Чирчиқда волейбол бўйича хотин-қизлар ўртасида финал баҳслари ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 26-28 ноябрь кунлари Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Чирчиқ давлат педагогика университети спорт залларида волейбол бўйича 16-21 ва 22-26 ёш тоифасидаги хотин-қизлар ўртасида "Ички ишлар вазири кубоги " "С" лигаси республика финал беллашувлари бўлиб ўтди.


Қизиқарли ва муросасиз ўтган беллашувларнинг якуний натижаларига кўра, 16-21 ёш тоифасидаги қизлар ўртасида биринчи ўринни Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги "Сариқ" МФЙ жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўринни Тошкент вилояти Оҳонгорон шаҳридаги "Ёшлик" МФЙ жамоаси эгаллаган бўлса, учунчи ўрин Самарқанд вилояти Ургут туманининг "Сариқтепа" жамоасига насиб этди.
22-26 ёш тоифасидаги хотин-қизлар ўртасидаги беллашувларда фахрли биринчи ўринни Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани "Файзобод" МФЙ жамоаси, иккинчи ўринни Андижон вилояти Марҳамат тумани "Дурафшон" МФЙ жамоаси, учунчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани "Жайхун" МФЙ жамоаси эгаллади.


Беллашувлар якунига етгач, мусобақанинг тақдирлаш маросими ташкил этилди. Юқори савиядаги тақдирлаш маросимда ғолиб ва совриндорларга диплом, медаль, кубок ва қимматбаҳо эсдалик совғаларни Тошкент вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқулов ва бошқа масъуллар тантанали тарзда топширишди.


Шунингдек, беллашувлар доирасида Тошкент вилояти Ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ташаббуси билан Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳудудида барча жамоалар иштирокида "Яшил макон" лойиҳаси асосида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ўзига хос "Беш ташаббус олимпиадаси" боғи яратилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!