Сервер Жепаровнинг янги жамоаси ҳақида нималарни биласиз?

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси – Сервер Жепаров Эроннинг “Истиқлол” жамоасига ўтгани тўғрисида хабар бериб ўтган эдик. Осиёнинг икки карра энг яхши футболчисининг янги жамоаси ҳақида нималарни биласиз? Агарда бу саволга жавоб беришда қийналган бўлсангиз, биз жавоб берамиз.

Клуб тарихи

Жепаровнинг янги клуби 1945 йилнинг 26 сентябрида “Дочаркех Саваран” номи остида ташкил топган бўлиб, 1949 йилдан бошлаб “Тож” номи остида фаолият юритган. 1979 йил мамлакатдаги катта ўзгаришлардан сўнг жамоа бугунги номи – “Истиқлол”ни олади. “Истиқлол” ибораси форсчадан “мустақиллик” деган маънони англатар экан. “Истиқлол” спорт жамияти бўлиб, мазкур номни спортнинг бошқа турларида ҳам учратишингиз мумкин бўлади. Ушбу спорт жамиятига уч нафар офицерлар: Мирзани, Жанонпур ва Навоблар томонидан асос солинган экан. Клуб кўк-оқ ранг либосларда ҳаракат қилади.

Жамоа стадиони

“Истиқлол” ўз уй учрашувларини ўша машхур “Озоди” стадионида ўтказиб келади. Бугунги кунда ўз бағрига 78 мингдан зиёд мухлисни ўз бағрига сиғдира олувчи мазкур аренага 1973 йилда асос солинган. Стадионнинг катта сиғимига қарамай “Техрон дербиси”да баъзан мухлисларга жой етмай қолар экан.

Жамоа совринлари

“Истиқлол” мамлакатдаги энг совриндор жамоалардан саналади. Техрон клуби шу кунга қадар 8 бор Эрон чемпиони бўлган экан. 2001 йилда Эрон Про лигасига асос солинган ва кўпчилик манбаларда натижалар айнан ана шу йилдан бошлаб ҳисобланади. Шундай бўлган тақдирда жамоанинг чемпионликлари сони 3 тани ташкил этади. Жепаровнинг янги клуби сўнгги бор 2012/13 йилги мавсумда Про лигада ғолиб чиққанини таъкидлаш жоиз.

Эрон кубоги(Хафзи кубоги)ни қўлга киритиш бўйичг эса “Истиқлол”нинг олдига тушадигани йўқ. Клуб мазкур мусобақа финалларига 10 бор чиққан бўлса, шулардан 6 тасида ғалаба қозонган, ўз-ўзидан аёнки, қолган 4 сафар эса имконият бой берилган.

Халқаро аренада ҳам жамоа етарлича обрўга эга саналади. “Истиқлол” икки бор ОЧК(ОЧЛ)да зафар қучган ва бу борада Эрондаги илк жамоа саналади. Тўғри, мазкур муваффақиятлар ўтган асрда қолиб кетганини таъкидламасдан илож йўқ.

Клубнинг машхур мухлислари

Юқорида таъкидлаганимиздек, Эронда мухлислар футболни севишади ва ҳар бир ўйинда ўз севимлиларини стадиондан туриб қўллашга интилишади. Бундан ташқари эса клуб бир қатор машхур мухлисларига эга: Мухаммад Ризо Пахлави(Эроннинг сўнгги шаҳзодаси), Ники Карими(актриса), Шила Худад(актриса), Хамид Хаддоди(баскетболчи) ва ҳоказолар.

“Исқиқлол” бугунги кунда…

Жамоани бугунги кунда маҳаллий мутахассис – Алиризо Мансуриян бошқариб келмоқда.

Мансуриян жамоани ёзда қабул қилиб олди. Унга қадар эса Эрон терма жамоасида ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган бўлса, кейинчалик Эрон олимпия(U-23) термасига мураббийлик қилди. “Истиқлол”га келгунига қадар эса у “Нафт” жамоасида фаолият юритиб келган.

Эрон Про лигаси “куз-баҳор” тизимида ўтишини инобатга оладиган бўлсак, Жепаров “Истиқлол”га мавсум ўртасида бориб қўшилди. Таъкидлаш жоизки, унинг янги клубининг ишлари у қадар “юришмаяпти”. “Истиқлол” Хафзи кубогидаги юришини чорак финалдаёқ якунлаган бўлса, чемпионатда 5-ўринда бормоқда. Дарвоқе, “Истиқлол”ни февраль ойида ОЧЛ саралаш босқичи доирасида “ Ас-Сад”га қарши ўйин кутиб турганини айтиш лозим.

Жамоа таркиби

Мухлисларимизда “Жепаров янги жамоасида кимлар билан тўп тепади?” деган савол пайдо бўлган бўлиши табиий. Биз эса уларнинг айримларини келтирамиз: Мехти Раҳмати, Хусро Хайдари, Робсон(Бразилия), Храйр Мкоян(Арманистон), Леандро Падовани(Бразилия).

 

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!