.

Албатта, мамлакатимиз боксчилар доимо кучлилар сафида қайд этилган. Бироқ, ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталарининг ҳозирги авлодини тарихдаги энг кучлиси, деб аташга тўла асос бор.

Бу фикримизга яна сўнгги Олимпиада ва Осиё чемпионатини далил қилишимиз мумкин. Чунки бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасим ҳеч қачон мазкур нуфузли мусобақаларда бу қадар юксак натижаларни қайд этмаган.

Ўз ўрнида боксчиларимизнинг юқори натижалари йил давомида миллионлар ўйини – футболдаги мағлубиятлардан оғриган дилларга малҳам бўлгани ҳам рост. Кўплаб футбол мухлислари энди боксчиларни ҳам қўллаб-қувватлай бошлаганини инкор этиб бўлмайди. Бугун Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳрам Ғиёсов, Элнур Абдураимов, Бектемир Мелиқўзиев, Исроил Мадримов каби чарм қўлқоп усталарининг машғурлиги, обрў-эътибори Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов, Виталий Денисов каби футбол юлдузлариникидан кам эмас.

Албатта, бу оддий фикрлар эмас, балки ижтимоий тармоқларда мухлислар билдираётган фикр-мулоҳазалар маҳсулидир.

Энди бевосита Германиядаги жаҳон чемпионати ҳақида тўхталсак, боксчиларимизнинг бу авлоди қайд этган натижа илгари кузатилмаганига амин бўламиз. Жами олтита медаль жамғарган терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Бунгача бунақаси бўлмаган. Ўзбекистон бокс терма жамоасининг аввалги энг юқори натижаси 2001 ва 2009 йиллардаги жаҳон чемпионатларида умумжамоа ҳисобидаги учинчи ўрин бўлган.

 Умуман олганда, 1993 йилдан буён бокс бўйича жаҳон чемпионатларида қатнашаётган Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари жами еттита олтин, 13 та кумуш ва 16 та бронза медалга сазовор бўлган.

Аслида Германиядаги жаҳон чемпионатида боксчиларимизнинг медаллари сони ва салмоғи бунданда юқори бўлиши мумкин эди. Лекин Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси кейинги пайтда кўп танқид қилинаётган ҳакамлик масаласидаги камчиликларга тўла барҳам беролмагани спортчиларимизга панд берганини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, Исроил Мадримов америкалик Трой Ислей, Бектемир Мелиқўзиев ирландиялик Жо Вард, Ҳасанбой Дўсматов кубалик Йоанис Аргилаго билан бўлган жангларда устунлик қилган бўлса-да, ҳакамлар ғалабани рақиб томонга беришди.

Шундай бўлса-да, ўзбек боксчиларнинг аксарияти ҳали ёш бўлишига қарамай, ўзбек бокс мактаби услуби – ажойиб техника, мустаҳкам ҳимоя, кучли, тезкор ва аниқ зарбаларга асосланган жанг усули билан кўплаб  мухлису мутахассислар қалбидан жой олди.

Ҳатто, 69 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган ҳамюртимиз Шаҳрам Ғиёсов AIBAнинг “Тwitter” ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида ўтказилган сўровнома натижасига кўра, дунёнинг энг яхши боксчи, деб тан олингани ҳам аслида ким зўрлигини кўрсатиб турибди.

Мазкур сўровномада иштирок этган овоз берувчиларнинг 56  фоизи Шаҳрамни энг яхши, деб қайд этган. Кейинги ўринда қайд этилган жаҳон чемпионлари – украиналик Олександр Хижняк 17 фоиз, кубалик Жулио Сезар Ла Круз 15, франциялик Суфьян Умиха 12 фоиз овоз олди.

 SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!