Ислам Махачев ва Чарльз Оливейра жанги борасида Даниэль Кормье қандай фикрда?

  • 20 июль, 2022, 21:35
  • 0
  • MMA

UFC нинг икки вазн тоифасидаги собиқ чемпиони Даниэль Кормье 22 октябрь куни Абу- Дабида ташкил этилувчи "UFC 280" турнирининг марказий баҳсида октагонга кўтариладиган Ислам Махачев ҳамда Чарльз Оливейра жанги борасида фикр билдирди. 

"Расман Оливейра ҳозирда енгил вазн тоифаси чемпиони эмас, бироқ биз биламизки у ҳақиқий чемпион! Шунчаки, 0,2 фунт ошиқча вазни учун чемпионликдан маҳрум қилинган. 

Агар, тўғрисини гапирадиган бўлсак, Ислам бу жангда ўз омадини "стойка"дан қидиради, деб ўйламайман. У асосан эътиборни "тэйк-даун"ларни амалга ошириб, жиу-житсу билан ютишга ҳаракат қилади",-деди Кормье The MMA Hour нашрига 

(Муаллиф фикри) - Дарҳақиқат, ушбу қарама-қаршилик "Йил жанги" бўлишига асосий даъвогар бўлиши аниқ. 

Доғистон кураши ва Бразилия жиу-житсуси ўртасидаги тўқнашув! Ҳа, ҳар иккисини нисбатан мукаммал жангчилар қаторига қўшсак, янглишмаган бўламиз. Оливейра, дивизионнинг энг кучли жангчилари- Фергюсон, Чендлер, Порье, Гэтжига хеч қандай имконият қолдирмади. Ислам эса ҳали бу даражадаги рақибларга дуч келмади. Бироқ, унинг "даҳшат"ли кураши Оливейрага ҳақиқий бошоғриқ бўлиши аниқ. 

Тўғри, юқоридаги Кормьенинг фикрига қўшиламан. Ислам ўз услубида "тэйк-даун"ни амалга ошириб, "партер"да назорат қилиш ва имкон пайдо бўлганда "сабмишен"ни амалга оширишга ҳаракат қилади. Назаримда Ислам Гетжи, Порье йўл қўйган хатони такрорламаса керак. Чунки, "стойка"да бразилиялик жангчининг салоҳияти юқорироқ. 

Аммо, Оливейра кичик имкониятдан ҳам максимал фойдаланишга ҳаракат қилади. У ҳам билади, Ислам нима қилмоқчи эканлигини, шундай экан у асосий урғуни " гильотина" ва "учбурчак" услублар га қаратса керак. Зеро, Ислам "тэйк-даун"ларга кўп бора уринади ва бу ҳолатда Оливейрага "гильотина" қўл келиши мумкин. Агар, Ислам томонидан "тэйк-даун" муваффақиятли амалга оширилса ва "гард" ҳолати юзага келса, бу вазиятда "учбурчак" услуби бразилиялик жангчига асқотади. Исламни "кимура" ёки "армбар" услубига тушириш жуда қийин. Чунки, унинг қўли жуда бақувват ва "партер" даги назорати ҳам рақибга бу имкониятни бермаса керак. 

Бир сўз билан айтганда, имкониятларни 50/50 баҳолаган бўлардим. Албатта, бу бир тахмин ва шахсий фикр холос. Аслида жанг қандай бўлади ва ким ғалаба қозонишини 22 октябрь куни билиб оламиз!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!