Оғир атлетика. Кумушхон Файзуллаевадан олтин медаль

 

Жанубий Кореянинг Янггу шаҳрида оғир атлетика бўйича Осиё Кубоги ҳамда клублар ўртасидаги Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда. Бугун хотин-қизлар ўртасида 63 ҳамда 69 кг. вазн тоифаларида беллашувлар ўтказилди. 63 кг. вазн тоифасида чиқиш қилган Кумушхон Файзуллаева даст кўтаришда 87 кг, силтаб кўтаришда 114 кг, умумий 201 кг. натижаси билан биринчи ўринни эгаллади ва терма жамоамиз ҳисобига Осиё кубогидаги учинчи олтин медални қўшиб қўйди.

69 кг. вазн тоифасида иштирок этган Турсуной Жабборова эса 91+108=199 натижаси билан кумуш медалини қўлга киритди. Эътиборлиси, бугун олтин ва кумуш медалларига эга чиққан ҳар иккала қизимиз ҳам 2002 йилда таваллуд топишган, яъни келаси йили Аргентинада бўлиб ўтадиган III ўсмирлар Олимпия ўйинларида иштирок этиш имкониятига эгалар. Кореядаги мусобақада улар катталар орасида совринли ўринларга сазовор бўлиб, шоҳсупага кўтарилишди. Демак, ўз ўзидан кўриниб турибдики 2018 йилда Буэнос-Айресда ҳам юртимиз спорт мухлислари улардан медаллар кутишга хақлилар.

Ана шу тариқа мусобақанинг уч кунида терма жамоамиз аъзолари хозирча 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалларига эга бўлишди.

Муаттар Набиева - олтин
Сарвар Тоштемиров - олтин
Кумушхон Файзуллаева - олтин
Муҳаммадали Қахрамонов - кумуш
Турсуной Жабборова - кумуш
Махлиё Тоғоева - бронза

Бугун шунингдек, эркаклар ўртасида 85 кг. вазн тоифасида беллашувлар давом этяпти. Ушбу вазнда терма жамоамиз аъзоларидан Файзулло Набиев ва Суннат Ўсаровлар ҳам ғолиблик учун баҳсларга киришишган. Натижалар хақида бироз кейинроқ маълумот берамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!