Венгер ва Гвардиола регламентни бузишди. “Манчестер Сити” ва “Арсенал” турнирдан чиқариб юборилиши мумкин

28 октябрь,2017, 10:13 1255

Венгер ва Гвардиола регламентни бузишди. “Манчестер Сити” ва “Арсенал” турнирдан чиқариб юборилиши мумкин

Ҳафта ўртасида Англияда мамлакат Лига кубогининг 1/8 финал баҳслари бўлиб ўтди. “Арсенал” ўз майдонида “Норвич”ни қабул қилган бўлса, “Манчестер Сити” “Иттиход”да “Вулверхэмптон”ни меҳмон қилди.

Эътиборлиси, Арсен Венгер ҳам, Хосеп Гвардиола ҳам аралаш таркибни майдонга тушириб, жамоаси 120 дақиқа ўйнашига сабабчи бўлишди.

“Тўпчилар” 18 яшар футболчининг голлари эвазига экстра таймларда ғалаба қозонган бўлса, “шаҳарлик” мухлислар пенальтилар серияси гувоҳига айланишди ва унда “Сити” футболчилари ғалаба қозонишди.

Бироқ эртаси куни тонгда инглиз ОАВда ушбу ўйинда қайд этилган ҳисоблар бекор қилиниши ва жамоалар бу мавсум Лига кубогини қўлга кирита олмаслиги мумкинлиги борасида хабар ва янгиликлар “болалади”.

Сабаби нима дейишингиз мумкин. Гап шундаки, мазкур турнир регламентига кўра, жамоалар асосий вақтда 3 та ўзгаришни  амалга оширишлари  мумкин. Агарда, ўйин тақдири асосий вақтда ҳал этилмасдан, қўшимча бўлимларга мурожаат этилса, тўртинчи ўзгаришга руҳсат берилади. Қисқа қилиб айтганда ўзгаришлар учун “3+1” кўринишида лимит берилган.

Бироқ Гвардиола ҳамда Венгер жаноблари асосий вақтда 2, қўшимча таймларда яна икки ўзгаришни амалга оширишди. Яъни улар ўзлари учун “2+2” кўринишидаги лимитни “жорий этишди”.

Англия Лига кубогининг 10-моддасида эса, шундай банд мавжуд:

“Қайдномадан 7 нафар заҳира футболчиси ўрин эгаллайди. Мураббийлар асосий вақтда фақатгина 3 та ўзгаришни амалга ошириши мумкин. Агарда, ўйин қўшимча бўлимларга қадар чўзиладиган бўлса, тўртинчи ўзгаришга руҳсат этилади”.

Хўш, “Манчестер Сити” ҳамда “Арсенал”га қандай жазо қўлланилади? Бу борада турнир ташкилотчилари ҳозирча сукут сақламоқда.

Балки, ҳар икки жамоа турнирдан четлаштирилар, балки, ўйин такроран ўтказилар ёки шунчаки жарима билан чекаланилар. Бироқ буларнинг барчаси эҳтимоллар назарияси.

Қолганини эса вақт кўрсатади.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.