Теннис. Тошкентда мураббийлар учун халқаро семинар бошланди

Тошкентда "Олимпия бирдамлиги" дастури асосида теннис мураббийлари учун семинар бошланди. Халқаро теннис федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган ушбу лойиҳада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан жалб этилган мутахассислар билан бирга Қозоғистон, Қирғизистон ва Ироқдан ташриф буюрган 16 нафар тренер иштирок этяпти.

Бугун Республика Олимпия захиралари теннис мактабида (РОЗТМ) семинарнинг очилиш қисмига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Халқаро теннис федерацияси, Ўзбекистон МОҚ ва РОЗТМ мутасаддилари қатнашиб, иштирокчиларга омад тилашди.

Семинар 30 июлга қадар давом этади. Режага кўра, унинг доирасидаги назарий ва амалий дарслар РОЗТМнинг ўзида ўтказилади. Унда мураббийлар халқаро федерация томонидан жалб этилган экспертлар эронлик Сейдемир Борғеи, филиппинлик Краут Питер ҳамда ҳамюртимиз Игорь Шелякиндан сабоқ олишади. Дарслар ёш теннисчиларни ўқитишнинг замонавий методикаси, уларга тўғри жисмоний юкламалар бериш, уларнинг психологияси билан ишлаш, техник ҳаракатларни бехато бажаришга ўргатиш каби йўналишларда олиб борилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!