Шахром Самиев: "Ўзбекистонни Осиё Кубогини ютишига ишонаман ва уларга мухлислик қиламан"

Бугун U23 Осиё Кубоги чорак финалида Ўзбекистон терма жамоамиз Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади. Саудияликлар гуруҳ босқичида ён қўшнимиз – Тожикистон U23 терма жамоасини 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Ушбу беллашувда “Андижон” клуби легионери Шахром Самиев ҳам саудияликларга қарши учрашувда тўп сурди.

Куни кеча “Андижон” ихтиёрига қайтган ҳужумчи Саудия Арабистонига қарши беллашув олдидан терма жамоамизнинг имкониятини баҳолади.

- Шахром, Тожикистон терма жамоасининг Осиё Кубогидаги иштирокини қандай баҳолайсиз.Жамоага нима етишмади?

- Гуруҳ босқичида кучли терма жамоалар бизга рақиблик қилишди. Шундай бўлса ҳам гуруҳдан чиқишга ҳаракат қилдик, аммо таркибда бундай савияда илк бор ўйнаган футболчиларимизда тажриба етишмаслиги учун ишимиз ўнгидан келмади.

- Сизлар гуруҳ босқичида саудияликларга қарши ўйнадинглар. Ўзбекистон терма жамоамиз бугун мусобақанинг чорак финалида айнан Саудия Арабистонига қарши ўйнайди. Айтинг-чи, терма жамоамиз имкониятини қандай?

- Саудияликларда яхши терма жамоа бор. Айниқса, уларда ҳужум борасида устунлик юқори. Шу боис икки йил олдин улар чемпион бўлишган. Менимча, бугунги учрашувда иккала терма жамоага осон бўлмайди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида юқори савияда ўйнай оладиган ижрочилар талайгина. Бугун айнан Ўзбекистон терма жамоасига мухлислик қиламан. Яна шуни айтмоқчи бўлганим, бўлажак баҳс финалга тенг ва ким ғолиб чиқса, йўлида давом этади.

- Сизнингча, Саудия Арабистонининг кучли ва кучсиз томонлари нимада? Масалан, қайси футболчилари хавфли?

- Барча ўйинчилар - жумладан ҳужумда ва ҳимояланишда кучли. Аниқ исм-шарифларини билмайман-у, аммо улардаги 8- ва 9- ҳамда 23-рақамдагилари анча сифатли ижрочилар эканлиги кўринганди.

- Умуман, терма жамоадан клубга қандай кайфиятда қайтдингиз?

- Кайфият ёмон эмас ва “Насаф”га қарши кечадиган баҳсга астойдил тайёргарлик кўряпмиз. Ўйин куни эса кайфиятимиз янада яхши бўлади.

- Ўзбекистоннинг Осиё Кубогини ютишига ишонасизми? Асосий фаворитлар кимлар?

- Ҳа, ишонаман. Лекин Кубоккача японлар билан австралияликлар асосий фаворитлар бўлишса керак, деб ўйлардим. Аммо энди бу масаладаги фикрим анча ўзгарди. Бу ёғи қандай давом этишини билмайман.

- Шахром, “Андижон” клуби ҳамда Тожикистон терма жамоасининг ўйин услублари ўртасида қандай фарқли жиҳатлари бор?

- Ҳаммаси кўп жиҳатларга ва қайси жамоалигига боғлиқ, бироқ U 23 борасида ҳам қандайдир ўхшаш жиҳатлар йўқ эмас.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!