Шерзод Эсанов "Динамо"га қарши ўйин, "Навбаҳор"га билан баҳсга тайёргарлик ва Кубокдаги вазифа ҳақида нималарни айтди?

Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичи 2-туридаги марказий учрашув шубҳасиз Наманганда “Навбаҳор” – “Андижон” ўртасида бўлиб ўтади.

Дастлабки турда “Андижон” ўз майдонида Самарқанднинг “Динамо”сини қабул қилди ва жанговар тарзда кечган учрашувда 2:2 ҳисоби қайд этилганини яхши билсангиз керак.

Ўша баҳсда андижонликлар таркибида иқтидорли ўйинчи Шерзод Эсанов боши билан рақиб дарвозасини ишғол қилганди. У бунгача чемпионатда ҳам битта гол ургани мухлисларининг ёдида.

Эсанов “Динамо”га қарши беллашув, “Навбаҳор”га билан баҳсга тайёргарлик ҳамда вазифа ҳақида гапирди.

- Бу мавсумда “Андижон” сафидаги иккинчи голингизни урдингиз. Сизда ҳужумкорлик ва голли иштиёқ сезилиб турибди. Бу мураббийни топшириғими ёки шахсий вазифангизми?

- Ассалому алайкум. Ҳа, албатта, ҳар бир футболчи ўзига мақсад қўяди. Жамоага озгина бўлса ҳам ёрдам бераётганимдан хурсандман ва бу мураббийимизнинг топшириғи.

- “Динамо” билан ўйин жуда шиддатли ва томошабоп ўтди. Ўйин ҳақида яна нималарни айта оласиз?

- Ўйин жуда ҳам қийин бўлиб ўтди. Майдонда бор кучимизни бердик. Мухлисларнинг тинимсиз қўллаб-қувватлаши ва характер эвазига ўйинда дуранг натижага эришдик, деб ўйлайман.

- Кубокдаги "ўлим гуруҳи" айнан “Андижон” жой олган гуруҳ ҳисобланади. Ўйинлар шунга монанд ўтяпти, деб ҳисоблайсизми?

- Ҳа, албатта. Бизнинг гуруҳимизда ҳамма жамоага гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилган ва ўйинлар шунга мос бўляпти, деб ўйлайман.

- Олдинда “Андижон”ни водий дербисида Наманганда “Навбаҳор”га қарши учрашув кутяпти. Ўйинга тайёргарлик қандай ва нима кутяпсиз?

- “Навбаҳор”га қарши ўйин учун ҳар томонлама тайёргарлик кўряпмиз. Албатта, бу водий дербиси. Биз Андижон халқи, “Андижон” мухлислари учун бор кучимизни майдонда берамиз.

- “Андижон” Суперлигада пешқадам бўлиб турибди. Бу ҳол Кубок баҳсларида жамоага мотивация беряптими? Умуман, қандай таъсир кўрсатяпти?

- Биз чемпионат ва Кубок баҳсларига бирдек тайёргарлик кўряпмиз. Худо хоҳласа, яхши натижалар кўрсатиб мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

- “Андижон”нинг Кубокдаги асосий вазифаси қандай?

- Ҳар бир клуб ўзига олий мақсад қўяди ва биз ҳам бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!