Тачмурод Агамуродов: Муносиб таклиф бўлса, кўриб чиқишга тайёрман

Юртимиздаги мураббийлар ҳақида гап кетганда уларнинг орасида Тачмурод Агамуродовнинг алоҳида ўрни бор. Туркманистонлик мутахассис узоқ йиллардан бери Ўзбекистон футболида ишлаб ютуқларга эришди, ўзига хос янгиликларни олиб кирди. Бир сўз билан айтганда, тажрибали мураббий. Лекин охирги пайтларда у бирор жойда ишлаётгани йўқ. Охирги иш жойи эса “Бухоро” клуби бўлганини билсангиз керак. Шундан бери уни мураббий ролида кўраётганимиз йўқ. Биз анчадан бери у билан суҳбатлашиш ниятида юргандик. Масалан, “Бухоро”даги фаолияти, у ердаги молиявий томондан юзага келган машмашалар, ўзини қиммат мураббий деб ҳисоблаши, яна мураббийлик ишига қайтиши, умуман шунга ўхшаш қизиқарли масалаларни ўртага ташладик.

- Хайрли кун, Тачмурод Шамакович. Анчадан буён сиз билан гаплаша олганимиз йўқ. Боз устига ишқибозлар ҳам кўпинча Тачмурод Агамуродов ҳозир қаерда экан, дея сўраб қолишади. Айтинг-чи, айни пайтда қандай иш билан машғулсиз?

- Айни пайтда бирор иш билан машғул эмасман, дам олмоқдаман. Буни ижодий таътил дейиш мумкин.

- Агар сир бўлмаса қаерда дам оляпсиз: Тошкентдами ёки бошқа бирор шаҳардами?

- Тошкентда дам оляпман. Тошкентдан ҳеч қаёққа чиққаним йўқ.

- Келаси йил бошида бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги гуруҳ босқичида Ўзбекистон билан Туркманистоннинг бир-бирига қарши ўйнашига тўғри келишидан хабарингиз бўлса керак. Қолаверса, мазкур терма жамоалар сизга бегона эмас.

- Бўлажак беллашув ҳақида нима дейишим мумкин? Табиийки, Ўзбекистон терма жамоаси жуфтликнинг яққол фаворитидир. Ўзбекистон терма жамоаси таркиб, йўлга қўйилган ўйин ва бошқа бир қанча муҳим жиҳатлар борасида Туркманистондан анча олдинда туради. Устига-устак терма жамоа бундай мусобақаларда иштирок этиш борасида етарлича тажриба тўплаган. Ўз навбатида бу ҳол Туркманистонга қарши кечадиган баҳсда Ўзбекистонни яққол фаворитга айлантиради. Шак-шубҳасиз, Туркманистонга бундай рақиб билан баҳслашиш умуман осон кечмайди. Аммо – бу футбол. Футболда эса баъзи-баъзида кутилмаган сюрпризлар ҳам юз бериб туради. Бўлажак учрашувнинг қандай натижа билан тугаши борасида тайинли гап айта олмайман. Қолаверса, олдиндан тахмин қилишни ёқтирмайман.

- Бизда Туркманистон терма жамоаси ҳақида етарлича маълумотлар йўқ. Қолаверса, терма жамоа бошқалардан фарқли равишда ўртоқлик мақомидаги учрашувларда тез-тез иштирок этавермайди. Шундай терманинг Осиё Кубоги мусобақасида қандай иштирок этиши мумкинлигига баҳо бера оласизми?

- Ўзингиз ҳам Туркманистоннинг ўртоқлик ўйинларида ҳар доим иштирок этавермаслигини айтиб ўтдингиз. Айтишим мумкинки, ўзим ҳам Туркманистон терма жамоаси ҳақида сизлардан ортиқ маълумотга эга эмасман. Табиийки, жамоа тайёргарлик ишларини кутилган даражада олиб бормас экан, бўлажак мусобақадаги имкониятини янада пасайтириб юборади. Шак-шубҳасиз, Осиё Кубогида Туркманистонга осон бўлмайди. Тайёргарлик шундай кечаётган пайтда Туркманистон терма жамоасининг қитъа миқёсидаги турнирда яхши иштирок этиши мумкинлигини тасаввур қилиш амримаҳол. Жамоа гуруҳ босқичининг илк ўйинлариданоқ муаммоларга дуч келиши аниқ.

- Миллий терма жамоамизни яқиндан бери аргентиналик мураббий Эктор Купер бошқаришга киришган. Бу тўғри танловми? Бу ҳақида нима дея оласиз?

- Албатта, футболдан бехабар бўлмаган киши борки, Эктор Купернинг жаҳон миқёсидаги мураббий ҳисобланишини билади. У ўз олдига жиддий мақсадларни қўядиган бир қанча клубларда самарали меҳнат қилган. Боз устига Купер туфайли Миср терма жамоаси узоқ йиллик танаффусдан сўнг жаҳон чемпионатининг финал босқичидаги баҳсларда иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Мураббийнинг салоҳияти борасида шубҳа бўлмаслиги керак. Унинг ўзбек футболига қанчалик киришиб кетиши учун бироз вақт керак бўлади. Ахир менталитет бутунлай бошқача. Унинг ўйин борасидаги фалсафасини, стратегик қарашларини тушуниб олишлари учун терма жамоа аъзоларига бироз вақт бор. Боз устига унинг ўзбек футболида янги одам эканлигини зинҳор унутмаслик даркор. Ўз-ўзидан ҳаммасига мослашиб кетиш Эктор Куперга осон бўлмайди. Барчасини вақт кўрсатади. Юқорида айтганимдек, унинг салоҳиятли мутахассис эканлиги борасида ҳеч қандай иккиланиш ёки шубҳа бўлмаслиги лозим.

- Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон Эктор Купер бошчилигида ўзи учун армон бўлиб келаётган мундиалга чиқа оладими?

- Юқорида унинг янги шароит, янги муҳит ва менталитетга кўникма ҳосил қилиши учун вақт керак бўлиши ҳақида бежиз тўхталиб ўтмадим. Агар мутахассис ўйинчиларнинг даражасини тезроқ илғаб олса, ишлар кутилган даражада кечиши мумкин. Яна такрорлайман: ҳаммасини олий ҳакам – вақт кўрсатиб беради. Устига-устак жаҳон чемпионати бошланишига ҳали анча бор. Ўтказилган дастлабки назорат учрашувларидан келиб чиққан ҳолда ҳозирдан шошилинч хулоса чиқариш мутлақо тўғри бўлмайди. Ўртоқлик ўйини ўз номи билан расмий мақомдаги учрашувлардан кескин даражада фарқ қилади. Мутахассиснинг ишига баҳо беришда шуни ёддан чиқармаслик керак. Ҳали 2022 йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати учун саралаш босқичидаги учрашувлар бошлангани ҳам йўқ. Шундай экан, ҳозирдан хулоса чиқаришга шошилмасликни маслаҳат бераман. Фақат шуни айтишим мумкинки, Эктор Купер Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинини йўлга қўйиб олиши учун анча бор. Табиийки, ўтказилаётган ўртоқлик мақомидаги учрашувлар ёрдамида у футболчиларнинг даражасини янада яқинроқ билиб олади. Фақат шундан кейин ҳаммаси ўз изига тушиб кетади. Ҳозирдан мутахассиснинг терма жамоа устози сифатида яхши ёки қониқарсиз равишда ишлаяпти, дея хулоса чиқариш ярамайди.

- Ўз вақтида “Пахтакор” клубини жуда муваффақиятли бошқаргансиз. Собиқ жамоангизнинг ўйинларини кузатиб келасизми?

- Албатта, кузатиб келаман. Ахир футболдан бутунлай воз кечмаганман. Имкон қадар нафақат “Пахтакор”ни, балки биринчиликдаги бошқа клублар иштирокидаги ўйинларни ҳам кузатиб боришга ҳаракат қиламан.

- “Пахтакор”ни бошқараётган Шота Арвеладзе ҳақида нима дея оласиз?

- Унинг жамоада қандай иш олиб бораётганидан мутлақо хабарим йўқ. Лекин Арвеладзенинг яхши натижаларга эришиш учун ҳаракат қилаётганини сезиш қийин эмас. Бундан ташқари, у Европа футболи “об-ҳаво”сидан баҳраманд бўлган. Шунинг учун ҳам мураббий бошқарувидаги клубга шундай муҳитни олиб киришга ҳаракат қилмоқда, деган хулосага келиш қийин эмас. Шота Арвеладзе ўз вақтида жуда яхши ўйинчи бўлган ва таниқли клубларда тўп сурган. Унда ўйинни қандай ташкил этиш борасида ўзига яраша тушунча бор. Ушбу мутахассис ҳақида салбий фикр билдира олмайман.

- Тачмурод Шамакович, сизни қачон мураббий ролида яна кўришимиз мумкин?

- (Кулади) Буниси фақат менинг ўзимга боғлиқ эмас. Агар муносиб таклиф бўлса, уни жон деб кўриб чиқишга тайёрман. Мен нафақат жамоа ўйинини ташкил этиш, балки академияда ишларни қандай юритиш кераклиги борасида ҳам тажрибамдан келиб чиққан ҳолда ёрдам беришга тайёрман. Агар пухта ишланган лойиҳа асосида бирор-бир клуб таклиф билан чиқса, бундай таклифни қабул қилишга тайёрман. Кези келганда шуни алоҳида таъкидлашим керакки, баъзилар мен ҳақимда тушуниб-тушунмаган ҳолда Агамуродов катта пул эвазига ишлашга ўрганган, деган гапларни тарқатишади. Унинг учун пуллар биринчи ўринда туради, деган қабилдаги гапларни эшитиш нафсониятимга тегади. Бундай фикрлайдиганларга жавобим қуйидагича: ҳаммаси ёлғон, Агамуродов пулларни ҳеч қачон биринчи ўринга қўймайди. Ўйлайманки, бундай гапларни ҳаётда ўз йўлини топа олмаган кишилар тўқиб чиқаришади. Улар бошқалар ҳақида бўлар-бўлмас гапларни тарқатган ҳолда ҳузурланишга одатланиб қолган.

- Яхши ҳам ўзингиз бу ҳақида оғиз очиб қолдингиз. Суҳбат давомида сиздан шу мавзу юзасидан сўрашни мақсад қилгандик. Ўз вақтида “Бухоро”да ишлаб, жамоа билан 4-ўринни эгаллаган ҳолда яхши натижани қайд этгансиз. Лекин “Бухоро” бу йўлда катта пулларни сарфлаган деган гаплар ҳам чиққан. Шунга муносабатингиз қандай?

- Саволингизга дарҳол жавоб қайтармоқчиман: бундай гаплар қуруқ тухматдан бошқа нарса эмас! Афтидан, бу каби иддаоларни баён этиш кимларгадир ёқади, шекилли... Биз – футболчилар, мураббийлар ўша мавсумдаги ишимиз учун шартномада кўрсатилган пулларни олганмиз. Устига-устак мавсум охирида раҳбариятнинг мукофот пуллари борасида ўйинчилардан катта қарзи қолган. Худди шунга ўхшаш фикрни жамоа ходимлари ҳақида ҳам билдириш мумкин. Улар ўшанда маошларини вақтида ололмаганлар. Афсуски, улар ҳам, биз ҳам ҳаққимизни ҳозиргача ундира олмаганмиз. Айтишим керакки, сўнгги икки ой давомида футболчилар сариқ чақа ҳам олмаган ҳолда зиммаларидаги мажбуриятни бажаришган. Бунинг учун улардан ҳар қанча миннатдор бўлсам ярашади. Сабаби, улар клуб ва унинг ишқибозлари қаршисидаги мажбуриятларини тўла ҳис қилган ҳолда майдонга тушганлар. Улар ҳаммаси яхши чиқиши учун максимал даражада куч сарфлашган. Пулларнинг вақтида тўланмаганига келсак, бунда мураббийлар ёки ўйинчиларни айблаш ноўрин. Табиийки, жамоа бошлиқларини ҳам. Шунчаки, ўшанда ҳомийлар тўлаши керак бўлган ҳақни беришни истамаганлар. Мураббийлар ёки ўйинчиларнинг катта пулларни ишлатиб юборишган, деган гаплар фақат кулгимни қистади холос. Чунки биз молиячилар эмасмиз. Қолаверса, ваколатимиз бунга кирмайди. Мени пул билан боғлиқ масала унчалик қизиқтирмаган. Чунки мен – мураббийман. Менга шартнома таклиф қилишади, ундаги бандларни кўргач, ўзимни қониқтирган тақдирда имзо чекаман. Қаерда ишламай, шартномада кўрсатилган мажбуриятларимни охиригача бажаришга ҳаракат қилганман. Клубнинг фалон миқдорда пул сарфлагани ҳақидаги гапларни эшитиш менга умуман тўғри келмайди. Боя айтганимдек, мен молиячи эмас, балки оддий мураббийман холос. Бошқаларнинг Агамуродов ишлаб, шунча маблағни ҳавога совурди, қабилидаги гаплари мутлақо мантиққа тўғри келмайди. Чунки мураббий бўлсам, қандай қилиб клубнинг пулларини сарфлаб юборишим мумкин?! Юқорида 4-ўрин “Бухоро” учун жуда яхши натижа деб ўзингиз айтиб ўтдингиз. Лекин, биласизми, “Бухоро” учун 4-ўринни эгаллаш 10-ўринни банд этиш билан баробар, дея ҳисоблайдиган кишилар ҳам топилади. Яқинда менга фан-клуб раиси хат ёзиб, худди шундай фикрни баён қилди. Унинг фикрича, 4- ва 10-ўринни эгаллаш ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ эмиш... Ваҳоланки, биз ўшанда жуда яхши жамоани шакллантира олгандик. Ўшанда бошқаларнинг кўрсатмаларисиз биз ўз олдимизга кейинчалик янада юқорироқ ўринларга кўтарилиш борасида мақсадларни қўйгандик. Афсуски, ҳаётда ҳаммаси бир текисда давом этавермас экан. Яна шуни алоҳида таъкидлашим керакки, 2016 йили жамоада ишлаганлар ўз вазифаларини сидқидилдан адо этган. Мен ҳар қандай кишига ҳеч қўрқмасдан худди шу гапни айта оламан. Устига-устак биз жамоанинг спорт натижалари учун жавоб берганмиз.

- “Бухоро”дек клубга 4-ўринни эгаллаш чиндан ҳам ажойиб натижадир. Биласизми, бугунги клуб ҳам молиявий томондан муаммолар гирдобига тушиб қолган...

- Эшитганим бор, аммо айни чоғда жамоадаги ҳолат қандай эканлигидан мутлақо бехабарман.

- Албатта, футбол оламини кузатиб келасиз. Сизнингча, бугунги ўзбек чемпионати қандай кўринишда?

- Чемпионлик учун кураш олиб борадиган олтилик ажралиб чиққан. Ўйинлар шу сабаб анча қизиқарли кечмоқда. Аммо ҳозирда 5-6 – ўринни банд этиб турган клублар совринли ўринларга даъвогарлик қила олмайдилар. Ўз вақтида биз ишлаган пайтда ҳам чемпионлик учун нари борса учта клуб даъвогарлик қила оларди. Янги форматга кўра етакчи клублар ўртасидаги ўйинлар сони аввалгига нисбатан иккитага ошди. Албатта, лига раҳбариятининг формат борасида қабул қилган қарорини муҳокама қилиш ваколатига эга эмасман. Шундай бўлса-да, бу масалада ўз қарашимни айтиб ўтишни истайман: рақобат янада ўсиши учун биринчиликда 12 эмас, балки 16 клуб куч синашса яхшироқ бўларди. Ахир 16 клубдан иборат формат классик усул ҳисобланади. Бундай форматда жаҳондаги кўплаб мамлакатларда биринчиликлар ўтказиб келинади. Жумладан, Европадаги бир қанча жиддий чемпионатларда ҳам 16 клуб иштирокида баҳслар ўтказилади. Шукрки, Ўзбекистонда ҳам яхши савиядаги футболчилар етарлича. Бунга қўшимча равишда ҳар бир минтақада футболни севадиган мухлислар кўпчиликни ташкил қилади.

- Агар эшитган бўлсангиз, чемпионат форматини қайта кўриб чиқиш масаласи ассоциацияда ўрганилмоқда.

- Ҳа, бундай гаплардан хабарим бор. Ўйлайманки, якунда барчани тўла қаноатлантирадиган вариант танлаб олинади. Менинг фикрим ўзгармайди: 16 иштирокчидан иборат чемпионатни кузатиш қизиқарлироқ.

- Сиз жуда тажрибали мутахассисиз. Ўз навбатида кўплаб клублар хизматингизга қизиқиш билдиради, аммо ҳаммаси ҳам бунга қодир эмас. Ўзингизни нархи баланд мураббий деб ҳисоблайсизми?

- (Кулади) Мен оддий мураббийман холос. Бошқалар қатори мен билан ҳам келишиш мумкин. Ўзимни нархи баланд мураббий деб ҳисобламайман. Агар клуб олдига қўйилган вазифа мени қизиқтириб қолса, таклифни қабул қилишга тайёрман. Мен учун пуллардан кўра истиқболли ғоялар биринчи ўринда туради. Жамоа ўйинини шакллантиришни ёқтираман. Худди шундай фикрни асосий клуб ўринбосарларига нисбатан ҳам қўллашим мумкин. Мен учун пуллардан кўра ғоянинг қизиқарли бўлиши кўпроқ аҳамият касб этади. Яна мени узоқ давом этадиган жараён қаноатлантиради. Бир йил бир клубда, кейингисида бошқасида ишлашни унчалик хушламайман. Асосийси, жамоа рақобатбардош бўлиши керак.

- Ўз вақтида “Милан”да тажрибангизни оширгансиз. Бу эса ишингизда асқотган. Аммо ўзбек мутахассислари орасида шундай имкониятга эга бўлганлар деярли йўқ. Қолаверса, четдан ишлаш учун бизникиларни ҳеч ким чақирмайди. Бу нима билан боғлиқ?

- Бу саволга жавоб беришим қийин. Албатта, аксарият мутахассисларга ўз ватанида ишлаш кўпроқ ёқади. Бундай пайтда улар ўзларини ҳар томонлама қулай ҳис қиладилар. Афтидан, бунинг асосий сабабларидан бири ҳам шунда бўлса керак. Ҳар қандай мутахассисга хорижда ишлаш осон бўлмайди, гарчи бунинг учун исталган шарт-шароитлар муҳайё қилинган тақдирда ҳам. Саволингизга тўла жавоб қайтаришга қийналаман.

- Агар яна ўзбек клубларида ишлашни таклиф қилсалар, буни қабул қилишга тайёр экансиз-да...

- Саволингизнинг дастлабки қисмини такрорлаб юборсангиз... Ўзбек клубларидан бирида ишлашни таклиф қилсалар, дедингизми? 18 йилдан бери Ўзбекистонда яшайман. Мен учун бу худди ўз уйимдек бўлиб қолган. Агар муносиб таклиф келиб тушса, буни қабул қилишга шайман. Боз устига рафиқам ҳам тошкентлик. Ўзимни худди уйдагидек ҳис қиламан. Таклиф келиб тушса, кўриб чиқишим тайин.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
21/10/2018 09:56
Агамурадов даврида бухоро хеч булмаса мазмунли уйин курсатган эди. Хар холда хозиргидай "бей-беги эмас"
&
darwesh
21/10/2018 09:55
Натижа килиб берадиган мураббий киммат булиши керак. Бухоро энди качон яна 4 уринга чикади?