Мисрдаги ЖЧда ёш таэквончиларимиз тўртта бронза медалини қўлга киритишди

 

24-27 август кунлари Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳрида таэквондо бўйича кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионати (3rd World Taekwondo Cadet Championships) бўлиб ўтди. Нуфузли мусобақада сайёрамизнинг турли минтақаларидан 426 нафар спортчи ғолиблик учун кураш олиб борди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жаҳон чемпионатида тўртта бронза медалларига эга чиқишди.

-29 кг вазн тоифасида даянга чиққан Муниса Каримова делегациямиз ҳисобига дастлабки бронза медалини тақдим этган бўлса, мусобақанинг сўнгги кунида яна уч нафар вакилимиз шоҳсупага кўтарилиб, совриндорлар қаторидан жой олишди. Қизлар ўртасидаги беллашувларда -47 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Умидахон Ҳасанова ярим финалда туркиялик Исил Заферга кичик ҳисобда (8-9) имкониятни бой берди ва бронза медали билан тақдирланди. Ўғил болалар ўртасида Қозоғистон, Хитой Тайпейи, Марокаш вакилларини мағлуб этган ҳамюртимиз, -33 кг вазнли Даниил Ким ярим финал босқичида испаниялик рақиби Арконадо Айсон тўсиғидан ўтолмади ва у ҳам бронза билан кифояланди.

Яна бир вакилимиз -37 кг вазн тоифасидаги Амирбек Тўраев ярим финалгача Марокаш, Тунис, Мексика спортчиларини йирик ҳисобда мағлуб этишнинг уддасидан чиққанди. Аммо финал йўлланмаси учун курашда таиландлик Тауин Яэнгкулчоуга бир очко (14-15) фарқи билан мағлуб бўлди ва терма жамоамиз ҳисобига тўртинчи бронзани тақдим этди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!