Киберспорт. Бугун мукофот жамғармаси ярим миллион доллар бўлган жаҳон чемпионатига саралаш баҳслари бошланади

Шу йил 27 ноябрь – 9 декабрь кунлари Индонезиянинг Бали шаҳрида киберспорт бўйича умумий соврин жамғармаси 500 000 АҚШ долларини ташкил этадиган XIV жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.

Бугундан Марказий Осиё минтақавий саралаш баҳсларига старт берилади. Унда “Team Uzbekistan” (Ўзбекистон миллий терма жамоаси) аъзолари 4та йўналишда ватанимиз шарафини ҳимоя қилишади.

“Mobile Legends”. “Team Uzbekistan” мазкур йўналишда минтақа ғолиблиги учун Қозоғистон вакиллари билан кураш олиб боради. Ғолиб жамоа жаҳон чемпионати йўлланмасига эга бўлади. Мазкур беллашув эртага Тошкент вақти билан соат 09:00да старт олади.

“PUBG Mobile”. 12та жамоа 2 гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсларга киришадиган мазкур йўналиш 20 сентябрда ўтказилиши режалаштирилган. “Team Uzbekistan” ушбу саралашнинг “Б” гуруҳидан ўрин олган ҳамда гуруҳда юртдошларимизга Непал, Бутан, Баҳрайн, Мяньма ва Бруней терма жамоалари рақиблик қилишади.

“Counter Strike: Global Offensive”. Бу йўналишдаги баҳслар 23 сентябрь куни старт олади. Дастлаб ярим финалда ўзбекистонлик киберспортчилар Қозоғистон билан тўқнаш келади. Қирғизистон ва Тожикистон жамоалари финалнинг иккинчи йўлланмаси учун ўзаро баҳс олиб боришади.

“Dota 2”.Мазкур йўналишдаги саралаш мусобақалари 7-11 октябрь кунлари ўтказилади. Юртдошларимиз Қирғизистон, Туркманистон, Непал ва Қозоғистон терма жамоалари қаторида “А” гуруҳидан жой олишган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!