Одил Аҳмедов: Муҳитни ўзгартириш вақти келди (тўлиқ ҳолда)

Бугун “ORIAT Dono” радиосига миллий терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов меҳмон сифатида ташриф буюрди. Моҳир футболчи журналист Акмал Мирзо билан суҳбат давомида бир қатор қизиқарли саволларга жавоб қайтарди.

Ушбу интервьюнинг тўлиқ матнини доимгидек биринчи бўлиб Sports.uz интернет порталида ўқишингиз мумкин. 

- Яна икки кундан сўнг Янги йил ҳам кириб келади. Биламиз бу йил яна бир фарзандингиз дунёга келди, фаолиятингизда доимгидек ўсиш бўляпти. Нима деб ўйлайсиз, Одил Ахмедов учун  ортда қолаётган 2016 йил бошқаларидан нимаси билан эсда қоларли йил бўлди?
- Якунланиб бораётган 2016 йил мен учун яхши ўтди дейишим ҳам мумкин. Боиси, қиз фарзандли бўлдим, қолаверса, ўтган 5 мавсумдан буён УЕФА Европа лигасида мунтазам иштирок этиб келмоқдаман. Ўзбекистон терма жамоаси сафида ҳам иккита ўйинни ҳисобга олмасак қолган ўйинларни барчасида ғалаба қозондик. Бир сўз билан айтганда ўтган йил аъло даражада бўлмасада, яхши йил бўлди.
- Маълумки, январь ойи охирида мамлакатимизнинг энг яхши футболчиси номи эълон қилинади. Одил Ахмедов Ўзбекистоннинг тўрт карра энг яхши футболчиси деб топилган. Терма жамоамиз сардори ҳаёлларидан нималар ўтмоқда?
- Ҳар бир футболчи доимо нимагадир эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.  Мен ҳам ёшлигимдан Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиларидан бири бўлишни орзу қилганман. Худога шукур, ҳозирги вақтда доимий равишда кучли учликдан жой олиб келмоқдаман. Кўп ҳолларда эса ушбу совринга лойиқ деб топиляпман. Энди бу сафар соврин кимга насиб этиши журналистларга боғлиқ, улар ҳозирги кунда энг кучли футболчи деб кимни танлашларига боғлиқ. Лекин, шу совринга номзодлар қаторида эканлигимнинг ўзи ҳам менга катта шараф. 
- Кучли учликнинг бири Одил Ахмедов, қолган иккитаси ким сизнингча? Мана шу номга сазовор яна иккита “рақибингиз” ким бўлиши мумкин?
- Мен Виталий Денисов ва Азиз Хайдаровларни танлаган бўлардим. 
- Жамоадошингиз Фёдор Смолов Россиянинг энг яхши футболчиси деб топилди. Даъвогарлар кўп бўлди. У бунга қанчали ҳақли эди?
- Фикримча Смолов ўсишда давом этмоқда ва у бу номга муносиб.


- Яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Ахмедов Хитой чемпионатига кетмоқда деган хабарлар тарқалди. Бу гап қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Ҳақиқатдан ҳам ҳозирги пайтда Хитой клубларидан таклифлар бўлиб турибди. Лекин, мен айни дамда “Краснодар” жамоасига тегишлиман. Албатта, бу трансферда “Краснодар” жамоасининг роли катта бўлади. Аммо, келажакда қайси жамоада ўйнашимни ота-онам ва оила аъзоларим билан бирга маслаҳатлашган ҳолда қарор қиламан. 
- Биламизки Одил Аҳмедов нафақат “Краснодар”нинг, балки, Россия премьер-лигасининг ҳам энг яхши футболчиларидан бири ҳисобланади. Қизиқ, қандай қилиб “Краснодар” шундай футболчисини Хитойга сотиб юбормоқчи? 
- Биласизми, футболда шундай пайтлар келадики баъзан муҳитни ўзартиришга тўғри келиб қолади. Назаримда бу йил шунақа пайт келди деб ўйлайман.
- Клуб ўз футболчисини сотиб юборишининг кўплаб сабаблари мавжуд. Ҳар қандай жамоанинг трансфердан кўзлаган мақсади мўмайгина пул ишлаб олиш ёки футболчидан тезроқ қутилиш бўлади. Сизнинг трансферингиздан кўзланган асосий мақсад нима деб ўйлайсиз?
- Агар хитойликларнинг нияти жиддий бўлса, “Краснодар” улар таклиф қилаётган суммага ҳеч иккиланмасдан рози бўлади.
- Сиз аввалги интервьюларнинг бирида агар Осиёнинг энг кучли жамоасидан ва Европанинг ўртамиёнадан-да пастроқ жамоасидан таклиф бўлса, мен ўша ўртамиёнадан-да пастроқ даражадаги Европа клубига ўтган бўлар эдим деб айтган эдингиз. 
- 2011 йилги Осиё чемпионатидаги ёрқин ўйинларимиз сабаб менга бир қатор араб давлатларидан таклифлар бўлган эди. Аммо, мен Россия чемпионатини танладим. Россия чемпионатида кўп вақт қолиб кетганимнинг сабаби эса менинг трансфер нарҳимнинг юқори эканлигида. Бу маблағни кучли учликда бораётган жамоаларгина тўлаши мумкин, қолган жамоаларнинг бунга молиявий қурби етмайди. Агар мени трансфер наҳрим арзонроқ бўлганида, балким ҳозир Европанинг бошқа бир жамоасига ўтаётган бўлардим. Лекин нима бўлганда ҳам “Краснодар” билан ўртамизда шартнома бор, буни бузиб ҳеч қаёққа кета олмайман. Ҳаммага маълум, Осиё давлатлари айни дамда футболга катта маблағлар сарфлашмоқда. Аммо, мен қайси жамоага ўтаман, “Краснодар” мени қўйиб юборадими, бу саволларга январь ойида аниқлик киритилади.


- Қайси жамоага кетишим аниқ эмас деяпсиз. Лекин кўрсаткичлар ҳамон Хитой томонни кўрсатмоқда.
- Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Агар барчаси менга боғлиқ бўлганида эди, ҳозир сизга ҳаммасини айтган бўлардим. 
- Хитой ҳақида қандай тасаввурдасиз?
- Тўғриси Хитой ҳақида ҳали унчалик тасаввурга эга эмасман. Менимча ҳамма нарса ҳал бўлганидан кейин тасаввур қилишни бошласа бўлади. 
- Хитой чемпионатида тўп сурсангиз фаолиятингизда пастлаш бўлиши мумкинми?
- Хитой чемпионатига дунёнинг энг кучли футболчилари жалб этилмоқда. Айни шу нарсанинг эвазига мамлакат чемпионатининг ҳам савияси юқорилаб бормоқда дейиш мумкин. Назаримда Хитойда ўйнашим фаолиятимга салбий таъсир қилмайди. 
- Юқорида ҳамма нарса ўзимга боғлиқ бўлганида эди ҳаммма нарсани айтардим, дедингиз. Тасаввур қилинг, агар ихтиёрингиз ўзингизда бўлса сиз қайси чемпионатни танлаган бўлардингиз?
- Биласиз, 5 мавсумдан буён Европа лигасида мунтазам тўп суриб келяпман. Шу вақт мобайнида Германия, Франция ва Испания клубларидан таклифлар бўлган. Аммо, трансфер борасида келиша олмаганмиз. Агар ихтиёр ўзимда бўлганида Германия чемпионатида ўйнаган бўлардим. 
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори сифатида мамлакат бош жамоаси ҳақида нималар дея оласиз?
- Мухлисларимиз ютқазган жамоани танқид қила бошлашади. Бу ҳамма жойда бор. Аммо, бизни мухлислар кўпроқ интернет орқали, кимнидир фикри билан иш тутади. Терма жамоада ўйнаганимдан буён нечта мураббий кўрган бўлсам, уларнинг барчаси - Абраамов ҳам, Қосимов ҳам, мана энди Бабаян ҳам бирдек танқидга учрамоқда. Аммо, шуни айтишим керакки, Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятлари Эрон ва Жанубий Корея билан тенг. Натижалар шуни кўрсатмоқдаки ҳали ҳаммаси олдинда ва сўнгги турга қадар кураш бўлади. Яна шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, футболчиларга нисбатан қилинган танқидлар уларга ҳеч қачон ижобий таъсир қилмайди. Бунинг натижасида эса улар кейинги гал хато қилиб қўйишдан қўрқиб, ўйинда чўчиб ҳаракат қилишади. Натижада, ўша футболчи тўпдан тезроқ қутилишга ҳаракат қилади ва таваккал қилишдан ўзини олиб қочади. Футболда таваккал қилмасдан туриб, бирон нарсага эришиш мушкул. Тўғри, танқид ҳамма жойда бор дейишингиз мумкин. Бироқ, бизнинг футболчилар ҳали бунга тайёр эмас. 
- Юқорида Эрон ва Жанубий Корея терма жамоалари билан имкониятларимиз тенг деб айтдингиз. Мана шу таркиб ва мана шу мураббий билан жаҳон чемпионатига чиқишга ишонасизми?
- Авваламбор, инсонда ишонч бўлиши керак. Спортда ҳам, ҳаётда ҳам. Шундагина бирон нарсага эришиш мумкин. Бундан ташқари футбол бу жамоавий ўйин. Агар бир футболчининг ўйини ўхшамай қолса, натижага ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Жаҳон чемпионатига чиқишни нафақат мухлислар, балки, футболчиларимизнинг ўзлари ҳам исташмоқда. Ўйлайманки, 2017 йилда бўлиб ўтадиган барча ўйинларда керакли натижаларни қўлга киритиб, азалий орзуимизни рўёбга чиқарамиз. 
- Самвел Бабаянга терма жамоага футболчиларни чақириш борасида ўз фикрингизни билдира оласизми?
- Агар ҳақиқатдан ҳам кучли футболчи бўлса, мен бу борада бош мураббийга ўз фикримни билдиришим мумкин. Бироқ, якуний қарорни барибир бош мураббий қабул қилади. 
- Энг зўри деганда кимни назарда тутдингиз? Сергеевними? Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп суриш учун Сергеевдан бошқа кучли ҳужумчи йўқми?
- Балким энг зўри дейишим нотўғридир. Аммо, ҳозир Анвар Солиев, Максим Шацких, Александр Гейнрих (энг яхши формада), Зайниддин Тожиев ва Зафар Холмуродов каби ҳужумчилар йўқ. Бемалол айтишим мумкинки, айни дамда Ўзбекистонда яхши ҳужумчилар йўқ. 


- Аввалроқ Германия Бундеслигасининг қуйи двизионларидан бирида Тошкентда туғилган футболчи тўп сураётгани ва ўша футболчини Ўзбекистон терма жамоасига таклиф қилиш мумкинлиги ҳақида ҳар-хил миш-мишлар тарқалган эди. Одатда бундай гап-сўзларни тез-тез эшитиб туришимиз мумкин. Шахсан сиз ҳам шундай футболчилар ҳақида эшитганмисиз?
- Сиз айтган ҳолат ҳақида эшитмаганман. Аммо, бу борада ўзим билан бирга “Краснодар”да тўп сурган Николай Марковни айтишим мумкин. Ундан бир неча бор Ўзбекистон терма жамоасига ёрдам беришни сўраганмиз, аммо у Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилиб, Россияда легионер сифатида ўйнашни истамаган.
- Одил Аҳмедов Наманганда футбол академияси очаётган эмиш...
- Ҳақиқатдан ҳам бу лойиҳа борасида иш олиб боряпмиз. Авваллари водийдан кўплаб футболчилар етишиб чиққан. Ҳозирги кунда эса бу борада бироз орқада қолмоқда. Шунинг учун ҳам Наманган вилояти ҳокими ёрдами билан вилоятда футбол академияси очмоқчимиз. Насиб бўлса, 2017 йилнинг ёзида водий бўйича танлов уюштириб, ёш ва иқтидорли футболчиларни академиямизга қабул қиламиз. 
- Академия ҳақида яна нималар дея оласиз?
- Энг асосийси футболчининг қобилиятига эътибор қаратамиз. Биласизми, ёш футболчиларга энг кераклиги бу юракдан ишлайдиган мураббийдир. Афсуски, бизда ҳозир бундайлар камайиб кетган. Болаларга тўпни бериб қўйиб, мўмай даромад олсалар бас. Шу боис биз академиямизга хорижлик мутахассисларни ҳам жалб этишни режалаштирганмиз. Масалан, “Краснодар” жамоаси билан бу борада келишиб олинган. Чет эллик мураббийлар бу ерга келиб, ёшларимизга ўз маслаҳатларини беради. Бундан ташқари, бизнинг мураббийлар ҳам у ерга бориб, ўша ерда тажриба алмашиб, ўзларига керакли нарсаларни ўрганиб қайтишади.  Ўйлайманки, ана шундагина натижа бўлиши мумкин.


- Футболдан кетгач, мураббий бўлиб қоласизми?
-Очиғи, бу ҳақда ҳали ўйлаб кўрмаганман. Қолаверса, ўзимни мураббий сифатида тасаввур ҳам қила олмайман. Чунки, мураббийнинг иши қанчалик оғир эканлигини кўзим билан кўриб турибман. Лекин, бу футбол. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Балким мураббий бўлиб қоларман, балким умуман футболдан бошқа соҳага кетарман. Шунинг учун бу борада аниқ жавоб бера олмайман. 
- Сизнинг акангиз актёр, укангиз иқтисодчи ва яна бири футболчи. Оилангизда футболчи бўладиган фарзандлар борми?
- Опамнинг ўғиллари 5-6 синфларда ўқийди, аммо футболдан узоқ. Акамнинг ўғиллари ҳақида ҳам ҳудди шу гапни айтишим мумкин. Мен катта ўғлимга футболчи бўласан десам, у санъаткор бўламан дейди. 
- “Локомотив” бу мавсум олтин дублни қайд этди. Темурхўжа Абдуҳолиқов эса ҳам чемпионат, ҳам кубок баҳсларида тўпурар бўлди. Умуман, ортда қолган мавсум ҳақида нималар дея оласиз?
- Мен учун ачинарлиси мухлисларнинг стадионга кирмаётгани. Мухлислар ўйингоҳга кирмаяптими, демак бу улар учун қизиқ эмас. Шундан ҳам кўриниб турибдики, чемпионатимиз савияси яхши эмас. Эслатиб ўтишим мумкин, 2009-, 2010-йилги мавсумларда “Пахтакор” – “Бунёдкор” учрашувини кўриш учун минглаб мухлислар стадионга киролмасдан ташқарида қолиб кетишарди. 
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Келажакдаги фаолиятингизга омад тилаб қоламиз. Умид қиламизки, 2018 йил сиз, Виталий Денисов ва Вадим Афонин каби футболчиларимиз тўп сураётган Россия яшил майдонларида ажойиб ғалабаларни қўлга киритасизлар.
-Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни кириб келаётган Янги йил билан чин қалбимдан табриклайман. Илоҳим Янги йил барчамиз учун омадли келсин.
 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!