"Олимпия ҳаракати" спартакиадаси. Қашқадарёда мусобақа якунланди, Тошкендаги баҳслар қизғин паллада

Хабарингиз бор, шу кунларда Республикамиз бўйлаб «Олимпия ҳаракати» спартакиадасининг вилоят босқичи ўтказилмоқда. Бунгача Наманган ва Хоразм вилоятида ушбу спорт мусобақалари якунлангани ҳақида хабар бериб ўтгандик. Қизиқарли мусобақаларнинг навбатдагиси Қашқадарё вилоятида ташкил қилинди. Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган мусобақаларда 23 ёшгача бўлган спортчилар иштирок этишди. Улар бокс, дзюдо, спорт курашлари, таэквондо, каратэ, енгил атлетика бўйича ўзаро кураш олиб бордилар. Мусобақада кучли учликка кира олган спортчилар диплом ва қимматбаҳо совғаларга эга бўлдилар. Ғолиблар энди декабрь ойида Тошкент шаҳри мезбонлик қиладиган Республика босқичида иштирок этадилар.

Пойтахтимиз Тошкентда эса «Олимпия ҳаракати» спартакиадаси ўзининг энг қизғин палласига кирган. Ҳозирча дзюдо бўйича беллашувлар ниҳоясига етди. Олдинда яна бир неча спорт турлари бўйича баҳслар кутиб турибди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Қайд этиш лозимки, ушбу спартакиада янги номларни саралаб олиш мақсадида ташкил этилмоқда. Мусобақада ўзини кўрсата олган спортчиларда кейинчалик терма жамоа сафидан ўрин олиш имконияти пайдо бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!