Тезкор: Шомуродов трансферига нарх белгиланди!

Сардиниянинг “Кальяри” клуби спорт директори Нерео Бонато мавсум якунланиши билан таркибни тартибга солиш режасини туза бошлади.

Бунинг учун, энг аввало, “Кальяри” юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиши лозим эди. Чемпионат якунланишига беш тур қолганида сардинияликлар 14-поғонада бормоқда ва хавфли ҳудуддан тўрт очкога узоқлашган.

Кейинги пайтда “Аталанта”, “Наполи”, “Интер”, “Ювентус” каби   қудратли клублардан очко тортиб олган “Кальяри”нинг қолган учрашувларда ҳам лигада қолиш имкониятини қўлдан бой бермаслиги ҳақиқатга яқин.

Клубнинг лигада қолиши ойдинлашиши билан Нерео Бонато келаси мавсумни шакллантириш учун режа туза бошлади.

Италиянинг энг нуфузли спорт нашри Corriere dello Sport газетаси ёзги трансферлар бозорининг энг қизғин савдоларидан бири Элдор Шомуродов атрофида бўлишини ёзмоқда.

Ўзбек легионери аслида “Рома”га тегишли. Лекин пойтахт клубида ўзини кўрсатишга имкон беришмади. Шомуродов жорий мавсум охирида ўз даражасида ўйнай бошлади. Ҳозир ҳамюртимиз “Кальяри”ни лигада олиб қолиш йўлида кнг кўп самара келтираётган асосий фигурага айланди.

Италияда бир қанча манбалар Элдор Шомуродовнинг трансферини тўлиқ амалга ошириш борасида мухлислар ўртасида сўровнома ўтказди. Бир неча сўровномаларда овоз берганларнинг 80 фоизга яқини ўзбек ҳужумчиси “Кальяри”га кераклигини билдирган.

Шомуродов қисқа фурсатда “Кальяри”нинг асосий трансфер нишонига айланди. Бир йил аввалги келишувга кўра, сардинияликлар йиллик ижара учун бир миллион евро тўлаган. Ўзаро битимда ўзбек футболчисини тўлиқ  трансфер қилиш учун “Кальяри” яна тўққиз миллион евро бериши кераклиги белгиланган.

Яна бир манба – cagliarinews24.com сайти эксперти Элия Серранинг таъкидлашича, Нерео Бонато Шомуродов трансфер қилиш имкониятларини ўрганишни бошлади. Бу мутахассис “Рома” мутасаддиларини Элдор 5 миллион евро эвазига қўйиб юборишга кўндиришга ҳаракат қилади.

Қолаверса, “Кальяри” президенти Томмазо Жулини жамоанинг лигада қолишига катта ҳисса қўшаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва тўпурари учун 5 миллион евро тўланишини кафолатлаши кутиляпти.

Ўтган йили ёзда асосий ҳужумчи сифатида таклиф этилган Андреа Петанья “Монца”га қайтарилиб юбориладиган бўлди. Сардинияликлар мавсум давомида ўзини кўрсата олмаган ва асосий таркибдаги жойини йўқотган  бу ҳужумчини трансфер қилмасликка қарор қилди.

Бундан ташқари, мавсумнинг иккинчи ярмида ички рақобатда Жанлука Лападула, Зито Лувумбо ва Элдор Шомуродовга бас кела олмаган тажрибали форвард Леонардо Паволетти ҳам ёзда ўз ўрнини бўшатиши айтилмоқда.

Мана шу омилларни инобатга олиб, “Кальяри” мураббийлар штаби келаси мавсумда Элдор Шомуродовни асосий марказий ҳужумчи сифатида ўйнатмоқчи.

Элдор Шомуродовнинг ўзи келажакда қайси жамоада ўйнашини жорий мавсум якунланганидан кейин ҳал қилишиини билдирган эди.

ЦСКА афсонаси Акинфеев Файзуллаевга нега танбеҳ берди?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!