Неймар оғир аҳволда ёхуд суперҳужумчи футболдан кетиши мумкин

Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Тите "Барселона" ҳужумчиси Неймар Испания суди билан боғлиқ муаммо туфайли мураккаб вазиятга тушиб қолганидан хавотирдалигини маълум қилди. Чунки Испанияда Неймарни футболдан четлатиш ва беш йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилишмоқда.
 
- Агар инсон ўз ишига шўнғиб кетса, муаммолар йўқ бўлиб кетади, деган гап ғирт ёлғон, - деди Тите. - Муаммоалар Неймарга ва унинг ўйинига ҳам албатта салбий таъсир ўтказади. Ҳозир ўз маслаҳатлари билан унга ёрдам берадиган одамлар керак.
 
Неймар 2013 йилги трансфер иши туфайли юзага келган можародан қутила олмаяпти. Унинг "Сантос"дан "Барселона"га ўтишида воситачи бўлган DIS инвестиция компанияси Неймарни беш қилга қамашни талаб қилмоқда. Испания суди эса "Неймар иши" бўйича суриштирувларни қайта бошлади.
 
"Неймар иши"да бразилиялик футболчи ва унинг отасидан ташқари, "Барселона"нинг аввалги президенти Сандро Росель, ҳозирги раҳбари Хосеп Мария Бартомеу, "Сантос"нинг собиқ президенти Одило Родригес ҳам айбдор деб топилиши мумкин. Чунки DIS компанияси уларнинг барчаси келишган ҳолда фирибгарлик қилганини ва уларнинг барчасини қамаш кераклигини иддао қилмоқда.
 
Ушбу компания вакиллари талабига кўра, "Барселона" Неймар учун тўлаган пулнинг 40 фоизини олиши керак бўлган. Бироқ, компанияга 17,1 миллион евро берилган. Неймарнинг трансфер суммаси 83,3 миллион еврони ташкил қилган.
 
SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!