Стол тенниси. Лицензион мусобақада иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси таркиби эълон қилинди

Жорий йилнинг 17-19 май кунлари пойтахтимиз Тошкент шаҳрида стол тенниси бўйича Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи лицензион мусобақа бўлиб ўтади. Қайд этиш лозимки, Марказий Осиё минтақаси вакиллари ўртасида кечадиган баҳслар эркаклар ва аёллар ўртасида яккалик йўналишида ташкил этилиб, турнирда фақат олтин медални қўлга киритган 1 нафар эркак ва 1 нафар аёл спортчи Олимпиада лицензиясини қўлга киритади.

Ушбу мусобақада иштирок этиш учун Ўзбекистон, Қозоғистон, Эрон, Туркманистон ва Қирғизистондан 18 нафар спортчи рўйхатдан ўткаган. Лицензион турнирда терма жамоамиз шарафини қуйидаги спортчилар ҳимоя қилади:

Эркаклар: Зоҳид Кенжаев ва Шоҳруҳ Искандаров;
Аёллар: Марҳабо Магдиева ва Розалина Хаджаева.

Маълумот учун, Зоҳид Кенжаев Ўзбекистон тарихида Олимпиадада иштирок этган биринчи ва ҳозирча ягона спортчи ҳисобланади. У 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ўйинларда юртимиз шарафини ҳимоя қилган. Таркибдан ўрин олган Шоҳруҳ Искандаров, Марҳабо Магдиева ҳамда Розалина Хаджаева ҳам кўп карра Ўзбекистон чемпиони ва бир қатор халқаро мусобақалар ғолиб-совриндорлари ҳисобланади.

Бахтиёр Тоштемиров.

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию