Фарҳод Бекмуродов: Бахтиёр Ашурматов кетмаганида камида “Андижон” Олий лигада қолган бўларди

Мамлакатимизда бу йилги футбол мавсуми якунланганига ҳам унча кўп бўлмади. Айтиш керакки, ортда қолган чемпионат кутилмаган воқеаларга бой ўтди дейиш мумкин.

Мавсумни яхши ниятлар билан бошлаган “Андижон” футбол клуби афсуски якунда Олий лига билан ҳайрлашди. Аммо, жамоада бир қатор ёш ва иқтидорли маҳаллий футболчилар мухлис ва мутахассисларнинг эътиборига тушди. Бугунги суҳбатдошимиз Фарҳод Бекмуродов ҳам ана шундай футболчилардан биридир.

Ортда қолган мавсумда 22 ёшли ярим ҳимоячи жами 31та учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига 1та гол ва 2та голли узатма ёздириб қўйишга эришди.

Sports.uz нашри мухбири истеъдодли футболчи билан суҳбат уюштирди. Андижонлик футболчи интервью давомида бу йилги мавсум ва келажак режалари ҳақида гапириб берди.

        

  • Мавсум аввалида “Андижон” жамоаси ўз олдига қандай мақсад қўйган эди?
  • Очиғи, мавсумни яхши ниятлар билан бошлаган эдик. Жамоа олдига аутсайдерлар қаторидан чиқиш ва камида кучли 10таликдан жой олиш вазифаси қўйилган эди. Афсуски, якунда омадсизликка учрадик ва элитани тарк этишга мажбур бўлдик.
  • Чемпионат бошини “бургутлар” Бахтиёр Ашурматов қўл остида бошлади. Бироқ, кўп ўтмай, аниқроғи биринчи давра якунланмай туриб у истеъфога чиқарилди. Нима деб ўйлайсиз, агар Ашурматов кетмаганида, жамоа ҳозир қандай натижа қайд этган бўлар эди?
  • Тўғрисини айтсам, мураббийни тезтез алмаштириш жамоани жарликка олиб келади. Боиси, ҳар бир мураббийнинг ўз тактикаси бор. Шундай экан, эскиси кетиб, янгиси келгани фақатгина футболчиларга қийинчилик туғдиради. Агар, Бахтиёр Ашурматов жамоадан кетмаганида, энг камида “Андижон” Олий лигада қолган бўларди деб ҳисоблайман
  • Ўтган мавсум “Андижон” сафида тўп сурган легионерлар ҳақиқатдан ҳам маҳаллий футболчилардан устунмиди?
  • Одатда солиштиришни ёқтирмайман. Аммо, айтишим керакки, жамоамизда ўйнаган легионерлар ўзимизнинг футболчилардан ҳеч бир жиҳатда устун эмас эдилар. Барчаси молиявий томонларга бориб тақалади. Чунки, яхши легионер сотиб олиш учун яхшигина пул сарфлаш керак.
  • Андижонлик мухлислар ҳақида нималар дея оласиз?
  • Андижонда футболни севишади. Уларни Ўзбекистонда тенгсиз деб биламан. Бундай мухлислар энг яхшисига муносиб. Аммо, уларнинг ишончини оқлай олмаганимиздан афсусдамиз. Вақти келиб Андижонда футбол юқори поғоналарга кўтарилади. Бунга ишонаман.
  • Танқид футболчини синдириши ёки аксинча уни янада кучлироқ бўлишга сабаб бўлиши мумкин. Сизга танқид қандай таъсир қилади?   
  • Албатта, танқидлардан тўғри ҳулоса чиқариш керак, агар у тўғри маънода бўлса. Аслида футбол мухличлар учун ўйналади. Футболчи ҳам айни шунинг учун майдонда тер тўкади. Бироқ, ҳар доим ҳам ўзингиз ҳохлагандек ўйин намойиш эта олмайсиз. Ана шундай ҳолатларда баъзи ишқибозларнинг куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилишлари ҳар бир футболчига ёқмаслиги табиий.
  • Келажакдаги режаларингиз ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз. Янги мавсумни ҳам “Андижон” сафида ўтказасизми ёки бошқа жамоалар таклифини қабул қиласизми?
  • “Андижон” клуби билан яна бир йиллик шартномам бор. Лекин, янги мавсумни кучлилар сафида ўтказишни ҳохлардим. Айтишим мумкинки, Олий лиганинг бир нечта жамоаларидан жиддий таклифлар бўлмоқда.
  • Янги йил ҳам яқинлашмоқда. Фурсатдан фойдаланиб кимларга миннатдорчилик билдирган бўлардингиз?
  • Фурсатдан фойдаланиб, Олий лигада ўз номимга эга бўлишимда бевосита ёрдам берган ва менга ишонч билдирган Бахтиёр Ашурматовга, ўзининг қимматли маслаҳатларини аямаган Виталий Легайга ҳамда бизни доим руҳлантириб турган ва далда берган Маъруф Абдисаломовга ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман. Қолаверса, бутун мавсум давомида мен билан елкадош бўлиб, бир сафда турган барча жамоадошларимга раҳмат айтаман.
  • Мазмунли ва мароқли суҳбатингиз учун раҳмат. Sports.uz нашри сизга келажакдаги ишларингизга омад тилаб қолади.
  • Раҳмат.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!