Ришод Собиров: Олимпиададаги бронза медалларимни олтинга алмашмаган бўлардим

Куни кеча Ўзбекистон дзюдо федерациясида ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. Унда узоқ йиллар юртимиз шарафини Осиё ва жаҳон ареналарида муносиб ҳимоя қилиб келган ва Рио Олимпиадасидан сўнг фаолиятини якунлаган Ришод Собиров дзюдо федерацияси бош котиби этиб тайинланди.

SPORTS.uz интернет ахборот портали мураббийлик қилиб, ёшларга ўзининг тажриба ва маҳоратларини ўргатаётган спортчимизнинг келажак режалари билан қизиқиб, суҳбат ташкил қилди.

Rishod Sobirov

– Ришод ака, спортчилик фаолиятинингизни якунлаганингиздан сўнг нималар билан банд бўлдингиз?  

– Спортчилик фаолиятимни тугатганимдан кейин асосан мураббийлик билин шуғулландим. Яқинда муҳтарам президентимизнинг “Ришод Собиров мактабини очиш тўғрисида” қарори мени жуда хурсанд қилиб юборди. Ҳозир мактаб очилиш арафасида турибди. Шу кунларда очилиш жараёни билан боғлиқ ташкилий ишлар билан бандман.   

– Будапештдаги жаҳон чемпионатида терма жамоамиз таркиби  ва иштирокини қандай тасаввур қилмоқдасиз?

– Сўнгги ёзги Олимпиада ўйинлардан кейин терма жамоамиз аъзолари билан кўп маротаба учрашиб, суҳбатлар уюштирдик. Машғулот жараёнларида қатнашиб шунга амин бўлдимки, Будапештдаги жаҳон чемпионатида терма жамоамиз яхши натижалар кўрсата олади, чунки ҳозирги   таркибдаги  спортчилар  айни кучга тўлган, шижоатли, иқтидорли йигитлар. Ўйлайманки, уларнинг келажаги порлоқ.

– ЖЧга ҳам бир ой қолди. Тайёргарлик режаларида яна қандай босқичлар бор? Ўқув-йиғин машғулотларими ёки дзюдочилар ўзларининг мураббийлари билан шуғулланишадими?

– Ҳозирда ўқув-йиғин машғулотлар кетмоқда. Яқиндагина терма жамоамиз спортчилари Испанияга бориб, йиғинда иштирок этиб келишди. Бундан ташқари Франция терма жамоасидан икки давлат вакиллари ўртасида йиғин ташкил этиш борасида таклиф тушди ва эндиликда спортчиларимиз Париж сафарига ҳозирланишмоқда.  Ундан кейин ўзимизда яна бир йиғин ташкил қилинади. Шундан кейин дзюдочиларимиз дунё биринчилигига йўл оладилар.

Rishod Sobirov

– Тан олиш керак, сиз кетганингиздан сўнг термамизда  -66 кг. вазн тоифаси қолганларга қараганда заифроқ бўлиб қолди. Бу бўшлиқ қанчада беркилиб кетади?

– Ростдан ҳам терма жамоада айтганингиздек, -66 кг. вазн тоифасида бўшлиқ пайдо бўлган эди, лекин ҳозир унинг ўрни янги спортчилар билан тўлдирилмоқда. Ҳозирги кунда -60 кг вазн тоифасида 3 нафар кучли вакилларимиз бор. -66 кг вазндаги спортчиларимиз асосан ёшлар. Уларга халқаро мусобақаларда кўпроқ курашиш имкониятини берсак, малакаларини оширсалар яқин ойлар ичида бу бўшлиқ анча беркилиб кетади.

– Ички рақобат кучли вазнларимиздан бири ҳозир -60 кг. бўлиб турибди. Бу вазнда Лутфиллаев, Ўрозбоев бор. Мана энди Тиловов, Султонбоев каби ёш йигитларимиз қўшилишмоқда. Лутфуллаев ёки Ўрозбоевни бир поғона юқори тоифага ўтказиш қандай таъсир кўрсатар экан?

– Айнан шу масала бўйича ҳозир мураббийлар билан маслаҳатлашаяпмиз. Албатта, Лутфуллаев ёки Ўрозбоевдан бирини -66 кг. вазнга ўтказмоқчимиз. Ҳар иккиси  ҳам жуда қобилиятли спортчилар. Юқори вазни ҳам эплаб кетишига ишонаман, лекин бу нарсани, аввало, спортчининг ўзи хоҳлаши керак, чунки вазнга мослашиш бироз қийинчилик туғдиради. -66 кг. вазнда кураш умуман бошқача кечади.  Юқори вазнга ўтишга нафақат жисмонан, балки руҳан ҳам тайёр бўлиш керак.

Rishod Sobirov

– Олимпиадан кейин Мирали Шарипов кўринмай кетди. У ҳам фаолиятини якунладими?

– Ҳа. Мирали Шарипов ҳам спортчилик фаолиятини тугатди. Тез кунларда уни мураббий қилиб оламиз. Бундан ташқари, Федерациямиз раҳбарлари билан келишган ҳолда уни ва унга ўхшаган мураббийларимизни чет давлатларга малака оширишга жўнатмоқчимиз. 

– Сизнингча, дзюдога киритилган сўнгги ўзгаришлар ўзини қандай оқламоқда?

– Бугунги кунда  дзюдо қоидаларига янгилари жорий этилиб, кўплаб ўзгаришлар киритилмоқда. Ростини айтсам, бунга спортчиларнинг мослашиши бироз қийин бўлмоқда. ЖЧдан кейин бу қоидалар Халқаро дзюдо федерация томонидан спортчилар ва уларнинг мураббийлари билан маслаҳатлашиб  қайтадан кўриб чиқилади.

– Тассавур қилинг, икки дзюдочи татамида. Бирининг қўллаган усули эски қоидалар бўйича юко берилса бўладими йўқми,  дегандек ўйлантирадиган ҳолатда. Якунда юко берилади. Орадан бироз ўтиб, нариги спортчи ишлатган усул эски қоида бўйича вазари ёки иппон ўртасидаги баҳсли ҳолатда. Якунда вазари берилди. Ҳозир шундай бўлса, икки вазият учун ҳам бир хил баҳо берилади. Бу адолатдан эмас-ку?

– Ҳа, бу иккинчи дзюдочи учун адолатсизлик. Шу ва бошқа ҳолатларни мисол қилиб айтсак, охирги киритилган ўзгаришлар шахсан менга умуман ёқмади. Иппонга тортадиган усулни 3-4 бора, борингки, 10 марта бажарсангиз ҳам ҳакамлар вазари кўрсатиб туравериши мумкин, лекин якунда рақибингизнинг биргина қўллаган усули баҳс тақдирини ҳал қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Аввал 2 та вазари олсангиз, ғалаба сизники бўларди. Қоиданинг айнан шу жиҳатлари айтиб ўтганимдек, жаҳон чемпионатидан қайтадан кўриб чиқилади.

Rishod Sobirov

– Ҳар циклда қоидалар ўзгартирилади. Фикрингизча, қайси даврдаги тизим дзюдочилар учун энг оптимал вариант эди? 

– 2012 йилги Олимпиадан кейин дзюдога  қонун-қоидаларига янги ўзгаришлар киритилганди.  Менимча, бу жуда ўринли бўлган. Айниқса, оёқдан фойдаланиш ман қилингани ўзбек спортчилари учун анчайин  қулайлик туғдирди, лекин ҳозир жорий этилаётган қоидалар, очиғи, менга унчалик манзур емас. Бундан ташқари уларга спортчиларимиз мослашишига улгура олишмаяпти.

–  Ўғилларингизга  Муҳаммадали ва Элшод деб исм қўйгансиз. Машҳур боксчиларга ҳавас қилиб шундай қилганмисиз?

– Фарзандларимга исм қўйишда кўп ўйлангандим. Ота-онам, яқин инсонларимдан  маслаҳат сўраганман. Ёшлигимдан боксга қизиққаним, Элшод Расулов ҳам яқин дўстим бўлганим учун катта ўғлимга Элшод деб исм қўйганман. Фарзандларимнинг бири боксчи, бири дзюдочи  бўлишини хоҳлайман.

– Фарзандларингизга қанчалик тез-тез вақт ажратасиз?

– Рио Олимпиадасидан кейин деярли ҳар куни фарзандларим, оилам билан биргаман, чунки бу дамларни сал кам 20 йил кутдим.  Бир йил давомида узоғи йигирма ёки ўттиз кун уйда бўлардик. Бошқа пайтлар машғулотлар, мусобақалар ва чет эл сафарларида бўламиз. Шунинг учун ҳам оилага жуда кам вақт ажратар эдик.

– Спортчилик фаолиятингизда сиз учун энг муҳим ва ҳал қилувчи баҳс қайси бўлган?

– Рио Олимпиадаси мен учун энг муҳими бўлган, чунки бу  фаолиятимдаги энг охирги баҳс бўлди. Пекинда Олимпиаданинг нуфузини у қадар ҳис қилмагандим. Лондондан кейин яна битта Олимпиадам бор-ку, деб ишлашда давом этдим.  Риога келганда  жуда катта ҳаяжон бўлди. Сабаби бу мен учун сўнгги Олимпиада бўлишини билардим. Шунинг учун боримни беришга мажбур эдим. Мана, якунда меҳнатимга яраша тақдирландим. Ким билади дейсиз, балки ўшанда медалсиз қолганимда ҳали ҳамон курашиб юрган бўлармидим?! (кулади) . . .

Rishod Sobirov

– Дзюдодан ташқари яна қайси спорт турларини томоша қилиб турасиз?

– Боксни  катта қизиқиш билан кўраман. Бундан ташқари футбол бўйича миллий терма жамомиз  ўйинларини ҳам кузатиб бораман.

– Шу ўринда, терма жамоамизнинг Россияда мундиалига чиқиш имкониятларини қандай баҳоласиз?

– Олдиндан бирон нарса деб бўлмайди. Омадимиз келса, ЖЧга бориш футболчиларимизга ҳам насиб этади. Мен ҳам вазият қандай бўлишидан қатъи назар, мухлислар сингари фақат ва фақат омад тилаб қола оламан холос.

– Яқинда Мейвезер ва Макгрегор ўртасида баҳс бўлиб ўтади. Бу жанг ҳақида қандай фикрдасиз? Кимнинг ғалабасини тахмин қиласиз?

– Шубҳасиз, жуда чиройли жанг бўлади. Ҳар иккиси ҳам ажойиб спортчилар, лекин ғолиб томон номини айтишга шошмаган бўлардим. Сабаби уларнинг ҳар иккиси ҳам профессионал спортчилар. Ҳа, кўпчилик учун Флойд фаворитдир, бироқ бунда кимнингдир ғалабасига ишониб қолиш қийин масала. Кутилмаган вазият барчасини тубдан ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас.

Rishod Sobirov

– Шу пайтгача курашган ареналар ичида қайси бирининг муҳити сизга кўпроқ ёққан?

– Ҳаммаси ҳам ўзига яраша яхши, аммо энг ёққани  Франциядаги арена. Жуда катта зал, юқори даражадаги қулайлик, томошабинларнинг ўриндиқларни тўлдириб ўтириши менга ўзгача завқ берган. 2011 йилги жаҳон чемпионатида, қолаверса, ўша даврда Париж Катта дубулға турнирларида иштирок этиб юрганимда менинг франциялик мухлисларим жуда кўп эди. Бундан ташқари Лондонда бўлган Олимпиада ҳам  менга жуда манзур бўлган.

– Олимпиадада 3 карра  бронза медали соҳибисиз. Шу 3 та бронзани 1 та олтин медалига алмашармидингиз?

– Олимпиадада олтин медаль менга армон бўлиб қолди, бироқ бронза медалларимни олтинга алмашмаган бўлар эдим. Негаки, уларнинг орқасида тинимсиз меҳнат, машаққат бор. Қўлга киритган ҳар бир бронза медалим мен учун олтинга тенг!

– Суҳбатингиз учун ташаккур!

Юлдуз Раҳматова ёзиб олди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!