Темурхўжа Абдухолиқовнинг янги жамоаси ҳақида нималарни биласиз?

 Ўтган мавсумни “Локомотив” жамоаси сафида ўтказган Темурхўжа Абдухолиқов ўз фаолиятини Қатарда давом эттириши ҳақида маълумот берган эдик. 2016 йил Олий лига тўпурари бўлган ҳужумчи фаолиятини “Ал Сайлия” билан боғлашга қарор қилди. Қуйида унинг янги жамоаси ҳақида батафсил тўҳталамиз.

Сервер Жепаровнинг янги жамоаси ҳақида нималарни биласиз?

Клуб тарихи

Мазкур клуб 1995 йилнинг 10 октябр санасида “Ал Қодисия” номи остида ташкил этилган. Ҳозирги номини эса 2003 йилда олган экан. Абдухолиқовнинг янги жамоаси “лифт” жамоалар сирасига киради. Яъни, бир мавсум олий дивизионда ҳаракат қилса, келгуси йили қуйи лигага равона бўлади. “Ал Сайлия” “Adidas” фирмаси томонидан тақдим этилган кўк-қора ёки кўк-оқ рангли спорт формаларида тўп тепади. Клубнинг титул ҳомийси “Қатар Ислом банки” саналади. Мамлакатда нуфузи жиҳатдан иккинчи ўринда турувчи “Q лига”да “Ал Сайлия”нинг иккинчи(резерв) жамоаси тўп суриб келади.

Жамоа стадиони

“Ал Сайлия” ўз уй учрашувларини 25 минг мухлисни ўз бағрига сиғдира оладиган “Ахмад бин Али” стадионида ўтказиб келади. Мазкур ўйингоҳда шунингдек, Сардор Рашидов тўп тепадиган “Ал Жаиш” ўйнашини таъкидлаш жоиз.

Жамоа совринлари

Юқорида таъкидлаганимиздек, “Ал Сайлия” олий ва биринчи лига атрофида “ўралашиб” юрадиган жамоа саналади ва 4 бор Қатарда нуфузи жиҳатдан иккинчи ўринда турувчи “Q лига”да нақд 4 бор ғолиб чиққан бўлиб, бу борада “Ал Гарафа” хамда “Ал Мархия” жамоалари билан бир хил кўрсатгичга эгадир.

“Ал Сайлия” учун “Юлдузлар лигаси”даги энг омадли мавсум 2013/14 йилги мавсум бўлса ажаб эмас. Зеро ўша мавсум клуб чемпионатни 4-ўринда якунлашга эришади.

“Ал Сайлия” бугунги кунда…

Жамоани бугунги кунда тунислик мутахассис – Сами Трабелси бошқариб келмоқда.

2011-2013 йилларда Тунис термасига устозлик қилган Трабелси “Ал Сайлия”га 2013 йилдан буён мураббийлик қилиб келмоқда. Аксарият араб жамоаларида мураббийлар кўнимсизлиги вужудга келган бўлса, “Ал Сайлия” раҳбарлари ҳозирча мураббийнинг ишларидан қониқиш ҳосил қилмоқда.

Қатар юлдузлар лигаси “куз-баҳор” тизимида ўтишини инобатга оладиган бўлсак, Темурхўжа жамоага давралар оралиғида бориб қўшилмоқда. Қайд этиш жоиз Абдухолиқовнинг янги жамоаси айни вақтда 16 ўйиндан сўнг 14 жамоа орасида мусобақа жадвалининг 11-поғонасини эгаллаб турибди.

Жамоа таркиби

Кўпчилик мухлисларимизда Абдухолиқов янги жамоасида кимлар билан тўп тепиши қизиқтириши табиий. “Ал Сайлия” дарвозасини 26 ёшли франциялик Грегори Гомис қўриқлайди. Бундан ташқари руминиялик Драгош Григоре ҳимояда ўзининг ишончли ҳаракатлари билан ажралиб туради. “Ал Сайлия”нинг ҳужум чизиғида камерунлик Алo’о Эфоло ҳамда Раул Лоелар ажралиб туради. Бундан ташқари таркибда тунислик ва конголик футболчилар ҳам мавжуд.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!