Фазлиддин Ғоибназаровнинг бўлажак рақиби ҳақида нималарни биласиз?

  • 29 сентябрь, 2017, 17:13
  • 0
  • Бокс

Профессионал рингда муваффақиятли юришини давом эттираётган Рио Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров (3-0, 0) ўзининг навбатдаги жангини жорий йилнинг декабрь ойида ўтказадиган бўлди.

9 декабр кунига мўлжалланган бокс кечасида ҳамюртимиз анчайин тажрибага эга бўлган 35 ёшли россиялик Андрей Климов билан куч синашади. Жанг Нью-Йоркдаги афсонавий “Madison Square Garden” аренасида ташкил қилинади. Климов 2009 йили профессионал фаолиятини бошлаган ва шу вақтгача 23 та жанг ўтказиб, 19 ғалаба (9 нокаут) ва 4 мағлубият қайд этган. У фаолияти давомида Жаҳонгир Раҳимов, Аббос Анваров ва Бобир Норматов сингари боксчиларимиз билан тўқнаш келган ҳамда ғалаба қозонган.

Бундан ташқари Климов 2013 йили жаҳон боксининг кўзга кўринган вакилларидан бири америкалик Теренс Кроуфорд билан учрашган ва мағлубиятга учраган. Теренс айни дамда биринчи ярим ўрта вазн тоифасида WBC, WBA, IBF, WBO камарлари соҳиби ҳамда The Ring етакчиси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Фазлиддин сўнгги жангда мексикалик Виктор Росасни таслим қилган бўлса, олдинроқ Виктор Васкез ва Агустин Маурасни мағлубиятга учратганди.

Ушбу бокс кечасининг яна асосий қарама-қаршилиги дея эътироф этилаётган беллашувида украиналик Василий Ломаченко (9-1, 7 КО) иккинчи енгил вазн тоифасида WBA чемпионлик камари соҳиби кубалик Гильермо Ригондо (17-0, 11 КО) билан тўқнашади. Боксчилар ушбу жангда биринчи енгил вазн (59 кг) тоифасининг WBO чемпионлик титули учун кураш олиб боришади. Ҳозирда бу камар Ломаченкога тегишли.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!