Мансур Муқимов: Асосий мақсадимиз - Ўзбекистон бокс федерациясига иқтидорли боксчиларни етказиб бериш

  • 19 август, 2017, 09:56
  • 0
  • Бокс

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг барча соҳалар қатори спортга ҳам катта эътибор қаратилди. Юртимизнинг чекка-чекка ҳудудларида ҳам ёшларимиз учун замонавий спорт иншоотлари барпо этилди. Натижада эса орамиздан кўплаб Осиё, жаҳон ва Олимпиада чемпионлари етишиб чиқмоқда. 

Бунда бевосита тадбиркорларнинг ҳам ўрни, меҳнатлари беқиёс. Sports.uz интернет-ахборот портали бу сафар ана шундай инсонлардан бири, Қўқон бокс мактаби фидойиси Мансур Муқимовнинг фаолияти билан яқиндан таништиради. Қуйида ушбу инсон билан ўтказилган қизиқарли суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Мансур ака даставвал ушбу иншоот бунёд бўлиш тарихи ва боксга кириб келишингиз ҳақида гапириб берсангиз.

- Қўқон педагогика институтининг спорт факультетини тамомлагач, 6 йил ўрта мактабда ишладим. Сўнгра ўзимни тадбиркорликда синаб кўришга қарор қилдим. Ўша пайтлардаёқ боксни ривожлантириш ва унга бўлган қизиқиш менда жуда юқори бўлган. 2002 йилда шаҳар ҳокимиятига спорт мажмуаси қуриш учун ер ажратиб беришини сўраб мурожаат қилдим. Орадан 1 йил ўтиб, яъни 2003 йил сиз кўриб турган муҳташам спорт комплекси фойдаланишга топширилди. Сўнгра, комплекс қошида “Олтин қўлқоп” бокс клуби ўз фаолиятини бошлади. Даставвал ишни атрофимга тажрибали мураббийларни тўплашдан бошладим. Кейин эса ўзим бошчилигимда бокс спорт турига иштиёқи бор маҳаллий ёшларни чин кўнггилдан тарбиялашга бел боғладик. Кўп ўтмай ушбу меҳнатларимиз ўз самарасини бера бошлади. Мактабимиздан Элшод Расулов, Сардор Абдуллаев ва Ойбек Шарипов каби боксчлар етишиб чиқди ҳамда юртимиз байроғини дунё рингларида юқори кўтаришга эришдилар. Айтишим лозимки, бу каби боксчилар айнан бизнинг мактабимиздан етишиб чиқаётганлиги мени қувонтиради. Чунки, жонажон ватанимизнинг ривожланишида, равнақ топишида менинг ҳам оз бўлсада ҳиссам борлигидан фаҳрланаман.

- Ушбу бокс клубингизда сиз билан бирга яна қайси тажрибали мураббий фаолият олиб боради?

 - Бу даргоҳда ўзимнинг энг яқин дўстларимдан бири, курсдошим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Набижон Бойматов билан бирга фаолият олиб борамиз. Тарбияланувчиларимизнинг ютуқларида айнан шу инсоннинг ҳам меҳнатлари беқиёс. Қолаверса, айни дамда спорт коллежини тамомлаган ва бокс спорт турига бефарқ бўлмаган ёш кадрларни ҳам ишга қабул қилганмиз. Улар ҳам ёшларга қўлдан келганча ушбу спорт турининг сир-асрорларини ўргатиб келишмоқда.

- Ушбу спорт мажмуасида боксдан ташқари яна қандай спорт турлари билан шуғулланиш имконияти бор?

- Мажмуамиз 2003 йилда фойдаланишга топширилган бўлса, шундан сўнг ҳам биз тўхтаб қолмадик. Кейинчалик спортнинг бошқа турларига қизиқиши бор ёшлар учун замонавий очиқ теннис корти, бассейн, бадминтон зали ва мини футбол майдончаси барпо этдик. Эндиликда мажмуамизга ташриф буюрувчилар ўзлари истаган спорт тури билан шуғулланишлари мумкин.


- Фарзандини бокс спорт тури билан шуғуллантириш истагида бўлган ота-оналарга қандай маслаҳат берган бўлардингиз? Умуман боксга болани неча ёшдан берган маъқул?

- Биласизми, мутахассислар болаларни ушбу спорт турига 10-11 ёшдан бошлаб шуғулланишларини маслаҳат беришади. Аммо, сўнгги йилларда мамлакатимиз боксчиларининг халқаро майдонларда қайд этаётган натижалари кўпчиликда ушбу спорт турига бўлган қизиқишни кескин ошириб юборди. Натижада эса кўплаб ота-оналар ўз фарзандини 7-8 ёшидаёқ бокс мактабларига олиб келмоқда. Биз эса мураббийлар ва мутахассислар билан маслаҳатлашиб, бу ёшдаги болаларга даставвал бокс ҳақидаги тушунчаларини кенгайтиришга ва улар иштирокида боксга йўналтирилган машқларни ўтказишга қарор қилганмиз. 

- Айни дамда ўзингиз қўл остингизда шуғулланаётган ва келажакда улкан ютуқларни қўлга киритиши кутилаётган умидли боксчларни айта оласизми?

- 2002 йилда таваллуд топган шогирдимиз Нурислом Исмоилов яқиндагина Филиппинда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. Бундан ташқари Асадбек Умаров,  Ғиёсжон Иминжонов, Олимов Муслимбек, Хусанбек Каримов ва Саидазим Мадаминов кабилар ҳам шулар жумласидандир. Айтишим лозимки, бизнинг асосий мақсадимиз Ўзбекистон Бокс федерациясига иқтидорли боксчларни етказиб бериш.

- Кўпчилик ёш боксчларнинг эрта профессионал боксга ўтиб кетаётганлиги сизнингча яхшими ёки ёмон?

- Менимча ҳаваскор боксда етарли маррани забт этмай туриб, профессионал боксга ўтиш нотўғри. Чунки, айнан ҳаваскор боксда яхши натижаларни қайд этса, у спортчини кейинчалик профессионал боксдаги машхур промоутерлик компанияларининг ўзлари таклиф билан чиқишади. Ана ўшанда шу боксчининг профессионал фаолияти ҳам ижобий давом этиши мумкин. 

- Сўнгги икки мавсумдан Ўзбекистоннинг “Uzbek tigers” жамоаси ҳам Бутунжаҳон бокс серияси туркумидаги мусобақада иштирок этиб келмоқда. Бироқ, бу турнирда боксчиларимизнинг омади келмаяпти. Бунга асосий сабаб сифатида нималарни кўрсатган бўлардимнгиз?

- Аввало шуни алоҳида қайд этишни истардимки, Бутунжаҳон бокс серияси туркумидаги ушбу мусобақа боксчларга ҳар томонлама тажриба тўплаши учун жуда катта хизмат қилади. Масалан, Хасанбой Дўсматов даставвал “Украина атаманлари” жамоаси таркибида ушбу мусобақада иштирок этиб, барча рақибларини мағлубиятга учратган ҳолда жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Шундай мусобақалардан ортирган тажрибаси эвазига у Олимпиадада ғолиб чиқди, мусобақанинг энг зўр боксчисига бериладиган “Вэл Баркер” кубогини қўлга киритди. 
Боксчиларимизнинг ушбу мусобақада ғолиб чиқа олмаётганига сабаблардан бири рақибларимизнинг ўта тажрибали эканлигидир. Биргина мисол, Қозоғистоннинг “Астана Арланс” жамоаси Бутунжаҳон бокс серияси лойиҳаси ташкил этилган дастлабки йилларданоқ ушбу мусобақада иштирок этиб келмоқда. Куба бокс мактаби ҳақида эса ортиқча таърифлашнинг ҳожати йўқ. Умид қиламизки келажакда бизнинг йигитларга ҳам омад кулиб боқади.

- Мансур ака мазмунли ва мароқли суҳбатингиз учун катта раҳмат. Sports.uz интернет-ахборот портали сизга келажакда мана шундай савобли ишларни амалга оширишингизда куч-қувват, саб-матонат тилайди. Ишонамизки, яқин йилларда ушбу спорт мажмуасидан ҳам Олимпиада чемпионлари етишиб чиқади. 

- Раҳмат, сизларга ҳам омад ёр бўлсин!

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ суҳбатлашди.
 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!