Нега Хитой юанлари мамлакат терма жамоасига ёрдам бера олмаяпти?


Терма жамоамиз вакилларининг 2018 йилги жаҳон чемпионати сўнгги саралаш босқичи доирасидаги натижалари рақиб жамоаларнинг мураббийларига анча қимматга тушди. Дастлаб, Доҳадаги ғалабамиз сабаб Қатар терма жамоаси мураббийи сўнгра Тошкентдаги ғалабамиз сабаб хитойликлар устози ўз лавозимидан озод этилди.

Бу ўзгаришлардан сўнг рақибларимиз ўз терма жамоалари мураббийлик курсиларига етук мутахассисларни олиб келишди, бироқ бу машҳур мутахассислар Қатар ҳамда Хитой терма жамоаларига жаҳон чемпионати йўлланмасини олиб бериши каттагина сўроқ остидадир.

Агар қатарликлар 2018 йилги жаҳон чемпионатида иштирок эта олишмаса, ўзларини 2022 йили ўз мамлакатларида ўтадиган Жаҳон чемпионати билан овунтира олишади, лекин Хитой терма жамоаси бундай имкониятга эга эмас ва уларнинг ортга юрадиган йўли қолмади. Саралаш босқичини омадсиз тарзда бошлаган хитойликлар якунда гуруҳ аутсайдерига айланиб қолишди. Бу аламли мағлубиятга чидай олмаган Хитой футбол ихлосмандлари миллий терма жамоасини маcхара қилиш билан ўз норозиликларини билдирмоқда. Шу қаторда футбол мутахассислари томонидан ҳам бир қанча яхши таклифлар илгари сурилди.

Эътиборингизга хитойлик ҳамкасбимизнинг Хитой футболида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасиз натижалари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини тақдим этамиз.

– Мамлакатимизда ҳукумат ҳомийлик қиладиган спорт турларига ишонқирамай қараш ёки истеҳзо аралаш сўзлар билан масхара қилиш кам учрайди, аммо гап футбол спорт тури ҳақида кетганда Хитой ОАВ индамай ўтиб кетади, деган фикрдан йироқмиз.

Гао Ҳонгбо - Хитой футболидаги навбатдаги қурбон

11 октябрда Ўзбекистон терма жамоасига 2:0 ҳисобида мағлуб бўлганимиздан сўнг, хитойлик футбол мухлислари 2018 йилги жаҳон чемпионатидан умидларини деярли узиб бўлишди. Шармандалик дея масхара қилинаётган Хитой терма жамоаси жаҳон чемпионати сўнгги саралаш босқичининг дастлабки 4 ўйинида фақатгина биргина дуранг натижага эришди холос. Гао Ҳонгбонинг истеъфога чиқиши ҳеч нарсани ўзгартирмаслигига ҳамманинг ҳам ақли етиб турибди. Шунчаки, у Хитой футболидаги навбатдаги қурбондир.

Марчелло Липпи ҳақида

– Марчелло Липпи мураббийлиги остида хитойликлар жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш имконияти жуда ҳам пастдир, чунки футболдаги ғалабалар ҳар доим ҳам тактик жиҳатдан устун жамоа томонидан қўлга киритилавермайди. Футбол ривожи учун кучли пойдевор кераклигини ҳар бир Хитой футболи мутахасиси яхши англаб турибди.

Мустаҳкам пойдеворга эга бўлмаган Хитой футболи

– Ҳақиқатни айтадиган бўлсак, Хитой футболида ҳали бундай пойдевор қурилгани йўқ. Мамлакат расмийлари мураббий ва футболчилар учун қанчадан-қанча маблағларни сарфламашмасин, бу ҳолат ўзгариб қолмайди. Футболнинг ашаддий мухлиси бўлган президент Хи Жинпингнинг жаҳон чемпионлигини қўлга киритиш ҳақидаги сўзлари баланд парвоздек туюлмоқда. 2030 йилгача Осиёнинг, 2050 йилгача дунёнинг энг кучли жамоалари қаторидан жой олиш учун ишлаб чиқилаётган устувор режаларга ҳам шубҳа уйғонмоқда. Бу мақсад йўлида минглаб янги майдонлар қурилди, 20 мингдан ошиқ мактабларнинг ўқув дастурига футбол спорт тури киритилди. Футбол Ассоциацияси таркиби янги мутахассислар билан ўзгартирилди. Мураббийлик ва футболчилар машғулотлари учун давлат томонидан маблағ ажратилди, аммо бундай маблағларни сарфлаш терма жамоамиз ғалабаларига кафил бўла олмади.

“Футбол мамлакати”ни барпо этиш учун таклифлар

– “Футбол мамлакатини” қуриш учун ҳар бир хитойликнинг футболга бўлган қизиқишларини ошириш керак. Бу дегани, ҳар бир қишлоқда футбол учун шароит яратиб берилиши керак. Ёш футболчилар салоҳиятларини ошириш учун халқаро миқёсдаги турнирлар ташкил этиб бериш энг асосий мақсад бўлиши керак. Шунингдек, малакали мураббийлар халқ орасидан қобилиятли футболчиларни қидириб топиши ва уларни салоҳиятли футболчи этиб тайёрлаши учун ҳам энг яхши шароитлар яратиб берилиши керак. Юқорида санаб ўтилган амалга оширилиши керак бўлган режаларнинг баъзи қисмлари амалга оширилди, бироқ бу ташвиқот ишлари Хитойнинг маълум бир жойларида олиб борилди, холос.

Аниқ ва лўнда қилиб айтганда ...

– Хитой футболдан бошқа спорт турларида (халқаро миқёсда) фахрли натижаларга эришиб бўлди. Дунёнинг қаерида бўлишмасин, хитойлик спортчиларни қанчалик кучли ва маҳоратли эканликларини яхши билишади, бироқ футбол соҳасида эса, бизни осиёликлар ҳам менсимай қўйгани аниқ. 1.3 миллиард аҳолига эга бўлган давлатдан ҳалигача кучли бир жамоа чиқмаётганига ягона сабабини ошкор этиш билан ўз фикр-мулохазаларимни якунига етказаман. 

Футболдаги юқори натижалар баъзи кимсалар томонидан яратилмайди ёки сотиб олинмайди. Балки вақт, сабр-бардош, футбол маъданияти ва бутун миллатнинг футболга бўлган муҳаббатигина футболни ривожлантиришдаги энг асосий омил ҳисобланади.

“TheSokhibov” тайёрлади 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!