Исроил Мадримов: Менга ҳам профессионал боксга ўтиш борасида таклифлар бўлмоқда

14 ноябрь,2017, 13:07 942

Исроил Мадримов: Менга ҳам профессионал боксга ўтиш борасида таклифлар бўлмоқда

Россиянинг Санкт –Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Губернатор кубогида 75 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Исроил Мадримов мусобақанинг олтин медали билан тақдирланган эди.

Бундан ташқари боксчимиз ўзининг ёрқин жанглари билан мухлису-мутахассислар олқишига ҳам сазовор бўлди ҳамда турнирнинг энг яхши боксчиси деб топилиб, Губернатор кубогини ҳам қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, Исроил бундан олдин Қозоғистоннинг Актау шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақада ҳам энг яхши боксчи деб эътироф этилган эди.

Кеча Ўзбекистон бокс федерациясида мазкур мусобақа бўйича ташкил этилган матбуот анжуманида турнир ҳамда олдиндаги режалари ҳақида тўхталиб ўтди.

– Россияда ўтган мусобақада энг яхши боксчи бўламан деб ўйлаганмидингиз?

– Мусобақа биз учун жуда яхши ўтди. У ерда бир қанча тажрибали боксчилар ҳам бор эди. Турнирда иштирок этганимиз унинг савиясини янада оширди деб ўйлайман. Сабаби сўнгги йилларда ўзбек бокси жадаллик билан ривожланиб, жаҳонда ўз ўрнига эга бўлиб улгурди. Энди ҳар бир давлат биз билан жангларга бунга алоҳида эътибор қаратади. Турнирда гарчи уч нафар бўлиб иштирок этган бўлсакда, рақиб мухлислари ва ҳаттоки, мураббийлар ҳам бизни алоҳида кузатиб, эҳтиром кўрсатишди.

– Сўнгги вақтларда кўпчилик спортчиларимиз профессионал боксга ўтиб кетишмоқда. Сизнинг натижаларингиз ҳам жуда яхши. Сизга ҳам бу борада таклиф тушяптими?

– Деярли ҳар бир мусобақада промоутерлар ва менежерлар юради. Улар энг яхши боксчиларни аниқлаб, шартнома таклиф қилишга ҳаракат қилади. Сир эмас, менга ҳам шундай таклифлар бўлмоқда. Лекин мен ҳозирча унга ўтмоқчи эмасман. Менинг энг катта орзуларимдан бири Олимпия ўйинларида ғолиб чиқишдир. Шундай экан, мен бунинг учун астойдил ҳаракат қиламан.

– Ўтган йилдаги натижаларингиздан қониқдингизми?

– Албатта, бу йил мен учун жуда муваффақиятли ўтди. Қатор халқаро мусобақаларда ғалаба қозондим. Биргина Германияда ўтган жаҳон чемпионатини ҳисобга олмаганда мен учун аъло даражада ўтмоқда. Энди йилнинг сўнгги мусобақаси Россиянинг Ханти-Мансийск шаҳрида жаҳон кубоги бўлиб ўтади. Умид қиламанки, бу турнирда ҳам шоҳсупанинг энг юқори ўринларидан жой олиб, мухлисларимизни хурсанд қиламиз.

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.