Европа лигаси. "Зенит"нинг иродаси драматик тарзда барбод бўлди

 

Драматик футбол учрашувлари нафақат Европа чемпионлар лигасида, балки Европа лигасида ҳам кузатилиб туради. Бироз аввал якунига етган “Зенит” ҳамда “Андерлехт” жамоалари ўртасидаги баҳс грециялик бош ҳакам Анастасиос Сидиропулос финал ҳуштагига қадар мухлисларни ҳаяжонда ушлаб тура олди.

Брюссельда ўтказилган дастлабки учрашув “Андерлехт” вакилларининг 2-0 ҳисобидаги ғалабаси билан ўз якунига етган эди. Шу сабабли “Петровский” стадионига ташриф буюрган белгияликлар илк дақиқаларданоқ ҳимоявий ўйин кўрсата бошлашди. Бироқ “Зенит” аъзоларининг кетма-кет ҳужумлари рақибларни довдиратиб қўйди ва бўлим ўрталарида ҳисоб очилди. 24-дақиқада чап қанотдан Артём Дзюба томон етказиб берилган тўпни 28 ёшли ҳужумчи дарвоза томон йўллашга деярли ожиз қолди, бироқ унинг тасодифий тўп узатмаси Жулианога бориб тушди ва ушбу вазиятда бразилиялик ярим ҳимоячи Рубен Мартинес ва ҳимоячиларни ажойиб тарзда доғда қолдира олди ва дарвоза ишғол этди.

Аммо бу гол Санкт-Петербург жамоаси учун етарли эмас эди. Энг камида умумий ҳисобни тенглаштириш учун майдонга тушган “зенитчики” 72-дақиқада учрашувдаги иккинчи голни киритишди. Зенитнинг узоқ давом этган комбинацион ҳужумини биринчи голга ассистентлик қилган Артём Дзюба муаллифлик қилди. Орадан 6 дақиқа ўтгач, стадионга ташриф буюрган маҳаллий мухлислар орзиқиб кутган гол “Андерлехт” дарвозасидан ўрин олди. Эътиборли жиҳати ушбу голда ҳам Жулиано – Дзюба жуфтлиги аъло даражадаги ишни амалга оширди. Ўнг қанотдан рақиб ҳимоячисини алдаб ўтган Дзюба жарима майдони ичида турган Жулианони тўп билан таъминлади. 26 ёшли ярим ҳимоячи эса деярли очиқ қолган дарвозани осонликча нишонга олди ва нимчорак финал чиптасини деярли нақд қилиб қўйди.

Бироқ бу ҳаммаси эмас. Ғалабадан “сармаст” бўлишга ўрганиб қолган руслар, 90-дақиқада ўз дарвозаларидан қандай қилиб тўп ўтказиб юборишганини сезмай ҳам қолишди. “Зенит” жарима майдонида Брэм Нюйтинк тўпни боши билан шериги Исаак Телинга етказиб берди. Голландиялик ҳимоячининг дарвоза томон бош билан йўллаган аниқ зарбасини дарвозабон Юрий Лодигин фақатгина томоша қилишга улгуриб қолди холос. Шундай қилиб “Зенит” клуби Европа лигасининг ушбу мавсумидаги иштирокини 1/16 финал босқичида якунлади.


Зенит (Россия) – Андерлехт (Белгия) 3:1 (1:0, 2:1)

Дастлабки учрашув: 0:2

Голлар: 1:0 – 24 Жулиано, 2:0 – 72 Дзюба, 3:0 – 78 Жулиано, 3:1 – 90 Телин.


Зенит: Лодигин, Кришито, Нету, Анюков, Маурисио, Жирков, Жулиано, Гарсия, Данни (Мак, 89), Кокорин, Дзюба.

Андерлехт: Мартинес, Десхахт, Спайич, Обрадович, Нахар, Тилеманс, Дендонкер, Кипчу (Нюйтинк, 84), Станчу (Бруно, 73), Ачимпонг (Капель, 89), Телин.

Огоҳлантиришлар: Тилеманс (29), Нету (31), Гарсия (41), Ачимпонг (81), Дендонкер (90), Лодигин (90).

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!