Ҳусановга ўта муҳим вазифа юкланади

Абдуқодир Ҳусанов ўйнаётган “Ланс” жорий мавсумда Франция чемпионати совриндорлари қаторига кира олмади. Айни пайтда Франк Хейз шогирдларининг асосий вазифаси чемпионатни Еврокубокларга йўлланма берадиган ўринларда якунлашдан иборат.

Франция чемпионатида дастлабки олти поғонани эгаллаган жамоаларга келаси мавсум халқаро мусобақаларда мамлакат шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилади. “Ланс” ҳозирча олтинчи қатордан жой олган ва охиригача шу позициясини ушлаб қолиши керак.

Лансликлар эгаллаб турган ўринга назарий жиҳатдан “Ренн”, “Марсель” ва “Лион” даъвогарлик қилмоқда.

Чемпионат якунланишига икки тур қолганида “Ланс”нинг асосий ҳимоячиси Кевин Дансо узоқ муддатга сафдан чиқди. Австриялик футболчи аввалги турда “Лорьян”га қарши баҳсда шикастланди ва тиббий кўрик тикланиш учун бир неча ҳафта зарурлигини кўрсатди.

“Ланс” фаолиятини ёритиб келаётган lensois.com сайти бўлажак ўйинларда Кевин Дансонинг йўқлигини билдирмаслик учун мураббийлар штаби қандай йўл тутиши тўғри бўлиши ҳақида сўровнома ўтказди.

Унга кўра, жамоа мухлислари ҳимоя марказини Абдуқодир Ҳусановга топшириш кераклигини таъкидламоқда. Легионеримиз учун сўровномада қатнашганларнинг 72,32 фоизи овоз берди.

Сўровнома натижаси қуйидагича кўринишга эга бўлди:

Абдуқодир Ҳусанов 72,32%

Тўрт ҳимоячи билан ўйнаш усулига ўтиш 22,1%

Массадио Хайдара 4,69%

Бошқа футболчи ўйнаши керак 0,89%

Ушбу сайт фойдаланувчилари изоҳларда ҳам Абдуқодир Ҳусановга ишонч билдириш лозимлигини сўраётган бор.

Sports.uz портали ланслик мухлисларининг легионеримиз ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.

Weedomaker:

Мен шахсан Абдуқодир Ҳусановни тавсия қиламан. Хайдаранинг тажрибаси катта экани шубҳасиз. Лекин у табиатан универсал эмас. Массадио аскар, унга қандай кўрсатма берилса, фақат шуни бажаради. Хатоларга йўл қўйиб туриши ҳам бор гап.

Ҳусанов ёш, навқирон ва ҳақиқий универсал. Биз унга имкон беришимиз, келажакда унга ишонаётганимизни кўрсатишимиз керак.  Агар уни асосий ўйинчига айлантира олмасак, катта клублар олишимиз мумкин бўлган даромаднинг арзимаган қисмини бериб, Ҳусановни олиб кетади.

IamMe190691:

Сўровнома натижаларига тўлиқ қўшиламан. Ҳусанов бошланғич таркибда ўйнасин.

Fred28:

Ҳусановнинг ўйнаши нормал ҳолат. Лекин у ҳам керак бўлмаган хатоларга йўл қўяди. Қўпол ўйнайди. Унга барқарорлик керак.

Bonaparte:

Менимча, Европага йўлланма берадиган муҳим учрашувларга тажрибалироқ бўлган Хайдарани қўйиш керак. Хусанов ўзининг шиддатли ўйинини етарли даражада назорат қила олмаслиги мумкин.

“Ланс” чемпионатдаги охирги икки ўйинини 11 май куни сафарда “Ренн”га, 18 майда ўз майдонида “Монпелье”га қарши ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсумда Франция чемпионатида жами ўнта учрашувда иштирок этиб, тўрт маротаба сариқ карточка олди.

Шомуродов номини тарихга муҳрлади

Шомуродов навбатдаги учрашувда антиқа рекорд ўрнатади

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию