«Истиқлол» саройида «Эътироф – 2016» мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

Мамлакатимизда эркин, фаровон ва демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида кенг қамровли ислоҳотларнинг янги босқичи бошланди. Бунда асосий вазифа – халқ билан мулоқот қилиш, инсон манфаатларини таъминлаш, тинчлик ва фаровонликни янада мустаҳкамлаш, аҳолини ҳаётдан рози қилишдан иборат. Ушбу мақсадларга эришиш маданият, санъат, бадиий ижод, журналистика ва спорт соҳалари тараққиёти билан ҳам чамбарчас боғлиқ. 
Бу жиҳатлар 14 февраль куни «Истиқлол» санъат саройида мазкур соҳаларда салмоқли ютуқ ва муваффақиятларга эришган бир гуруҳ ижодкорлар ва спортчиларни «Эътироф – 2016» мукофоти билан тақдирлаш маросимида ҳам ўз ифодасини топди. 
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган «Эътироф» мукофоти мумтоз қўшиқ, миллий эстрада, рақс санъати, жаҳон мусиқа мероси, театр ва кино санъати, адабиёт, мусаввирлик, ҳайкалтарошлик, журналистика каби йўналишларда соҳа равнақига ҳисса қўшаётган, изланиш ва ютуқлари билан ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган, миллий маданиятимиз ва санъатимизни дунё миқёсида кенг тарғиб этаётган ижодкорлар фаолиятини халқимизга яқиндан таништириш имконини бермоқда. Бу йил мукофотга номзодлар «Театр, кино ва оммавий томошалар», «Эстрада, анъанавий, опера хонандалиги, мусиқа ижрочилиги ва рақс санъати», «Тасвирий ва амалий санъат», «Бадиий ижод, журналистика ва телевидение», «Спорт», «Эътибор, эҳтиром, эъзоз» йўналишларида қирқ тўққиз номинация бўйича аниқланди. 

Манба:uza.uz

 

 

 

 

 

 

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!