Ёзда "Барса"да нималар бўлади, кимлар кетади?

Кеча ниҳоясига етган "Жирона" - "Барселона" ўйинидан кейин "Реал" Ла Лигада муддатидан олдин чемпионликни ҳал қилди. 2:4 ҳисобида мағлубиятга учрган Хави шогирдлари иккинчи даврада ҳам "Жирона"га имкониятни бой берди. Мавсум тугашига эса 4 та тур қолди, яъни математик жиҳатдан каталонияликлар "қироллик клуби"га ета олмайди. Шу тариқа, "Реал" ўз тарихида 36-бор ушбу совринни қўлга киритмоқда.

"Барселона" омадсиз мавсумдан кейин таркибни қайта қуришни режалаштирмоқда.

"Diario Sport" нашри хабарига кўра, Хави жамоанинг ривожланиш йўналишини ўзгартирмоқчи. Жоан Лапорта, Деку ва Рафа Юсте унга тўлиқ ишонч билдиришади.

Каталония клуби Рональд Араухо ва Жюль Кунде бўйича таклифларни кўриб чиқишга тайёр. Бундан ташқари "Манчестер Сити"дан ижарага олинган Жоау Канселуни сотиб олмоқчи эмас. Хави Иньиго Мартинесни кейинги мавсумда ҳимоя етакчиси сифатида кўрмоқда. Раҳбарият испанияликнинг бу ғояларини ҳам қўллаб-қувватлайди.

Хави янги мавсумда ёшларга таянишда давом этади. Жорий мавсумни "Жирона"да ўтказаётган Эрик Гарсия жамоага қайтади. "Бетис"да яхши ўйин кўрсатган Чади Риадда ҳам қайтишга яқин. Қўшимчасига "Барселона Б"нинг 19 ёшли ҳимоячиси Микаил Файе ҳам таркибга киритилиши мумкин.

Бироқ майдон марказига тажрибали футболчи келиши кутилмоқда. Маъқул вариантлар "Бавария" футболчиси Жошуа Киммих ҳамда "Реал Сосьедад" аъзоси Мартин Субименди бўлиб турибди. Ориол Ромеунинг келажаги эса ноаниқ. Футболчининг ўзи жамоадан кетмоқчи.

Қолаверса, каталонияликлар Френки де Йонг билан хайрлашишга тайёр. Чунки у жамоада беш йилдан бери ўйнаб келмоқда ва ҳали ҳам ундан кутилган натижани кўрсатганча йўқ. Майдон марказидаги ёшлар - Педри ва Гави Хавининг ишонган футболчилар ҳисобланади ва улар катта эҳтимол билан сотилмайди.

Бундан ташқари "кўк-анорранглилар" олдинги чизиққа юқори савиялик футболчиларни жалб қилмоқчи. Асосий номзод "Манчестер Сити" футболчиси Бернарду Силва. Жоау Фелишни "Атлетико"дан сотиб олиш ҳақида ҳали бир қарорга келинмаган.

Рафьияни сотиш варианти кўриб чиқилмоқда. Қолаверса, Роберт Левандовски аллақачон 35 ёшга тўлганини ҳисобга олиниб у ҳам сотувга қўйилиши кутилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!