Асрор Алиқулов: "Бошқа сюрпризлар ҳам бўлиб қолиши мумкин"

Ўзбекистон Кубоги гуруҳ баҳслари якунига етди. “F” гуруҳида про лига вакиллари “Машъал” ҳамда “Бухоро” кейинги босқичга йўл олдилар. Шу гуруҳдаги ОКМК эса қолиб кетди. Сўнгги турда муборакликлар ўз уйида “Арал академия”ни 8:0 ҳисобида тор-мор келтирдилар. Натижада “Машъал” дастлабки вазифасини уддалади. Жамоа бош мураббийи Асрор Алиқулов эса шундай деди:

- “Арал академия” ёш жамоа. Биз бу ўйин орқали кейинги “Хоразм” билан бўладиган учрашувга тайёргарлик кўрдик. Футболчилар тактик кўрсатмаларни охиригача бажаришди. Ушбу ғалаба туфайли “Машъал” кейинги босқичга чиқди ва мухлисларимизни табриклайман.

- “Машъал” Қашқадарёдан ягона клуб сифатида кейинги босқичга чиқди. Жамоа гуруҳ босқичида ҳар хил жамоалар билан баҳс олиб борди. Масалан, Суперлига вакили ОКМКни сафарда ютди. Про лигадаги рақобатчи “Бухоро” билан дуранг ўйнади ва бу сафар биринчи лига клуби мағлуб этилди. Кейинги босқичда қуръа натижасига кўра қандай жамоа тушиб қолмаслигини хоҳлаяпсиз? Қолаверса, “Машъал”нинг миссияси Кубокда қайси босқичгача етиб бориш?

- Қуръа ўз номи билан қуръа. Қайси клубга тушишимиздан қатъий назар ўша жамоанинг ўйинини ўрганамиз ва кучни тақсимлаган ҳолатда ҳаракат қиламиз. Имкони қадар Кубок баҳсларида узоқроққача боришга ҳаракат қиламиз. Қандай жамоа бўлмасин биз максимал тайёргарлик кўрамиз. Битта ўйиндан иборат бўлиши ва рақиб Суперлига вакили бўлса ҳам охиригача боришни мақсад қиляпмиз. Кучимиз қанчага етишини бўлажак ўйинлар кўрсатади.

- Бу йил “Насаф” гуруҳда қолиб кетди. Мураббий сифатида қайси клубларнинг имкониятини юқори баҳолаяпсиз?

- “Насаф” гуруҳда қолиб кетди. Лекин Кубок учун асосий даъвогар эди. Чунки охирги йилларда ушбу мусобақани ютиб келаётганди. “Насаф”ни гуруҳидан чиққан “Навбаҳор” кучли таркибга эга. Бу турнирда кутилмаган ҳолатлар бўлиб қолиши мумкин. Суперлигада таркиби кучли йиғилган клубларни имконияти кўпроқ бўлади. Қайсидир маънода бошқа сюрпризлар ҳам бўлиб қолиши мумкин.

Comments

You must be logged in to commet!