Хабар бериб ўтганимиздек, шу кунларда Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ва Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси раҳбари Аҳмаджон Раҳимов Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида бўлиб туришибди. Мазкур сафар давомида Осиё таэквондо уюшмаси, таэквондони ривожлантириш халқаро фонди, шунингдек, Жанубий Корея футбол ассоциацияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди ва бир неча муҳим масалалар бўйича келишувга эришилди. Бундай учрашувларнинг навбатдагиси бугун, 4-декабрь куни Жанубий Корея таэквондо ассоциациясида, ташкилот президенти Чои Чанг Шин билан ташкил этилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Учрашув давомида Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси раиси Аҳмаджон Раҳимов икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталари, таэквондо спортининг ривожланиши, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳақида гапирди. Томонлар Токио 2020 Олимпиадасига қадар қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишлари бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, ҳар икки ассоциация раҳбарлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, томонлар спорт тиббиёти, допинг назорати, қўшма ўқув-машғулот йиғинлари бўйича яқиндан ҳамкорлик қиладилар.

Сир эмаски, Корея ва Япония иқлимлари деярли бир ҳил. Шу сабабдан ҳам, кўп мамлакатлар Олимпия ўйинларига айнан Жанубий Кореяда тайёргарлик кўришни маъқул кўрадилар. Учрашув давомида жаноб Чои Чанг Шин Жанубий Корея таэквондо ассоциацияси эшиклари ўзбекистонлик спортчилар учун доимо очиқ эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бу борада ўзбек таэквондочиларининг салоҳияти юқори эканлигини, спортчилар қўшма ўқув-машғулотларда ўзаро тажриба алмашишлари мумкинлиги ҳақида гапирди. Шунингдек, Ўзбекистонда ўтказиладиган мусобақаларга ташриф буюрмоқчи эканлигини маълум қилди.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98