Таэквондочиларимиз Жаҳон чемпионатида совриндорлар қаторидан ўрин олишмоқда

Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳрида ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Ушбу мусобақада яна уч нафар вакилимиз бронза медали совриндори бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Қизлар беллашувида -47 кг вазн тоифасида даянга чиққан Умидахон Ҳасанова ярим финалда туркиялик Исил Заферга кичик ҳисобда (8-9) имкониятни бой берди ва шоҳсупанинг 3-поғонасидан жой эгаллади.

Ўғил болалар ўртасида Қозоғистон, Хитой Тайпейи, Марокаш вакилларини мағлуб этган ҳамюртимиз, -33 кг вазнли Даниил Ким ярим финал босқичида испаниялик рақиби Арконадо Айсон тўсиғидан ўтолмади ва у ҳам бронза билан кифояланди.

Яна бир вакилимиз -37 кг ли Амирбек Тўраев ярим финалгача Марокаш, Тунис, Мексика спортчиларини йирик ҳисобда мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Финал йўлланмаси учун курашда таиландлик Тауин Яэнгкулчоуга бир очко (14-15) фарқи билан мағлуб бўлди — бронза.

Бугун Азизбек Раҳмонбердиев (-45 кг), Мадинабону Абдуқаҳҳорова (-44 кг) ҳамда Сабинабону Самадова (-59 кг) беллашувларда иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатида сайёрамизнинг турли минтақаларидан 426 нафар спортчи иштирок этаётган бўлиб, мусобақанинг биринчи куни Муниса Каримова (-29 кг) бронза медалини қўлга киритган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!