Одил Аҳмедов: Асосий мақсадим барча турнирларда ғалаба қозонишдир

Хабарингиз бор шу кунларда Одил Аҳмедов тўп сурадиган “Шанхай СИПГ” клуби Қатарнинг Доҳа шаҳрида қишки тайёргарлик йиғининг иккинчи босқичини амалга оширмоқда. Кеча эса улар Германия Бундеслигаси иштирокчиси Мюнхеннинг “Бавария” клуби билан биргаликда машғулот олиб боришди.

Машғулотлардан сўнг хитойлик ҳамкасбларимиз Одил Аҳмедовдан интервьюв олишга муваффақ бўлишди.

Терма жамоамиз сардори даставвал шанхайликлар устози Виллаш Боаш ҳақида фикр билдириб ўтди: “Жамоамизни тажрибали мутахассислардан бири Андре Виллаш Боаш бошқариб боргани қувонарли ҳолатдир. У мени ўз клубида кўришни жуда ҳам ҳоҳлаганди ва бу амалга ошди. Қолаверса, дастлабки назорат учрашуви ҳам ажойиб тарзда ўтди. Жамоадошларимнинг ҳам жисмоний, ҳам тактик жиҳатдан кучли футболчилар эканлигига яна бир бор иқрор бўлдим”

Шунингдек, футболчимиз кундалик ҳаётида Хитой тили билан боғлиқ муаммолар ҳақида сўзлаб берди: "Албатта, бошланишига ҳамма соҳаларда ҳам қийинчилик бўлади. Лекин бахтимга футбол атамалари ҳамма жойда бирдек ишлатилади ва ҳозирча Хитой тили борасида катта муаммоларга дучор бўлганим йўқ. Бундан ташқари Ву Лей, Ю Ҳай ва Ян Жунлин каби жамоадошларим Хитой тилини тезроқ ўзлаштириб олишимга ёрдам бермоқда."

Суҳбат сўнггида Одил Аҳмедов ўз олдига қандай мақсад қўйганлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди: "Бу клуб таркибида ҳаракат қилишдан асосий мақсад - жамоам билан иштирок этадиган ҳар бир турнирда бош совринни қўлга киритишдир."

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!