Суперлигада яна интрига қизийди

Ниҳоят, Суперлигамиз яна қайтди. Бугундан 6-турга старт берилади. Фақат ушбу турдан ўрин олган “Динамо” – “Олимпик” ўйини қолдирилди. Шундан келиб чиқиб “Пахтакор” – “Металлург” учрашуви 6 майдан 7 майга кўчирилди. Чемпионатда яна интрига қизийди. Буниси Андижондан бошланади.

4 май

18:30. “Андижон” – “Сўғдиёна”

Суперлиганинг 6-турини бошлаб берадиган ўйин “Бобур арена”да. Ҳа, бу ўша барчанинг, бошқа мамлакатлардаги ишқибозу, мутахассисларнинг эътиборига тушиб қолган арена. У ерда рақиблар учун қўрқинли муҳит юзага келадиган мезбонлар учун эса катта кучга айлана оладиган ишқибозлар “армияси”га эга бўлган стадион. Тан олиш керак, “Сўғдиёна”га қийин бўлади. “Андижон” ўз майдонида қандай кучга айланишини ҳамма билади. Бу сафар ҳам стадионда бошқача муҳит бўлиши шубҳасиз. “Бургутлар” бу ўйинда фаворит. Чунки улар ҳозирда Суперлига пешқадамидир. Қолаверса, яқинда Ўзбекистон Кубогининг амалдаги соҳибини ютиб гуруҳда қолдириб юбордлар ва ўзлари кейинги босқичга чиқди. Кўпчилик майдон эгаларининг имкониятини юқори баҳолаяпти.

5 май

18:00. “Навбаҳор” – “Локомотив”

“Навбаҳор” ҳам Ўзбекистон Кубогида муваффақиятли қатнашиб, кейинги босқичга чиқди. Энди уларнинг асосий эътибори яна Суперлигага қаратилган. Самвел Бабаян жамоаси бу гал пойтахтнинг “Локомотив” клубини қабул қилади. Наманганда ҳам яхши ўйин бўлади. “Локо” чемпионатнинг 5-турида ўз майдонида “Андижон”га ютқазиб қўйганди. Бу сафар улар яна водий клубига қарши. Рости, “Навбаҳор”нинг ўз уйида ва мухлислари қаршисида тўп суриши фонида имконияти баландроқ баҳоланяпти.

18:30. “Бунёдкор” – “Сурхон”

Чемпионатни ўз даражасига мос тарзда бошлай олмаган ва муваффақиятсизлик гирдобига тушиб қолган “Бунёдкор” учун яна жиддий ўйин. “Қалдирғочлар” охирги пайтларда ўз ўйинини топиб бораётган “Сурхон”ни қабул қилади. “Бунёдкор” учун ноқулай рақибдек. Чунки олдинлари термизликлар рақибини мағлуб этганларига гувоҳ бўлганмиз. “Бунёдкор”да ҳали чемпионат бошланганидан бери ғалаба йўқ. Демак, мезбонларни энди дуранг ҳам қониқтирмайди. “Сурхон” эса жуда инжиқ рақиб. Балки биргина гол ўйин тақдирини ҳал қилиши ҳам мумкин.

6 май

18:00. “Қизилқум” – “Нефтчи”

Мусобақа жадвалида битта ўйин кам ҳолатида иккинчи ўринда бораётган “Нефтчи” Қаршида “Қизилқум” билан беллашади. Бу учрашувда имкониятлар тенгга ўхшаб кўринмоқда. Аммо тажриба борасида бироз “Нефтчи”да устунлик бор. Лекин бу учрашувдан аввал ҳеч нимани ҳал қилмайди. Барчаси майдонда аниқ бўлади. Гўёки, кучлар тенг келадигандек. Агар шундай бўлса, чемпионлик учун курашаётган “Нефтчи” қимматли очколардан маҳрум бўлади.

7 май

18:00. “Пахтакор” – “Металлург”

Амалдаги чемпионнинг ишлари унчалик эмас. “Металлург”ники эса янада ёмонроқ. Негаки, бекободликлар 4 та ўйинда 2 та дуранг ва 2 та мағлубиятга учради. Ҳисобида ҳозирча ғалаба мавжуд эмас. “Пахтакор” ҳам битта кам ўйин ўтказган ва 4 та баҳсда фақат 1 бор ғалаба қозонди. Бир сўз билан айтганда, бу тўқнашув ҳам ўзига яраша қизиқ ўтиши мумкин. “Пахтакор”нинг таркиби ёшартирилганидан келиб чиқсак, имкониятлар ўртасидаги тафовут у қадар катта эмас.

19:00. ОКМК – “Насаф”

Иккала клуб Ўзбекистон Кубогида омадсиз қатнашиб гуруҳ босқичида қолиб кетдилар. Табиийки, иккаласи энди яраланган шер каби чемпионат ўйинларига киришишади. “Насаф” “ўлим гуруҳи”дан чиқа олмади. Бироқ ОКМКнинг натижаси анча кутилмаган даражада. Чунки унинг гуруҳида фақат биргина ўзи Суперлига вакили эди. Қолганлари про лига ҳамда биринчи лига жамоалари ҳисобланарди. Миржалол Қосимов жамоаси Кубок мусобақасидаги муваффақиятсиз натижани ювиш учун албатта “Насаф”ни ютиши шарт. Ўз навбатида Рўзиқул Бердиев жамоасида ҳам шунақа ҳолат. Бу турнинг марказий учрашуви бўлади. Қайси жамоа муваффақиятсизликдан кейин яхши тиклана олган бўлса, ўша жамоа ғалаба қозонади.

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию