Гвардиола бошқарувида ўз дарвозасидан 4та гол ўтказиб юборган жамоалар. ТОП-5

Хабарингиз бор, Англия чемпионати 15-турида Хосеп Гвардиола бошқарувидаги “Манчестер Сити” жамоаси ўтган мавсумда Англия чемпиони бўлган ва бу мавсумда у қадар ишлари юришмаётган “Лестер” билан ўзаро куч синашди ва қизиқарли тарзда ўтган ўйинда “тулкилар” меҳмонларга ҳеч қандай имконият қолдирмади – 4:2. Биз шу муносабат билан Гвардиола бошқарувидаги жамоалар (“Барселона”, “Бавария” ва “Манчестер Сити”) қачон ўз дарвозаларидан 4 та гол олиб чиққанлигини эслашга ҳаракат қилиб кўрдик.

01.03.2009
“Атлетико” 4-3 “Барселона” (Ла Лига)
Голлар:
Форлан (32, 79 пенальти), Агуэро (56, 88) – Анри (18, 73), Месси (30)

2009 йил баҳор фаслининг илк куни бўлиб ўтган ўйинда Гвардиоланинг “Барса”си илк бор ўз дарвозасидан 4 та гол олиб чиқади. Абель Ресино бошқарувидаги “Атлетико” бугунги кундаги сингари у қадар кучли эмас эди. Шундай бўлсада “матрасчилар” таркибида Агуеро ва Форлан сингари ажойиб истеъдод эгалари бор эди ва амалда айнан улар учрашув тақдирини ҳал этишган эди. Анри ва Мессининг дастлабки ярим соат ичида киритган икки голи эвазига “Барселона” ҳисобда олдинга чиқиб олгач, кўпчилик “ўйин тақдири ҳал” деган ўйга борган эди, бироқ барчаси шундан кейин бошланди. 32-дақиқада Форлан ҳисобни қисартиради ва жамоалар биринчи бўлимга 1-2 ҳисобида якунлашади. Кейинчалик Агуэро ўзини кўрсатишга эришган бўлса, Анри яна меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқишга муваффақ бўлади. Сўнг Форлан пенальтидан ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиққан бўлса, ўйинга якуний нуқтани Агуэро қўйган эди – 4:3. Мана сизга “cоmеbаck”.

27.07.2013 (Германия суперкубоги)
“Боруссия Дортмунд” 4-2 “Бавария”
Голлар:
Марко Ройс (6, 86), ван Бюйтен (автогол 56), Илкай Гюндоган (57) – Арьен Роббен (54, 64)

Гвардиоланинг “Бавария” бошқарувидаги илк расмий ўйини мана шундай омадсиз тарзда ўтган эди. Илк дақиқалардаёқ Ройснинг голи туфайли дастлабки бўлим Дортмунд клуби фойдасига ҳал бўлади. 54-дақиқада эса Роббен мувозанатни тиклашга эришади. Орадан икки дақиқа ўтгач мюнхенликларнинг бельгиялик ҳимоячиси Ван Бюйтен ўз дарвозасини ишғол этиб қўяди. Яна бир дақиқадан сўнг эса Гюндоган Том Штарк дарвозасига учинчи голни киритади. Вазиятни ўнглашга интилган “Бавария” 64-дақиқада киритилган Роббеннинг голи эвазига ҳисобни қисқартиришга эришади. Учрашув якунида эса Обамеянгнинг тўп узатишидан сўнг Ройс яна гол киритади ва дублга эришади. Якуний натижа – 4:2.

29.04.2014
“Бавария” 0-4 “Реал” (ЕЧЛ)
Голлар:
Серхио Рамос (16, 20), Роналду (34, 90)

‘”Сантьяго Бернабеу”дан 0-1 ҳисобидаги мағлубият билан қайтган “Бавария”дан жавоб ўйинида барча бошқача ўйин  кутган эди. Дастлабки 20 дақиқа ичида Рамоснинг дублидан кейин мезбонлар ўзларини буткул йўқотиб қўйишди. Етмаганига Роналдунинг голлари “Бавария” стадионни “жим қилиб қўйди”.

30.01.2015
“Вольфсбург” 4-1 “Бавария” (Бундеслига)

Голлар: Де Брюйне (53, 73), Бас Дост (4, 45) – Бернат (55)

“Фольксваген Арена”да ўтган ўйинда “Бавария” йирик ҳисобда мағлуб бўлган эди. Дастлабки бўлимда Бас Дост, иккинчи бўлимда эса Кевин де Брюйне Нойер дарвозасини икки мартадан ишғол этишган эди. “Бавария” сафида эса бунга фақат Хуан Бернат бир бора жавоб беришнинг уддасидан чиқади.

19.10.2016
“Барселона” 4-0 “Манчестер Сити” (ЕЧЛ)
Голлар:
Лионель Месси (17, 61, 69), Неймар (89)

Гвардиоланинг “шаҳар”даги илк йирик мағлубиятини ўзининг собиқ жамоасидан қабул қилиб олганидан хабарингиз бор. Умуман 45 ёшли мутахассиснинг “Камп Ноу”га қайтиши ҳар доим омадсиз чиққанини таъкидлаш жоиз. Буни “Манчестер Сити” бошқарувида ҳам “Бавария” бошқарувида бўлган маҳали ҳам кўрдик. Ўйинга тўхталадиган бўлсак, Мессининг хет-триги ва Неймарнинг ягона голи “Барселона”ни “Манчестер Сити” устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонишига сабаб бўлди. Ўйинни ҳар иккала жамоа 10 киши бўлган ҳолатда якунлаганини таъкидламасдан иложимиз йўқ.

10.12.2016
“Лестер” 4-2 “Манчестер Сити”
Голлар:
Жейми Варди (3, 20, 78)), Энди Кинг (5) – Александр Коларов (82), Нолито (90)

Гвардиоланинг “шаҳарлик” футболчилари дастлабки 5 дақиқада икки бор ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишини “Лестер”нинг ашаддий мухлислари ҳам кутмаган бўлса керак. Эътиборлиси токи “Лестер” 4 та гол киритмагунига қадар Гвардиола жамоаси “ширин уйқудан” уйғонмади. Ўйғонганларида эса жуда кеч бўлган эди.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!