"Яшил майдон" лойиҳаси. Элдор Шомуродов: 20 йилдан кейин ҳам футболда қолишни истардим

Хабарингиз бор sports.uz интернет-портали сиз Азиз футбол ишқибозларига мавсум бошидан буён Ўзбекистонда тўп сураётган футболчилар ҳаёти ва фаолиятини кенгроқ ёритишга мўлжалланган “Яшил майдон” лойиҳасини ҳавола этиб келмоқда.

Лойиҳамизнинг бу сафарги меҳмони футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ва Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби футболчиси Элдор Шомуродов бўлди. Эътиборингизга иқтидорли футболчи билан уюштирилган қизиқарли суҳбатни ҳавола этамиз.

- Лойиҳамизда иштирок этаётганингиздан жудаям ҳурсандмиз. Авваламбор, футболга кириб келишингиз ҳақида икки оғиз гапириб берсангиз.

- Тўғриси, ёшлигим футбол билан ўзаро чамбарчас боғлиқ десам асло муболаға бўлмайди. Боиси, оиламизга футбол бегона эмас эди. Дадамнинг ўзи мамлакат биринчи лигасида “Шўрчи Лочин” жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Бироқ, жароҳат туфайли катта футболни эрта тарк этишга мажбур бўлган. Амаким Илҳом Шомуродовни эса барча футбол ишқибиозлари яхши танишса керак. Юқорида тилга олган инсонлар сабаб мен ҳам катта футболга қадам қўйдим ва шу даражага етиб келдим.

- Амакингиз Илҳом Шомуродов фаолиятингизда қандай ўрин тутади?

- Шу даражага етиб келишимда Илҳом акамнинг ҳизматлари ва ўгитлари беқиёс. Сабаби, у инсон доимо менга ўзининг қимматли маслаҳатларини бериб боради. Камчиликларимни айтиб, уларни бартараф этишга ёрдам беради. Футболчилик фаолиятимдаги кўп билимларни айнан шу инсондан ўрганганман ва ҳозиргача ҳам билмаганларимни сўраб мурожаат қиламан.

- “Бунёдкор”дек жамоа сизга таклиф билан чиққанда, қалбингиздан қандай ҳиссиётлар ўтган?

- Албатта, “Бунёдкор”дек клубдан таклиф бўлгани жуда ҳам қувонтирган. Бироқ, дастлаб бундай жамоада ўз ўрнимга эга бўлишим ва ўз ўйинимни топишим ҳақида кўпроқ ўйлаганман. Шукурки мана ҳаммаси ижобий якун топди.

- Янги Зелландияда ўтказилган U20 ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Очиғи буни сўз билан ифодалай олмайман. Ҳаммаси ўзгача бўлган. Буни фақат ўша мусобақада иштирок этганларгина ҳис қила олади деб ўйлайман. Ушбу мусобақада кучли 8та терма жамоа қаторидан жой олганимиз эса футболимиз учун яхши натижа деб ўйлайман.

- Шу пайтгача урган энг чиройли голингиз?

- Қийин савол (кулади). Менимча ҳозиргача чиройли гол урганман дея олмайман. Шундай бўлса-да бу мавсумда “Насаф” дарвозасига урган голимни нисбатан чиройлироқ деб биламан.

- Ўзингизни 20 йилдан сўнг қандай тасаввур қиласиз?

- Тўғриси бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман. Ҳозир бор эътиборим футболга қаратилган. Бироқ, 20 йилдан сўнг ҳам футболда қолишни истардим.

- Замонавий футболда натижа муҳим, мухлисларга эса ҳужумкор ўйин ёқади. Сиз қай бирини танлардингиз?

- Биринчи навбатда албатта натижа. Чунки, футболда чиройли ўйин эмас, натижа тарихда қолади. Менимча ҳар қандай ғалаба мухлислар учун бирдек ёқимли.

- “Бунёдкор” жамоасининг сўнгги йилларда ОЧЛдаги муваффақиятсизликларига нима сабаб бўлди деб ҳисоблайсиз?

- Эътибор берсангиз, “Бунёдкор”нинг таркиби асосан ёшлардан иборат. Уларнинг кўпчилигига эса халқаро тажриба, ҳусусан ОЧЛдаги тажриба етишмади. Шу сабабли ҳам  “қалдирғочлар” ушбу турнирда ўтган мавсумларда бироз муваффақиятсиз иштирок этишди. Ўйлайманки жамоамиз келгуси мавсумларда ўз мавқейи даражасида иштирок этади.

- Тасаввур қилинг, агар қўлингизда сеҳрли ўчиргичингиз бўлганда, сиз ҳаётингизнинг қайси даврини ёки қайси хатоларингизни ўчириб юборган бўлардингиз?

- Ҳеч бир ҳолатни ўчирмаган бўлардим. Боиси, барча камчилик ва хатолар менинг шу даражага етиб келишимга ҳизмат қилган десам адашмаган бўламан. Шунинг учун ҳам барчасини ўз ўрнида қолдирган бўлардим.

- Мураббийингиз Сергей Лушчаннинг қайси ҳислатларини ҳурмат қиласиз?

- Сергей Лушчан билан дастлаб ёшлар терма жамоасида бирга ишлаганмиз. Мана энди “Бунёдкор”да ҳам бирга фаолият олиб боряпмиз. Сергей Ивановични биринчи навбатда инсон сифатида қаттиқ ҳурмат қиламан. Қолаверса, унинг ёшларга кўпроқ этибор қаратиши ва уларга катта ишонч билан қараши мени қувонтиради. У ўзига ҳос мураббий. Бир сўз билан айтганда Сергей Лушчан меҳрибон ва талабчан устоз.

- Жамоадаги энг яқин дўстингиз?

- Бу борада мен айни бир жамоадошимни ажратиб кўрсатмаган бўлардим. Сабаби, жамоамиз жудаям аҳил. Барчасини ўзимга яқин инсонлар деб биламан.

- Айни дамда “Бунёдкор”да деярли бир авлод вакиллари тўп суришмоқда. Тенгдошлар билан ўйнаш осонми ёки қийин?

- Бу жуда ажойиб. Чунки, анчадан буён бирга тўп суриб келамиз ва барчамиз деярли бир-биримизни яхши биламиз. Шу сабабли ҳам тенгдошлар билан тўп суриш анча қулай.

- Инсонни нима ўзгартириши мумкин?

- Менима бу биринчи навбатда унинг ўзига боғлиқ. Ўзгарадиган одам ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзгариши мумкин.

- Элдор Шомуродов учун Олий лигадаги энг ноқулай ҳимоячи ва дарвозабон?

- Айни бир дарвозабон ёки ҳимоячини кўрсатиб ўтишни истамайман. Чунки, барча рақибга бирдек ҳурмат билан майдонга тушаман. Рақибни менсимаслик эса ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Унга нисбатан қўрқувнинг пайдо бўлишига ҳам қаршиман. Боиси, агар футболчи майдонда қўрқиб ҳаракат қилса, кутилмаганда хатога йўл қўйиши мумкин.

- Инсон нимаганир эришиши учун нимадандир воз кечиши керак. Элдор Шомуродов нималардан воз кечган?

- Тўғриси узоқ вақт оиламдан йироқда бўлишимга тўғри келган. 5-синфдан бошлаб Қашқадарёдаги футбол академиясида ўқишни бошлаган кунимдан то шу кунгача узоқ вақт оиламдан йироқдаман.

- Юлдузлик касалига чалинишдан қўрқасизми?

- Албатта, бу ноҳуш ҳолатга тушиб қолмасликни истайман. Юқорида айтганимдек, бу ҳам инсоннинг ўзига боғлиқ.

- Голни қандай нишонлашни аввалдан режалаштирасизми ёки бу ўша пайтнинг ўзида содир бўладими?

- Бу нарсага олдиндан тайёргарлик кўрмайман. Гол урганимдан сўнг қалбимда қандай ҳиссиётлар пайдо бўлса шуни ифодалашга ҳаракат қиламан.

- Сизнингча гол уриш қийинми ёки голли узатма бериш?

- Иккаласи ҳам бирдек машаққатли. Бироқ, гол уриш қийинроқ деб ўйлайман.

- Омадга ишонасизми?

- Албатта.

- Хориждан таклифлар бўлганми?

- Йўқ. Менга бу ҳақда айтишмаган.

- Миллий терма жамоа аъзоси сифатида ЖЧ-2018 га чиқиш имкониятларимизни қандай баҳолайсиз?

- Ҳали ҳаммаси олдинда. Мундиалга чиқиш учун имкониятларимиз етарлича деб ўйламан.

Блиц саволлар:

  • Қайси жамоага мухлислик қиласиз?
  • “Челси”.
  • Ёқтирган рақамингиз?
  • 11.
  • Қайси рангни ёқтирасиз?
  • Оқ ва кўк рангларни яхши кўраман.
  • Китоб ёки газета?
  • Кўпроқ китоб ўқийман.
  • Кўп ишлатадиган сўзингиз?
  • Билмадим деган сўзни кўпроқ ишлатсам керак. Янаям билмадим (кулади).
  • Севимли таомингиз?
  • Ош.
  • Сиз ёқтирмайдиган сўз.
  • Менимча кайфият йўқлигида ҳар қандай сўз ёқмаса керак.
  • Ўзингизни телевизор орқали кўриш қизиқарлими?
  • Албатта.

- Мазмунли ва мароқли суҳбатингиз учун катта раҳмат, sports.uz интернет-портали келажакдаги фаолиятингизга омад тилаб қолади.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!