Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Россиядаги турнирдан 2 та медаль билан қайтди

 

11-12 февраль кунлари Россиянинг Подольск шаҳрида юнон-рум кураши бўйича Европа чемпиони В. Ивлев соврини учун IX Халқаро турнир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон МОҚ матбуот хизматининг хабар беришича, унда асосан Россия, Қозоғистон, Беларус ҳамда ўзбекистонлик полвонлар ғолиблик учун кураш олиб боришди. Мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси саккиз нафар курашчи билан иштирок этди. 

Жумладан 59 кг вазн тоифасида Феруз Тухтаев, 66 кг вазнда Данила Морозов ва Нурбек Ўктамов, 80 кг вазн тоифасида Жонибек Отабеков, 85 кг вазнли спортчилар баҳсида Рустам Султонов, 98 кг вазн тоифасида Жаҳонгир Турдиев ва Икром Ибрагимов, шунингдек ўта оғир, яъни 130 кг вазн тоифасида Аббос Ибрагимовлар юртимиз шарафини ҳимоя қилишди. 

Мусобақада Феруз Тўхтаев барча рақибларини мағлуб этиб, якунда олтин медаль соҳибига айланди ва шоҳсупанинг энг юқори қисмидан жой олди. Жонибек Отабеков эса кумуш медалига сазовор бўлди. Бундан аввалроқ ушбу полвонимиз Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ташкил этилган жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритганди. Ана шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси Россиядаги турнирни битта олтин ва битта кумуш медали билан якунлади. 

Энди эркин ва юнон-рум курашчиларимиз Туркияга йўл олишади ва мавсумнинг навбатдаги халқаро мусобақасида иштирок этишади. Истамбулда ташкил этиладиган турнир 3-5 март кунлари юнон-рум кураши вакиллари иштирокида бўлиб ўтса, 10-12 март кунлари эркин курашчиларимиз гиламга чиқишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!