Осиё футболидаги энг муҳим қишки трансферлар (1-қисм)
11 январь, 12:20 | 896

Мана Осиё минтақасида қишки трансфер мавсуми старт олганига ҳам бир ойга яқин вақт ўтди. Бу вақт давомида Осиёнинг бир қанча клублари ўз таркибини иқтидорли футболчилар билан кучайтирди.

Қуйида Осиё футболида амалга оширилган энг муҳим харидларни эътиборингизга бирма-бир ҳавола этамиз.

15 декабрь, 2016.

Қишки трансфер мавсумини 2016 йилги Осиё чемпионлар лигасида ғолиб чиққан Жанубий Кореянинг “Жонбук Моторс” клуби бошлаб берди. Кореяликлар ўз таркибини “Улсан Хёнде” жамоасининг икки ҳимоячиси Ли Ён ҳамда Ли Же Сон билан кучайтириб олди. Ўз ўрнида “Жонбук Моторс” ҳам ўзининг икки ҳимоячиси Ким Чхан Су ва Чой Гю Бекни, шунингдек ҳужумчи Ли Чон Хони “Улсан Хёнде” клубига бепул тақдим этди.

19 декабрь, 2016.

Япониянинг “Хоккайдо Саппоро” клуби Таиланд миллий терма жамоаси аъзоси Чанатхип Сонгкрасинни ижара асосида ўз таркибига қўшиб олиш борасида “Муантон Юнайтед” жамоаси билан келишиб олди. 2016 йилги Жанубий Осиё чемпионатининг “Энг яхши ўйинчиси” деб топилган 23 ёшли футболчи Япония “Жей” лигасида иштирок этадиган биринчи таиландлик футболчи бўлади.

20 декабрь, 2016

Сўнгги 5 мавсумни Австралия “А” лигаси иштирокчиси “Сидней” клуби таркибида ўтказган дарвозабон Ведран Янетович бу йилги мавсум давомида бошқа бир маҳаллий жамоа “Вестерн Сидней Уондерерс” дарвозасини қўриқлайди. 2014 йилги Осиё чемпионлар лигасини қўлга киритган “Вестерн Сидней Уондерерс” клуби бу йил ҳам ўзларининг энг яхши натижаларини такрорламоқчи.

2015 йилги ОФК Кубоги ғолиби Малайзиянинг “Жоҳор Дарул Таъзим” клуби Осиё чемпионлар лигаси “плей-офф” босқичи доирасида “Бангкок Юнайтед”га қарши учрашувда жамоанинг 23 ёшли ҳужумчиси Сафи Сали хизматларидан фойдалана олмайди. Малайзия терма жамоасининг муҳим ўйинчисига айланиб улгурган Сафи Сали келаси мавсумдан бошлаб ўз фаолиятини Малайзия Супер лигаси аъзоси “ПКНС” клубида давом эттиради.

Шунингдек, бу йилдан бошлаб Жанубий Корея “Кей” лигасида иштирок этадиган “Канвон” клуби ўз сафига бир қатор янги футболчиларни қўшиб олди. Жумладан, ўтган мавсумда “Сеонгнам Илва Чунма” клубида ҳаракат қилган Хван Жинсун, ОФКнинг 2012 йилдаги “Энг яхши футболчиси” Ли Кин Хо, “Ханчжоу Гринтаун” ярим ҳимоячиси О Бом Сок ҳамда дарвозабон Ли Бомёнлар “Канвон” клуби билан шартнома имзоладилар.

                                                

23 декабрь, 2016.

Қишки трансфер мавсумига Хитой жамоалари илиқлик олиб кирди, десак муболаға бўлмаса керак. Хитой клубларининг дастлабки шов-шувли хариди “Челси” клуби аъзоси Оскар бўлди. Бразилиялик 25 ёшли ярим ҳимоячининг Хитой клубига кўчиб ўтиши учун 61 миллион евро сарфланди ва бу Осиё футболидаги энг йирик харид дея қайд этилди.

Давоми бор …

Ўхшаш янгиликлар

Sports.uz 2016 ©
ЎзМАА интернет-ОАВ лицензияси рақами: №1002