Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Қатардаги Осиё кубогида финалга чиқди. Тимур Копадзе шогирдлари ёзда Парижда бўладиган Олимпия ўйинларига ҳам йўлланма олди.

Осиё футбол конфедерацияси қарорига кўра, 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги қитъа чемпионати навбатдаги Олимпия ўйинларига саралаш мусобақаси вазифасини ҳам ўтайди.

Қоидага биноан дастлабки учта ўринни эгаллаган терма жамоалар тўғридан тўғри Олимпиадага йўлланма олади. Тўртинчи ўрин соҳиби эса, плей-оффда Африка қитъаси вакили Гвинея билан беллашади.

Россия футболини ёритаётган манбалар бўлажак Олимпия ўйинларини таҳлил қилиша киришиб кетди. Нуфузли манба sovsport.ru сайти эксперти Сергей Перемутов Аббосбек Файзуллаевнинг Парижга йўл олиши ЦСКА ўйинларига сезиларли таъсир ўтказишига эътибор қаратди.

ЦСКАдан Аббосбек Файзуллаев ва “Рубин”дан Умарали Раҳмоналиев ўйнаётган Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк маротаба Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.

Энди “армиячилар” ҳам, қозонликлар ҳам келаси мавсум бошида ўзбек легионерларисиз қолиши мумкин.

Ўзбекистон ёшлари Осиё кубогида бешта ўйинда 14 та гол уриб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб келмоқда. Гуруҳ босқичида Малайзия (2:0), Кувайт (5:0), Вьетнам (3:0) мағлуб этилди. Чорак финалда ўзбеклар мусобақанинг амалдаги ғолиби Саудия Арабистонидан 2:0 ҳисобида устун келди ва мана шу учрашувда Россия чемпионати вакиллари ғалабага катта ҳисса қўшди. Файзуллаев ғалаба тўпига пас узатди, Раҳмоналиев захирадан майдонга тушганидан беш дақиқа ўтиб, иккинчи голни урди.

Ярим финалда Индонезия 2:0 ҳисобида таслим ққилинди. Аббос 90-дақиқада захирага олинди, Умарали тўлиқ ўйнади. 3 май куни финал бўлади.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси илгари Олимпия ўйинларининг саралаш турнирларида беш маротаба иштирок этиб, мусобақанинг асосий босқичига чиқа олмаган. Энди ўзбеклар Парижга йўлланма олган Франция, АҚШ, Доминикан Республикаси, Испания, Исроил, Украина, Марокаш, Миср, Мали, Янги Зеландия, Парагвай, Аргентина қаторига қўшилди, - деб ёзди sovsport.ru сайти эксперти Сергей Перемутов.

Таъкидлаш жоизки, Аббосбек Файзуллаевнинг ЦСКА ўйинига таъсири катта. “Армиячилар” ўзбек легионери иштирок этмаган сўнгги икки учрашувда рақибларини мағлуб этолмади.

Дастлаб, ўз майдонида “Спартак” дарвозасига йўл топа олмасдан дурангга имзо чеккан ЦСКА футболчилари сўнгги турда “Балтика”дан 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради.

Осиё кубоги: Ўзбекистоннинг ғалабасига хориждан қандай муносабат бўлди?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдухаликов Мухаммад
30/04/2024 07:55
Узбекистонга омад Аббосбек Японияга гол уриши керак
&
Адхамжон Низомов
30/04/2024 00:44
Галаба муборак.Аббос,энди сен хам японга гол уриб мухлисларни хурсанд киласан деган умиддамиз.Омад.