Секейра ҳамон қайтмади, Жалолиддинов эса жамоада эмас! "Локомотив"да вазият қандай?

Клубларнинг ёзги йиғинлари ҳам аста-секин якунига етиб боряпти. Аксарият жамоалар режага кўра ўйлаб қўйган ишларини амалга оширяпти. Суперлигадаги ҳар бир клубнинг лагерида қандай янгиликлар бўлаётганидан хабардор бўлиб келяпмиз.

Лекин гап Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси ҳақида кетар экан, бу масалада бироз мавҳумлик бордек. “Темирйўлчилар” ортда қолган 12 та ўйинда 15 очко жамғариб, ҳозирча турнир жадвалида 8-ўринда боряпти. Бироқ бу натижа раҳбариятни қониқтирмаётгани ҳақиқат. Улар “Локомотив”ни совринли ўринларда кўрмоқчи. Шу сабабли иккинчи даврага янада жиддийроқ тайёрланиш зарурати бор. 30 июль куни “Локомотив”ни чемпионатнинг 13-турида Тошкентда “Насаф”га қарши ўта муҳим ўйин кутяпти. Бу ўйинга саноқли кунлар қолди, бироқ...

Секейра қани?

“Локомотив” футболчилари иккинчи даврага 13 июлдан тайёргарлик кўришни бошлади. Ажабланарлиси, клуб ҳамон бош мураббийсиз шуғулланяпти. Микаэль Секейра чемпионатимизда юзага келган ёзги танаффусдан фойдаланиб, Португалияга оиласининг олдига кетган. Унинг жамоаси аллақачон машғулотларни бошлаб, ҳатто “Насаф” билан бўладиган муҳим учрашувга ҳам тайёргарлик кўряпти. Бироқ ҳалигача бош мураббийдан дарак йўқ!

Шубҳасиз, у “Локомотив”нинг ёзги йиғинини деярли ўтказиб юборяпти. Бундай ҳолат жамоага қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Машғулотларни Секейранинг ёрдамчиси Андрей Микляев ўтказиб турибди. Лекин клубда барибир бош мураббийнинг ўрни бошқада. Биз Секейра масаласида клуб матбуот хизмати билан боғландик. Маълум бўлишича, у Португалияда виза билан боғлиқ ишларини ҳал қилаётган экан. Шунинг эвазига мутахассиснинг Тошкентга қайтиши бироз чўзилгани иддао қилинмоқда. Айтишларича, тез орада мураббий жамоага қайтади. Барибир иккинчи давра ўйинлари мобайнида бош мураббийнинг ёзги йиғинда бўлмагани ўз таъсирини кўрсатиши ҳеч гап эмас.

секейра1

Жасур Жалолиддинов нега жамоа билан бирга эмас?

Энди навбат Жасур Жалолиддиновга. Очиғи, унинг атрофидаги воқеликларга ва турли хабарларга кўникиб қолдик. Хабарингиз бор, биринчи даврани “Андижон”да ўтказиб, “Навбаҳор”га қарши ўйиннинг эртасигаёқ “Локомотив”га ўтгани эълон қилинган Жалолиддинов айни пайтда клуб ихтиёрида эмас. Биздаги маълумотларга қараганда, футболчи икки кунча жамоанинг машғулотларида иштирок этган ва кейин кўринмай қолган.

Савол: Жасур Жалолиддинов қаерда? Наҳотки, “Локомотив”га ўтгани эълон қилинган футболчининг фикри яна ўзгариб қолган бўлса?! Етиб келган хабарларга қараганда, унга яна хориждан таклифлар бўлаётган экан. Билишимизча, у яна хорижликлар билан музокараларга киришган. Катта эҳтимол билан Жасур шу сабабдан “Локомотив” машғулотларида эмас. Агар воқеалар ривожи шу яхлит давом этса, футболчи “Локо”да тўп сурмаслиги ҳам мумкин. Мабодо, четга кетмасагина “Локо”да қолиши ҳақида маълумотлар ҳам бор. Тўғриси, Жалолиддинов масаласидаги ишлар бироз тушунарсиздек туюляпти. Майли, кузатайлик-чи, у ёғи нима бўларкин?!

жасур_11

Игорь Голбанни “Локо”да кутишганди...

Эътибор берган бўлсангиз, “Локомотив” трансфер ойнаси вақтида бошқа клублар каби фаол эмас. Биринчилардан бўлиб, Жасур Жалолиддинов қўлга киритилганлигини эълон қилиб юборди-ю, аммо мана энди бу келишув ҳам амалга ошмаслиги мумкиндек. Қизиқ, нимагадир таркибда у қадар ўзгаришларга қўл урилмаяпти.

Sports.uz маълумотига қараганда, “Локомотив” ушбу ёзги трансфер вақтида “Навбаҳор” ҳимоячиси Игорь Голбан билан келишувга эришишга ҳаракат қилган. Бу борада томонлар музокаралар ҳам ўтказганлиги айтилмоқда. Аммо “Навбаҳор”да Самвел Бабаян иш бошлаганидан кейин Голбанни клубда қолдиришга кўндиргани тахмин қилиняпти.

голбан_1

“Локомотив” катта эҳтимол билан биринчи даврадаги таркиби билан иштирокини давом эттирадигандек туюляпти. Дарвоқе, яқинда клуб икки нафар футболчиси – Иброҳим Ғанихонов ҳамда Фарруҳ Иброҳимов билан хайрлашганини эълон қилди. Кўрамиз, трансфер ойнаси ёпилгунига қадар таркибда бирор ўзгариш бўлармикин?

Дарвоқе, эртага “Локомотив” Тожикистоннинг “Истиқлол” клубига қарши назорат учрашувини ўтказади. Бунгача фақат “Қизилқум” билан ўртоқлик ўйинида қатнашганини ҳисобга олсак, бу “Локо”нинг ёзги йиғини доирасида бош мураббийсиз ўтказаётган иккинчи ўйинига айланади.   

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию