Сўнгги дақиқалар талвасаси

Бугун Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаши сўнгги босқичи 6-турида Сурияга қарши баҳс олиб борди ва мағлубиятга учради. Ўйин сўнггида Омар Харбин томонидан киритилган ягона гол учрашув тақдирини хал этди. Биз эса кўникиб қолганимиз – сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган голларни эслашга ҳаракат қиламиз. Ха, тўғри айтдингиз, бундай ўйинларимиз кўп-ку, унда бундай қиламиз, фақат мундиаллар саралашида худди бугунги каби сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб, мағлубиятга учраган ҳолатларни эслаймиз.

Жанубий Корея 2:1 Ўзбекистон

ЖЧ-1998 сарлаши. Финал босқичи

Гол ўтказиб юборилган дақиқа: 87

Бу бизнинг мундиал учун қилган илк ҳаракатимиз эди. Саралашнинг финал босқичидаги илк турда Японияга йирик ҳисобда мағлуб бўлган футболчиларимиз иккинчи турда Жанубий Кореяга сафар уюштиради. 65 мингдан зиёд мухлис кўз ўнгида 86 дақиқа 1:1 ўйнаб берган йигитларимизга қолган дақиқалар оғирлик қилган ва Ли Санг Юн томонидан киритилган гол ўйинга нуқта қўйган эди – 2:1.

Ўзбекистон 0:1 Баҳрайн

ЖЧ-2010 саралаши. Финал босқичи

Гол ўтказиб юборилган дақиқа: 90+5

Нимагадир, олдинлар шу Баҳрайн билан ўйинда “нималардир” бўлиб кетар эди. Жумладан 2009 йилнинг 11 февраль санасида бўлиб ўтган ўйин ҳам бундан мустасно эмас. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда гол ўтказиб юборган Миржалол Қосимов шогирдлари якунда дурангдан ҳам қуруқ қолишган эди.

Ўзбекистон 0:1 Эрон

ЖЧ-2014 саралаши. Финал босқичи

Гол ўтказиб юборилган дақиқа: 90+4

Бугунги баҳсдан фарқли ўлароқ Вадим Абрамов бошчилигидаги жамоа рақибни “сиқиб” қўя олган эди. Аммо гоҳо вазиятлардан унумли фойдалана билмаган бўлсак, фойдаланганимизда бош ҳакам Юичи Нишимура буни тан олмагани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Ўшанда япониялик ҳакам Ахмедовнинг “тоза” голини инобатга олмаган эди. Якунда, эронликлар қарши ҳужумдан самара чиқарган холда Муҳаммад Халатборининг голи эвазига сафардан 3 очко билан қайтишга муваффақ бўлган эди. Қизиғи, шу биргина мағлубият Абрамовнинг кетишига сабаб бўлган эди.

Жанубий Корея 2:1 Ўзбекистон

ЖЧ-2018 саралаши. Финал босқичи

Гол ўтказиб юборилган дақиа: 85

Термамизнинг бугунгидан олдинги баҳси. Ўйин аввалида Бикмаевнинг голи эвазига эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олган футболчиларимиз иккинчи бўлимда умуман ўзларига “ўхшашмаган” эди. Қарабсизки, ҳисоб 2:1.

Сурия 1:0 Ўзбекистон

ЖЧ-2018 саралаши. Финал босқичи

Гол ўтказиб юборилган дақиқа: 91

Тан олиш керак, олдинлари биз яхши ўйнасак ҳам ҳужумчиларимизнинг нўноқлиги туфайли гол ура олмасдан, аксинча, арши ҳухумда ўтказар эдик. Бугунги кунда эса гарчи яхши ўйнай билмасакда, ўша аҳвол кузатилмоқда. Бугун ўйинда айтарли вазият ярата билмаган футболчиларимиз ҳақли равишда белгиланган пенальти ва 11 метрли жарима зарбасидан киритилган ажойиб гол эвазига ортга “қуруқ қўл” билан қайтадиган бўлишди.

Тавсия этамиз: 

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!