Рафаэль Физиев- Матеуш Гамрот жангида ким ғалаба қозонади? Ўзбек яккакураш олами вакиллари жавоб берди

  • 21 Sep 15:09
  • 0
  • MMA

23 сентябрь куни "UFC Fight Night 228" турнири бўлиб ўтади. Марказий жангда енгил вазн (70,3 кг) тоифаси вакиллари Матеуш Гамрот ҳамда Рафаэль Физиев тўқнаш келади. Биз анъанага содиқ қолган ҳолда, ўзбек яккакураш олами вакилларининг ушбу жанг борасидаги фикрларига қулоқ тутдик.

Хожиакбар Ҳакимов - Ўзбекистон панкратион ва грепплинг ассоциацияси раиси

- Бу жанг жуда ҳам қизиқарли тарзда ўтади, деб ўйлайман. Рафаэль Физиевнинг  жангдаги имкониятларини юқори баҳолаган бўлардим. Бироқ, бу UFC ва олдиндан бирор бир фикр билдириш қийин. Барчасини жанг кўрсатади.

IMG_20230921_144828_803

Мавлонбек Қаҳҳоров - муайтай ва К-1 жангчиси

- Иккиси ҳам жуда маҳоратли жангчилар саналади. Тўғриси, имкониятлар борасида бир нима дея олмайман. Аммо, Физиевни ютишини хоҳлайман ва унга мухлислик қиламан. Сабаби, у бизнинг муайтайдан ММАга ўтган спортчи ҳисобланади.

IMG_20230921_141725_250

Мавлуд Тифиев - муайтай, К-1, ММА жангчиси

- Рафаэль Физиевнинг бу жангда ғалаба қозонишига шубҳа қилмаяпман. Чунки унинг имкониятларини жуда яхши биламан. Таиландда кўп ўқув-машғулот йиғинларида бирга бўлганман ва қадрдонмиз десам ҳам бўлади. Гамрот курашчи ва Рафага албатта "партер"да қийин бўлиши мумкин. Аммо, у жангни "партер"га кўчишига йўл қўймайди, ҳимояси мустаҳкам. Ўйлайманки, муддатидан аввал Рафа ғалаба қозонади.

IMG_20230921_144116_713

Рамзиддин Омонов - ММА жангчиси

- Матеуш Гамротнинг баъзаси эркин кураш саналади. Жангларида асосан курашади. Арман Царукянни ҳам мағлуб қилган. Физиев эса "стойка"да кучли. Агар, жанг тўлиқ давом этса, очколарга кўра Гамрот ютади. Бироқ жанг муддатидан аввал якунланиши мумкин. Имкониятлар 60/40 Физиевда юқори.

IMG_20230921_144025_242

Мавлонбек Мавлонов - мураббий

- Гамрот грепплер, Физиев "стойка"чи бунда Гамротда имконият кўпроқдек, туюлиши мумкин. Аммо, мен бошқача фикрдаман. Яъни, Физиевнинг Дос Аньос каби грепплер билан жангини ҳам кўргандик. У ўзини курашини Физиевга ўтказа олмаганди. Худди шу сценарий такрорланади ва Физиев муддатидан аввал нокаут ёки техник нокаут билан ғалаба қозонади.

IMG_20230921_151006_550

Тимур Маъмуржонов - ММА жангчиси

- Менимча бу жангда Рафаэль Физиев ғалаба қозонса керак. У анчагина яхши жисмоний ҳолатга эга эканлигини Жастин Гэтжига қарши жангида ҳам кўрдик. Кейин ўша мағлубиятни ёпиш учун ҳам бор имкониятини ишга солади. Имкониятларни 60/40 деган бўлардим.

IMG_20230921_144009_511

Ҳумоюн Маҳкамов - ММА жангчиси

- Яхши жанг бўлади, Физиев мухлисларга ёқадиган жанг намойиш этади.Гамротни ҳам шу тоифага қўшган бўлардим. Ҳа, Физиевда жуда кучли зарба бор. Муайтайдан чиққани учун Гамрот унга "стойка" да қаршилик кўрсата олмайди. Шунинг учун у ўзининг курашидан фойдаланади. Гамротнинг курашига Физиев қанчалик чора топа олади, жанг натижаси шунга боғлиқ бўлади. Менимча жанг очколар ҳисобида Гамротнинг фойдасига якунланса керак.

IMG_20230921_144217_512

Жавоҳир Абдуғаниев - ММА жангчиси

- Рафаэль Физиев зўр жангчи, унинг ҳаракатлари менга ёқади. Аммо Гамротнинг кураши кучли. Унинг баъзаси эркин кураш ва у бундан яхши фойдаланади, деб ўйлайман. Жанг тўлиқ давом этади ва очколар ҳисобида Гамрот ғалаба қозонса керак.

IMG_20230921_144338_519

Comments

You must be logged in to commet!